Тест натижалари ёхуд ярани яшириш ярамайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Порахўрлик, таъмагирлик, ҳамма замонларда бўлган. Фақат, авваллари бу хунук сўз онда-сонда эшитилган бўлса, эндиликда ҳар қадамда қулоғимизга тарсакидай урилаётир... Айниқса, таълим тизимининг бу ўпқон чангалига тушиб қолиши миллатнинг, мамлакатнинг чинакам инқирозига далолатдир. Юрт келажаги - ёшлар қўлида. Шундай экан, олий ўқув юртларига муносиб билимли, иқтидорли ёшлар бир четда қолиб, савияси, билими саёзроқ, ҳатто ҳамин қадар бўлса-да, пора берганларнинг талабаликка қабул қилинаётганлигини қандай баҳолаш мумкин?

Талабаликка танланган ёшлар орасида чиндан ҳам юксак даражада билим олиб, етук мутахассис бўлиб етишиш, юрт равнақига ҳисса қўшишдек эзгу мақсадли, юксак савиялилари ҳам йўқ эмас. Лекин, афсуски, мустақил ҳаётининг илк қадамидаёқ ҳеч виждони қийналмасдан ўзидан анча билимли, савияли бўлган, керак бўлса юртга тиргак бўла оладиган салоҳиятга эга бир тенгдошининг ўрнига пора эвазига "Диплом" олишни режалаётганлар ҳам борки, улардан келажакда нимани кутиш мумкин? Бугун баъзи идораларни "гуллатиб", "йўлига ғов бўлмаслиги учун" ўзидан кучли бўлган ҳар қандай мутахассиснинг шўрига шўрва қайнатаётган, тараққиётнинг томирига болта ураётганлар ўз даврида ғирром йўллар билан олий ўқув даргоҳларини "забт этган" кадрлар эмасмикин?...

Коррупцион занжирлар тобора томир отиб, мустаҳкамланиб, билимли ёшларнинг (агар пули бўлмаса) ўқишга кириши тобора қийинлашиб бораётганлиги яққол кўзга ташланмоқда. Бу ҳол ҳатто ҳали мактаб партасида ўтирган ўсмирнинг-да келажакка бўлган ишончи, билим олишга бўлган рағбати, ташналигини сусайтираётир. Акаси ё опасининг мактабда "аъло" баҳоларга ўқиса-да, пухта тайёрланиб ҳам йиллаб талабалик бахтига эришолмаганини, аксинча, ҳеч бир тайёргарликсиз, ҳатто билими ўта саёз абитуриентларнинг ҳам "омади келиб", ўқишга кираётганлигини кўрган ўсмир реал воқеликни тез таҳлил қилади ва ҳафсаласизликка берилади. Энди бу ҳафсаласиз ўсмир ижод, илму-фан уфқларини забт этиш шавқи, иштиёқи билан ёна олади деб ўйлайсизми? Аксинча, кўз олдидаги реал ҳаёт шуурига зарблаб қўйган МОДДИЯТ билан ҳисоблашади: ота-онасининг чўнтагига қарайди, шу чўнтакнинг "чўғи"га қараб, ўз келажаги, орзу-умидларининг мезонини белгилайди. Ҳаёт тажрибасига эга бўлган ота-она ҳам изтиробларини ичига ютиб дейди: "Кўрпангга қараб оёқ узат..."

Инсон орзуси билан тирик, мукаррам, юксак ва озоддир. Бироқ, бугун жамиятда чуқур илдиз отган коррупция, порахўрлик, таниш-билишчилик, ўз шахсий манфаатини миллат, мамлакат манфаатидан устун қўйиш, бир сўз билан айтганда, баъзи амалдорларнинг ВИЖДОНСИЗлиги ўсиб келаётган ёш авлоднинг орзуларини ҳам бўғовлаб, келажакка бўлган ишончини йўқотмаяптими? Эзгу мақсад билан улғаяётган ниҳолларнинг илдизини қирқмаяптими? Ўсиб келаётган ёш авлоднинг юрт келажагига бўлган ишончи, орзусини бўғовлаш, ўлдириш, инсонни маънан ва руҳан ўлдириш, энг камида бир умрга майиб қилиш дегани эмасми?...

Ёйинланган хабарларга кўра, Ўзбекистонда бу йил олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширган ёшлар сони рекорд даражани ташкил этган - 600 минг нафардан ортиқ! Аммо... уларнинг 57,8 минг нафари талабаликка қабул қилинади. Қолганлари-чи? Унда бу "рекорд даража"ни хурсандчилик билан қабул қилиш керакми ё?... Олийгоҳларнинг остонасига оқ қанотли, учқур орзуларини "кўмиб", армонлари кўксини ёқиб, уйига қайтиб кетишга маҳкум этиладиган 540 минг нафардан ортиқ навқирон йигит-қизларнинг аҳволи-руҳиясини кўз олдингизга келтира оласизми? Улар орасида ўз билимига ишониб, ҳужжат топширган укаларимизу сингилларимиз ҳам бор?! Уларнинг қай бирларидир умид билан қайта-қайта олийгоҳга ҳужжат топшириб, порахўрлик, адолатсизликнинг қурбони бўлиб юргандир, балким?

Дурустгина қалам тебратадиган бир ёш ижодкорнинг гапи ҳеч хаёлимдан кетмайди:

- "Баланд дорга осилгандан кўра, ҳарна ўқишга кириш баллари пастроқдир, омадим келиб, зора талабалик бахтига эришиб қолсам..." деган умидда вилоятдаги университетга ҳужжат топширдим. Лекин минг афсуски, мутлақо кутилмаган натижа рўй берди. ЎзМУда камида 160-170 бал тўплаб, "йиқилганлар"нинг энг олдинги сафларидан "ўрин олган" бўлсам, ТерДуда атиги 60 бал тўплаб, "омадсиз"ларнинг энг охирги ўнлигига "илиниб" турардим... Бу бедодликни ҳазм қила олмадим. Қабул комиссиясига бордим. Шунда кекса бир ўқитувчи маслаҳат берди: "Ҳақиқатнинг тагига етаман деб, ёш умрингни хазон қилма. Чунки, бу "занжир"ни узмоқчи бўлган катта-катта одамларнинг ҳам "тиши синиб" кетди. Сочим шу даргоҳда оқарди, лекин уч йилдан буён ўз қизимни ўқишга кирита олмаяпман. Фақат, ректорнинг "рўйхатидагилар" ўқишга киради... Мен додимни кимга айтай?..."

Дастлабки йилларда ўқишдан "йиқилишим"ни тасодифий англашилмовчиликка йўйдим. Негаки, мактабда қунт билан фақат аъло баҳоларга ўқидим. Фан олимпиадалари, турли кўрик-танловларда ҳатто республика миқёсида муваффақиятли иштирок этдим. Ўз билимимга қаттиқ ишонардим. Афсуски, бу "англашилмовчилик" бир эмас, икки эмас, нақ беш йил такрорланди. Ҳатто бир гал адолат истаб республика тест марказигача бордим. Истасангизлар, барча вариантларни менга бериб, қайтадан имтиҳон олинглар", дедим. "Бунинг сира-сира имкони йўқ" дейишди. Агар мен ҳам пора берганимда эди, кўз нуримни тўкиб ўқимасам ҳам, ҳамма нарсанинг имкони топилар, ишларим силлиққина битарди. Эсиз... Ҳаммасидан ҳафсалам пир бўлди... Энди эса ижодий имтиҳонда мароқ билан ёзганим: "Мустақиллик - менинг тақдиримда" мавзуидаги иншоимни томорқамдаги кесакларга сассиз ўқиб бераяпман. Ҳатто дафтарларни ҳошиялаб ёзган, баъзи танловларда мақталган шеърларимни ҳам...

Ҳар йили тест синовларида фавқулодда хавфсизлик чоралари кўрилади: кўп сонли милиция ходимлари, махсус хизмат вакиллари жалб этилади. Абитуриентлардан "шпаркалка"-ю телефонлар олиб қўйилади. Ҳар йили бир неча нафар абитуриентлар-у, ўқитувчилар "қоидага риоя қилмаганлиги учун" "қўлга тушади". Аммо, барибир, порахўрлик "ўлмайди". Ҳар йили "порахўрликка чек қўйиш" мақсадида турфа тадбирлар ўйлаб топилади. Лекин порахўрликнинг илдизи қайсидир бақувват кафтларнинг остида жон сақлаб тураверади-да, яна "лип" этиб "ўсиб" чиқаверади. Хўш, бу кўзбўямачиликдан ким нимани ютади? Жамиятнинг оғриқли яраларини беркитишни энг муҳим амалиёт деб ҳисоблаётганлар аслида миллат, мамлакат тараққиёти учун энг муҳим бўлган нарсаларни бой бераётганликларини англаб етмаяптилар? Зеро, ярани яшириш ярамайди, аксинча, уни даволаш, жамиятни сўзда эмас, амалда том маънода соғломлаштириш керак!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio