Пахта йиғим-теримига сафарбарлик бошланди

Интернет ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон фуқаросининг ўз ихтиёрига зид равишда пахта йиғим-теримига олиб чиқилиши Ўзбекистон конституцияси ва қонунларини бузиш экани ҳақидаги огоҳлантириш пайдо бўлаётган бир пайтда Сирдарё вилоятида пахта йиғим-теримида қатнашишдек "савобли ишдан четда турмаслик" даъвати битилган варақалар тарқатилмоқда.

Шунингдек, сирдарёлик фаолларнинг хабар қилишича, оддий одамлардан пахта теришга ўз ихтиёри билан чиқажаги ҳақидаги қоғозга имзо қўйиш талаб қилинаяпти.

"Азиз сирдарёликлар!" деб сарлавҳа қўйилган мурожаат вилоятдаги "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари ва "Камолот" ҳаракати номидан эълон қилинган.

Ватанпарварлик руҳида ёзилган чақириқда "халқимизда меҳнат қилган элда азиз саналади" деб ёзилган.

"Шу бойис(матн имлоси ўзгартиришсиз қолдирилди - Би-би-си) қўлидан иш келган, ўзини шу юртнинг фарзанди деб билган ҳар бир сирдарёлик бу савобли ишдан четда турмаслигига, фермерларимизга камарбаста бўлиб теримнинг дастлабки кунидан бошлаб далага отланишга, пахта терими мавсумида ўзини пахтакор деб ҳисоблашига ишонамиз. Ва яна шунга аминмизки, сиз теримда пешқадамлар сафида бўласиз", дейилади мурожаатда.

Бу мурожаатда пахта Сирдарё вилояти иқтисодига қанча фойда келтириши, сирдарёликларнинг ҳаёти фаровонлашишига нақадар улуш қўшиши ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Айни пайтда Интернет ижтимоий тармоқларида "Сизни пахта теримига мажбурлашса, нима қилиш керак?" деб сарлавҳа қўйилган ҳуқуқий-маърифий йўриқнома тарқатилмоқда.

Унда пахта йиғим-терими ёки чопиққа мажбуран чиқиш талаб қилинган пайтда мамлакат қонунларига таянган ҳолда қандай йўл тутиш борасида маслаҳатлар берилган.

"Агар бошлиғингиз сизга чопиқ ёки пахта теримига чиқиш талаби билан таҳдид қилса, уни бу ҳаракатлари қонунга зид экани ва бу ҳолатда юқори турувчи органга ёки прокуртурага шикоят қилишга мажбур бўлишингиз тўғрисида огоҳлантиринг", дейилади бу мурожаатда.

"Пахта ишларига жалб қилиниш “қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатларда” деб талқин қилиниши мумкин эмас. Чунки Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида меҳнатга мажбурлаш мумкин бўлган ҳолатларни тушунтириб берадиган бирорта қонун йўқ", дейилади унда.

"Агар сизга пахта ишларига жалб этиш тўғрисида ҳокимнинг, коллеж/мактаб директорининг расмий қарори ёки буйруғи борлигини айтишса, нима қилиш керак? - Ўша ҳужжатни кўрсатишни сўранг! Бундай ҳужжат йўқлиги ҳақиқатга яқинроқ. - Агар уни сизга кўрсатишса, албатта, бундай ҳужжатдан нусха олинг. У Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига зиддир, демак унга риоя қилиш шарт эмас", дейилади Интернет ижтимоий тармоқларида тарқатилаётган маслаҳатномада.

Ўзбекистонда бир йилда етиштирилган пахта хомашёсидан 1 миллиард доллар атрофида даромад кўрилади.

Лекин Ўзбек пахтасини четга сотиш билан шуғулланадиган ширкатлар қайсилар, улар бу даромадни қандай тақсимлайдилар - бу ва пахта билан боғлиқ бошқа саволлар "давлат сири" деб кўрилади.

Халқаро миқёсдаги бойкот чақириқлари Ўзбек амалдорларини болалар меҳнатидан воз кечишга мажбур қилди, лекин охирги йилларда шифокорлар, ўқитувчилар ва бошқа давлат идоралари ходимларига босимлар кучайгани кузатилди.

Пойтахт Тошкентда ҳам ҳар бир бир маҳалладан камида беш кишини пахта даласига олиб чиқиш ёки 400000 сўм пул топиб келиш талаб қилинмоқда.

Бу ҳам порахўрликнинг янги усулларига йўл очган.

Халқаро ташкилотлар пахта Ўзбек халқининг эмас, бир ҳовуч амалдорининг бойлик манбаига айланганини айтиб келади.

Cotton campaigne ташкилоти аниқлаган ҳолатларга кўра, 2014 йили пахта терими пайти 17 инсон бевақт ҳаётдан кўз юмган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ