Бу нима, қалампирли ҳуқнами?

Ҳуқна(клизма) учун мўлжалланган резина ноксимон баллончаларга қалампирнусха нақш солиниб савдога чиқарилгани айрим Фейсбук фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Фейсбук фойдаланувчилари Ўзбекистон дорихоналарида тасвирга олинган фотосуратларни эълон қилганлар.

Унда ҳуқна пуркагичларнинг картон қутисидаги суратда Ўзбек дўппиларидаги қалампирнусха нақш акс этган.

Бироқ ҳуқна пуркагичларни ишлаб чиқараётган Chori Plast ширкати маҳсулотларининг ўзида нақш кўринмайди.

Бу фақат картон қутида акс этган ҳуқна пуркагичда акс этган сурат.

Фейсбук фойдаланувчиси Александр Сучковни миллий ифтихор рамзи ҳисобланган нақшни пуркагичда қўллаганлари ғазаблантирган.

"Бу "поп_этно" арт услубидаги ҳуқнами??? Ватанимиздаги Chori Plast ширкати раҳбарлари ва дизайнери танасининг қайси жойи билан ўйлаганлари менга тушунарсиз... Эҳтимол ҳатто Интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш агентлигидан савдо белгиси рўйхатдан ўтганини тасдиқлайдиган гувоҳномани ҳам қўлга киритгандирлар... Бироқ мен уларнинг мияларига тозалаш ҳуқнасини қилган бўлардим. Дўппи(майка, дўппиболкалар) билан Ўзбекистонни севишга чақириш бошқа, миллий маънавий меросни ҳуқна пуркагичда акс эттириш бошқа. Ранжидим. Бу нарсаларни бош орқали эмас, орқадан киргизмоқчи бўлаяптиларми", деб ёзган Александр Сучков.

Ўзбекистонлик таниқли рассом Вячеслав Охунов, Александр Сучковнинг бу фикрини тўла қўллаб-қувватлайман, дейди.

"Аммо Ўзбекистонимизда миллий нақшларни ишга солиб беъмани ишларни қилиб бошлаганларига анча бўлди. Бу билан ҳақиқий санъат усталари эмас, ўзларини дизайнер деб ҳисоблайдиган санъатдаги ўтгинчилар шуғулланмоқдалар", дейди Вячеслав Охунов.

Унинг фикрича, миллий қадриятларни улуғлаш мақсадида деб қилинаётган ишлар Ўзбекистонда баъзи ҳолларда тескари натижа бермоқда.

Миллий атласдан аёллар ички кийими, кастрюлга ишланган нақшлар ҳам миллийликни тарғиб қилиш дея тақдим қилинаяпти, дейди Вячеслав Охунов.

Дўппилардаги нақшни кимдир қалампир, кимдир эса бодом деб талқин қилади.

Бу рамз дунёнинг кўплаб халқларида, кўплаб мамлакатларида фойдаланиб келинган, энг машҳури "ин" ва "ян", яъни заминдаги мавжудлик интиҳосизлигининг рамзи, дейди Вячеслав Охунов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio