Ислом Каримов 2020 йилдаги сайловга ҳам номзодини илгари суриш ниятида…ми?

Image caption Ислом Каримовнинг "президентча" рақси давом этадими?

Ўзбекистонни 1989 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Ислом Каримов бундан кейин ҳам номзодини президентликка қўйишни мақсад қилган кўринади.

Ислом Каримов Тошкентда янги қурилган турар-жой биноларини бориб кўрган пайти ўз сўзларида, кузатувчиларга кўра, ана шундай нияти борлигига ишора қилган.

"Насиб этса, мана шу 6, 5 йилда мана шу ерда учрашайлик", деб айтган Президент Ислом Каримов пойтахтнинг Эски шаҳар қисмида президент билан мулоқот қилишларига рухсат берилган уч-тўрт нафар оқсоқол билан учрашуви пайтида.

Ўзбекистон Конституциясининг 90 моддаси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланишини қатъиян таъқиқлайди.

Президент Каримов яна бир бор ғалаба қозонгани эълон этилган сайлов шу йилнинг 29 март куни бўлиб ўтди.

Бу сайлов арафасида ОХҲТнинг чекланган миссияси жаноб Каримовнинг номзоди қайси қонунчиликка биноан яна бир марта илгари сурилгани борасида изоҳ талаб қилди.

Ўзбек расмийларининг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти миссиясига берган тушунтириши мантиғига кўра,"Конституция бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланишини чеклаган бўлса-да, жорий президент Конституция амал қилаётган даврдан бери учинчи муддатга сайланмоқда".

Расмийларнинг кузатувчилар гуруҳига аниқлик киритишларича, "муддат" аниқ йилларни назарда тутади ва олдинги президентлик муддати етти йилни ташкил қилган, ҳозиргиси эса ундан фарқ қилиб беш йилдир. Шу боисдан келтирилган муддатлар икки кетма-кетликни англатмайди.

Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси 1992 йилда қабул қилинган. Ислом Каримов 1989 йилдан ҳокимият тепасида ўтирибди. 2002 йилда ўтказилган референдумда Каримовнинг президентлик муддати беш йилдан етти йилга узайтирилган. Бироқ 2011 йилда Ислом Каримов ташаббуси билан президентлик муддати беш йил деб қисқартиришга келишилган. Шу тариқа Ислом Каримовнинг ҳокимиятда яна қолишини изоҳлаш учун сабаб топилган.

Айни пайтда Оврўпода Хавсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти кузатувчилар гуруҳи президентлик муддатини етти йилдан беш йилга ўзгартирилишини ноқонуний эканини таъкидлаган. "Референдум ҳақида" қонуннинг 1- моддасига биноан, "референдум орқали қабул қилинган қарор" олий юридик кучга эга бўлиб, уни фақат референдум орқали бекор қилиш керак бўлади.

Йил бошида бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар Конституцион маҳкама, Бош Прокуратура, Сенат ва Марказий Сайлов қўмитасига мурожаат қилиб, Ислом Каримов номзодини рўйхатга олиш қонунга зидлигини айтишган.

Бироқ фаолларнинг аризаларига Ўзбекистоннинг бирор расмий идораси изоҳ беролмаган.

29 март куни сайловда ғалаба қозонгани эълон қилинган жаноб Каримовнинг беш йиллик президентлик ваколати 2020 йил 29 мартида тугайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ