"Эркин бозор билан давлат ўртасида чегара ўрнатишга қийналаётган Ўзбекистон"

Ўзбекистон ҳеч қачон ўта йирик, глобал иқтисодга эга бўлмайди, лекин муваффақиятли иқтисод қандай бўлиши кераклиги борасидаги ўй-мулоҳазаларга туртки берадиган давлат, деб ёзади Британияда чоп этиладиган The Telegraph рўзномасидаги мақоласида Рожер Бутл.

Мен йилига бир маротаба қизиқарли ерда дам олишни одат қилганман.

1984 йили Хитойга сафар қилиб, Telegraphда чоп этилган мақоламда Пекиннинг асосий рамзи "карам ва велосипедлар" эканлиги ҳақида ёзгандим. Ўзбекистондан қайтган вақтим эса хотирамда михланган асосий рамзлар "қовун ва эшаклар" эди. Албатта эшаклар пойтахт Тошкентнинг ялтироқ кўринишининг нақ акси, лекин мамлакатнинг қолган қисми ҳануз қолоқ. Расмий рақамларга кўра, мамлакат иқтисоди жадал ўсмоқда. Лекин жаҳондаги мамлакатлар жон бошига Ялпи Ички Маҳсулоти кўрсаткичлари рўйхатида Ўзбекистон 127- ўринда, шундоққина Ҳиндистондан кейин ва Британия иқтисодининг еттидан бир қисмига тенг.

Албатта, Ўзбекистон ҳеч қачон ўта йирик, глобал иқтисодга эга бўлмайди, масалан Хитой бўлиши мумкин ва бўлади ҳам. Лекин муваффақиятли иқтисод қандай бўлиши кераклиги борасидаги қарашларга асос бўлиши мумкин.

Масалан, ўша қовунларни олинг. Қайси йўлдан юрманг, албатта, йўл ёқасида қўлбола қовун савдо нуқтасини кўрасиз. Уларда албатта бир неча темир каравот бўлади. Пишиқчилик даврида қовун савдогари шу ерда ётиб, шу ерда ишлайди. Кунига неча соат ишлашига чегара йўқ.

Албатта, бутун иқтисодда бундай эмас. Ўзбекистон иқтисодини қизиқарли қилувчи омиллардан бири Шўролар Иттифоқи қулашини бошидан кечирганлигидир. Ҳар ерда фаолиятдан тўхтаган заводлар, Британияда Тэтчер давридан кейинги Йоркшир минтақасини эслатади. Бир ерда советлар давридан қолган кўприк виқор билан турибди, лекин унга олиб борувчи йўлнинг ўзи йўқ....Чингизхоннинг вайронагарчилигидан омон қолган объектга ўхшайди.

Тэтчер даврида ишсизларни "велосипедларда юринг" деб ундашганди. Тахминим шуки, Ўзбекистоннинг қишлоқ ерларида одамлар "эшакларда юришлари" керак. Лекин маълумотли кўплаб ўзбеклар кўпда учоққа ўтириб янги ҳаёт излаб бошқа ўлкаларга кетмоқдалар. Собиқ Иттифоқ давлатларининг аксарида бўлганидек Ўзбекистонда ҳам эркин бозор билан давлат ўртасидаги чегарани ўрнатишни мушкул топмоқдалар. Қовунфурушлар мисолида кўриш мумкинки халқда ишбилармонлик ва меҳнатсеварлик фазилатлари зиёда. Лекин иқтисодда давлат ҳануз асосий ролни ўйнайди ва кўпда шахсий бизнесга аралашади. Оқибат эса кўпда салбий. Миллий валюта нотўғри бошқарувнинг яққол мисоли. Инфляция даражаси улкан. Одамлар ғиштга ўхшаб тахланган пул тўла халталарни кўтариб юришга мажбурлар.

Инфраструктура абгор, йўллар хароб. Коррупция урчиган. Айни вақтда давлат секторига ҳаддан ташқари кўп ишчи ёллаш ва қаллобликлар юз беради. Ривожланган мамлакатга саёҳат қилган ҳар бир киши умумиятларни кўра олади: формадаги одамларнинг сон-саноғи йўқ, улар йўловчиларни тўхтатади, текширади, ҳар хил ҳисобсиз қоғозларни тўлдиради. Буларнинг ҳаммасига ҳақ тўлаш оддий фуқаро, солиқ тўловчи гарданида.

Менинг ўқувчиларим Сингапур мисолини келтираверганимдан чарчагандирлар. Лекин яна бир бор айтаман....Сингапур ҳам бошида ҳеч қандай имтиёзларга эга эмасди. Уни ҳозирги даражага кўтарган нарса оқил бошқарув эди. Қонун устуворлиги, минимал коррупция ва ҳукумат назоратининг фақатгина керакли ва лозим ерга йўналтирилгани. Иқтисодий муваффақиятнинг сири мана шунда.

Бунинг акси қандай оқибатга олиб келиши эса маълум. Бу ерда фақатгина Ўзбекистон ҳақида сўз юритаётганим йўқ. Меҳнаткаш қовунфуруш билан абгор инфраструктура ва давлат секторида ишловчи кўплаб ходимлар ҳақида гапирганимда Британия ҳам кўз ўнгимга келади. Айниқса жорий вазият назарда тутилса.

Мен кўпинча йўл ҳаракати алоҳида шахснинг қобилияти ва давлат ролини тасвирлаш учун жуда яхши истиора деб ўйлардим. Менинг Ўзбекистонга қисқа сафарим буни яна бир бор тасдиқлади. Ўзбекча йўл тиқилинчига ҳам юз тутдим... Йўлнинг бир қисми таъмир учун ёпилганди. Йўлнинг бошқа қисми иккала томонга йўлланган машиналар ўтишга мажбур эди... Бунинг ҳаммаси одатий кўриниш. Бир оздан сўнг машиналар тақа-тақ тўхташга мажбур бўлдилар. Шундоққина ёнимизда эса таъмир тугаган, фойдаланишга тайёр, лекин ҳануз тўсилган йўл қисми...Тез орада тиқилиб қолган машиналар тўсиқни босиб ўтиб, оқ қизил арқоннинг тагидан янги солинган асфалтда изларни қолдириб, иккала йўналишда визиллаб юра бошладилар...

Бизнинг тарафда эса йиғилиб қолган машиналардаги одамлар чиқиб, бир-бирлари билан гаплашиб, овқат, сув қидира бошлашди. Баъзилар эса йўлдан чиқиб, шағал босиб, яна бошқалари эса ҳатто саёз дарёдан кечиб очиққа йўл қидира бошладилар. Тез орада у ерда ҳам кимўзар бошланди. Шу орада қизил тўқмоқ кўтарган йўл ҳаркати хавфсизлиги ходимлари пайдо бўлиб, йўл кўрсата бошладилар...

Менинг фикримча, йўл ҳаракати ва иқтисод бундай бошқарилиши керакмасдек...

Таҳририятдан: Рожер Бутл Capital Economics макроиқтисодлар мустақил таҳлилий маркази раҳбари.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio