"Давлат сири"ни фош қилгани учун ишдан ҳайдашмоқчи

Ўзбек расмийлари рўйхатдан ўтказмаган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси хабар қилишича, тиббиёт ходимларидан пахта йиғим-терими учун пул йиғилаётганидан шикоят қилган ҳамширага босимлар бошланган.

Алянс ахборотига кўра, Тошкент шаҳридаги Олмазор туманидаги поликлиникада ҳамшира бўли ишлайдиган Саодат Содиқова уч ойдан буён маошидан 30000 сўм("Қора бозор"даги шу кеча-кундуздаги олди-сотди баҳоси бўйича 6,5 АҚШ доллари, Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича 11 АҚШ доллари)дан ушлаб қолинмоқда.

Бу "амалиёт" Олмазор туманидаги барча тиббиёт муассасаларида йўлга қўйилган: ҳамширалардан ҳар ойлик маошидан 30000 сўм, врачлардан эса 60000 сўмдан ушлаб қолишга қарор қилинган.

Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига зид ушбу амаллар устидан шикоят қилиб Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси прокуратурага мурожаат қилган.

Бироқ, алянс хабарига кўра, Олмазор соғликни сақлаш бўлими фаолиятини прокуратура текшируви ўрнига Саодат Содиқовага нисбатан таазйиқлар бошланган.

Ҳамшира Саодат Содиқовани бир неча марта савол-сўроққа чақиришган.

Зуғумли савол-сўроқ пайти нега пахта йиғим-терими кампанияси учун пул йиғилиши ҳақидаги "давлат сири"ни фош қилгани ҳақида сўрашган.

Тиббиёт ходимлари маошидан пул йиғиш ҳар йили бўлиб туришини таъкидлаган ҳолда қандай қилиб Саодат Содиқованинг турмуш ўртоғи Абдураззоқ Содиқов бу ҳақда билиб қолгани ҳақида сўрашган.

Саодат Содиқовага ишдан ҳайдаш билан пўписа қилганлар.

13 август куни Саодат Содиқова аттестацияга чақирилган.

Аттестация натижаси уч кундан кейин чиқиши хабар қилинган.

Инсон ҳуқуқлари алянсига кўра, агар Саодат Содиқова аттестациядан ўтолмаса, у ишидан ажралиш билан рўпара келади.

Алянсга кўра, бундан кейин ҳам тиббиёт ходимларининг пахта эксплуатациясини давом эттиришни хоҳлаётган поликлиника маъмурияти шу йўл билан Саодат Содиқовани ишдан ҳайдаб ундан "қутулишга қарор қилган".

Ўзбекистон ҳукуматини халқаро ташкилотлар мажбурий меҳнатдан воз кечишга чақириб келмоқда.

Узоқ йиллар ўзи болаларни мажбурий меҳнатга жалб этаётганини тан олмай келган ҳукумат халқаро ташкилотларнинг Ўзбек пахтасидан воз кечиш кампаниялари остида Халқаро Меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликка кўнди.

"Оқ олтин"дан келган ҳақиқий олтин кимнинг чўнтагига тушади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ғўза ўтоғига мажбур қилинган давлат идоралари ходимлари

Бироқ сўнгги йилларда катталарни мажбуран далага олиб чиқиш миқёси кенгайиб бормоқда.

Пахта йиғим-теримига кўп сондаги ҳашарчиларни жалб қилиш талаби давлат идораларидаги амалдорлар ўртасидаги порахўрлик авж олишига сабаб бўлган.

Бугунги кунга келиб пахта Ўзбекистон халқи учун "оқ олтин" бўлмай қолди.

Фермерлар ва бошқа давлат идора-ташкилотларининг ходимларини мажбуран далага олиб чиқиш ҳисобига териб олинадиган пахта хомашёси пахта тозалаш заводларида йиғилади.

Пахта тозалаш заводлари "Ўзпахтасаноатсотиш" уюшмаси таркибида ва бир неча йил олдин ҳатто бу уюшманинг энг юқори лавозимини эгаллаб ўтирган раҳбар ҳам чигити тозаланган пахта қаерга кетишини билмаслигини айтган.

Арзон ишчи кучи эвазига етиштирилган пахта хомашёсидан тушадиган даромад ҳар йили 1 миллиард доллар атрофидаги маблағни ташкил этади.

Пахта савдоси билан боғлиқ олди-бердиларни қайси ширкатлар амалга оширади, тушган маблағлар қандай тақсимланади, бу маълумотлар ҳам сир сақланади.

Катта минбарлардан "пахтанинг 50 фоизини, 70 фоизини ўзимизда ишлаб чиқарамиз", деб қилинган баёнотлар қуруқ гаплигича қолиб кетаверади.

Айрим таҳлилчилар фикрича, оддий ўзбекистонликларни фабрикаларда иш билан таъминлайдиган қайта ишлашдан кўра, хомашёни хорижга сотиш пахта олди-сотдисига аралашган элитадаги гуруҳга кўпроқ фойда келтиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ