"Гулнора Каримова ҳамон айбсиз деб кўрилмоқда"

"АҚШ телекоммуникация текширувида 1 миллиард доллар музлатилишини истамоқда" деб сарлавҳаланган мақола The Wall Street Journalда чоп этилган.

Мақолада уч телекомммуникация ширкати -Телиасонера, Вимпелком ва МТС пора берганларини текшираётган АҚШ мулозимлари Оврўпо терговчиларидан 1 миллиард долларлик мол-мулкни музлатиб қўйишни сўраганлар.

Мазкур ширкатлар АҚШ молия биржаларида иш юритаётганлари сабаб бу иш Америка адлия тизими салоҳиятига киради.

Би-би-си Ўзбек хизмати мақола муалифларидан Дэвид Готье-Виллар билан боғланиб, Америка томонидан олиб борилаётган жиноий текширувлардаги янги ривожланишлар ҳақида сўради.

Дэвид Готье-Виллар: АҚШ томони ҳамда Оврўпо терговчилари томонидан олиб борилаётган турли текширувлар анчадан бери жамоатчилик эътиборида. Қисқа қилиб айтсак, Швейцария, Швеция ва Голландия прокурорлари АҚШ терговчилари дохил ишонишадики, уч халқаро телеком ширкати, яъни Телиасонера, Вимпелком ва МТС Ўзбекистонда бизнес юритиш учун гўёки пора беришган. Бугун Америка адлия расмийлари даъво қилинган коррупция ишини текшириш бўйича ўз ҳаракатларини жадаллаштирганлари ва мазкур коррупция миқёсини фош қилганларини ошкор қилмоқчи бўлдик. Хусусан, АҚШ Адлия департаменти 1 миллиардга тенг мол-мулкка арест қўйишни кўзламоқда. Булар доирасига Белгия ва Люксембургдаги 300 миллион доллар, Швеция банкларидаги 30 миллион ва Швейцария банкларидаги тахминан 640 миллион долларли маблағлар киради.

Би-би-си: Бироқ АҚШ терговчилари даъво қилинаётган коррупция схемалари текширувида бирор-бир янги даллиларни қўлга киритишга мувафақ бўлганларми?

Дэвид Готье-Виллар: Қўшма Штатлар прокурорлари тергов жараёнида турли банк ҳисобларига йирик миқдорда пуллар қаердан келиб тушганини текширишган ва уларни бевосита Каримова хонимларига боғлашга муваффақ бўлганлар. Шунинг учун улар "агрессив" иш кўришга қарор қилганлар ва Оврўпадаги ҳамкасбларидан тилга олинган мол-мулкни музлатиб қўйишни сўраганлар. Сўралган маблағнинг баъзи қисмлари анчадан бери Оврўпо терговчилари томонидан аниқланиб, ҳаракатланиши тўхтатилганди. Бундан ташқари, мақолада биз шуни тушунтирмоқчи бўлдикки, АҚШ мулозимлари Оврўпа бўйлаб тарқалган бир миллиард долларлик бойлик Гулнора Каримовага тегишли эканлигига ишонч ҳосил қилишган.

Би-би-си: Яъни АҚШ тергов материалларида Гулнора Каримованинг исми аниқ кўрсатилган ёки тилга олинганми?

Дэвид Готье-Виллар: Ҳа, баъзиларда. Чунки маблағ манбаларининг айрим қисмлари тўғридан-тўғри Гулнора Каримованинг номи билан рўйхатга олинмаган. Бироқ, АҚШ терговчилари қонунга биноан лицензия билан рўйхатга олинган ширкатлар ортида айнан Каримова хоним турганига ишонч ҳосил қилишган.

Би-би-си: Бироқ Би-би-си Ўзбек хизмати ҳамиша Гулнора Каримованинг коррупция жанжалларига алоқаси борлиги даъво қилинмоқда деб айтиб келган. Энди бирор нарса ўзгарганми?

Дэвид Готье-Виллар: Бу борада аниқлик киритиш мақсадида биз шуни айтишимиз мумкинки, Гулнора Каримовага нисбатан айбловлар на Америка, на Оврўпо терговчилари томонидан қўйилган. У бугунги кунда айбсиз деб кўрилмоқда.

Би-би-си: Бироқ, АҚШ терговчилари мазкур уч ширкатларнинг вакилларига нисбатан айблов билан чиқишганми?

Дэвид Готье-Виллар: Йўқ, бирор-бир расмий шахсга айблов қўйилмаган. Биз Америка прокурорлари тергов жараёнида қандай ҳаракатларга қўл уришларини билмаймиз. Бироқ бизга маълум бўлишича, жорий текширувларда тилга олинган ва Ўзбекистонда жазога тортилган ягона шахс - бу Гулнора Каримованинг бизнес шерикларидан бири Гаянэ Авакян бўлади.

Би-би-си: Американинг сўнгги ҳаракатлари Гулнора Каримовага тегишли деб ишонилаётган бизнес-империя шу пайтгача айтиб келинганидан ҳам каттароқ, яъни, уч-тўрт мамлакат билан чегараланмай, Ирландия, Белгия ва Люксембургача тарқалганлигини англатадими?

Дэвид Готье-Виллар: Худди шундай. Бунинг сабаби – АҚШ терговчилари пора берган деб ишонилган телекоммуникация ширкатлари изига тушишга мувафақ бўлганлар. Натижада, маблағларнинг йирик қисми 2004-2011 йилларда бошида Швейцария банкларига тушиб, кейинчалик бошқа мамлакатлардаги турли фондларнинг ҳисобларига сармояланган. Пул ўтказмалари тармоғини текширган америкалик терговчилар уларнинг айрим қисмларини Ирландия, Белгия ва Люксембургда топишга мувафақ бўлганлар. 2012 йили Швейцария расмийлари текширув бошлаганларида, Женевадаги Ломбард Одиер банкидаги ҳисобда тахминан 600 миллион долларни топишган. Бу пуллар музлатилиб, ҳеч ким бу пулларни бошқа ҳисобларга кўчира олгани йўқ.

Би-би-си: Мазкур ширкатлар, ё-да Гулнора Каримованинг бу айбловларга нисбатан муносабатини билишга уринганмисиз?

Дэвид Готье-Виллар: Гулнора Каримованинг Швейцариядаги ҳимоячиси Grégoire Mangeatнинг айтишича, у мижози билан алоқада бўлмаган ва унинг бир неча Ўзбек расмийларига ёзган хатлари жавобсиз қолган. Бизнинг Ўзбекистон Бош прокурори идораси ҳамда президент девонига жўнатган электрон мактубларимиз ҳам жавобсиз қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ