Ўзбекистонлик талаба мактуби:"Бу ерда менга инсондай муносабат қилишди..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Лондон манзаралари

Қадрли дўстим, бу мактуб баҳонасида ўзимнинг Ғарбдаги илк таасуротларимни баҳам кўрмоқчиман.

Аввалги мактубим эълон қилинганидан кейин ўқувчилардан бири “ҳозир мактуб ёзишмайди” қабилида луқма ташлабди, рост, ҳозир таъбир жоиз бўлса, мактуб усули эскирди.

Ҳозир ҳеч ким қўлига қоғозу қалам олиб, дардини дастурхон қилмайди, телефонда гаплашади, бўлмаса нафақат жумлаларни, балки сўзларни ҳам қисқартириб SMS ёки ижтимоий тармоқларда алоқа қилади.

Менинг мақсадим, деярли бутун мамлакатни қарийб жунбушга келтирадиган ғийбатомуз ҳолатлар ҳақида “фикрлашиш” эмас.

Очиғи, ижтимоий тармоқларга ишонсак, бутун бир мамлакатда ёшроқ авлоднинг асосий фикри-хаёли қанақадир қўшиқчининг бемаъни қилиғи, ярим яланғоч кийиниши бўлиб қолгандай...

Биздан каттароқ авлодни эса гапирмай қўя қолай... Зўрман деганлари бири бири билан шеър бўлашиб ўтиради.

“Улуғ шоир”ининг янги шеърларини ё кўкларга кўтариб мақтайди ва ё ерёстиқ қилиб тепади.

Мен эса...нималардир ўзгаришини ҳоҳлайман, ана шу ўзгаришларни шу мактублар билан “қидириб” кўраман.

Хуллас, Ғарб...

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption "Британияга марҳамат, жаноб!"

Ғарбнинг энг илғор давлатларидан бирининг пойтахтига учоғимиз қўнди.

Бу давлатнинг чегарасидаги текширувчи ходимларнинг бирортаси мени танимас эди.

Қариндошим, дўстим, маҳалладошим ва ҳатто миллатдошиму диндошим эмас эди!

Ўзбекистондаги мулозимлар билан муносабатларга таққосан айтайми, дўстим?

Бу ғирт бегона мени ОДАМ ўрнида кўришарди!

Сен билан мактабда ўқиб юрганимиз - Шекспир юртидаги илк ҳаёжоним шундан бошланди.

Аввалига, меҳмонларни шунақа кутиб олишар деб ўйладим, аммо кўча-куйда, ишда ва ўқишда инсоний муомала маданияти худди... “Ўтган кунлар”даги каби!

Шаҳар эса ростакамига гўзал эди.

Биноларидан кўз қамашади, зотан, ҳеч қаерда бирорта ҳам шиор йўқ эди, на мамлакат ўтмиши билан оғиз кўпиртириб керилиш ва на келажакка доир турфа ваъдалару башоратлар!

Янги уй, Хоразмий,Ибн Сино ва ...кореялик дўстлар

Image caption Ғарбликлар одатда Самарқанду Бухорони танишади...

“Янги уйим”да мени илиқ қаршилашди.

Бу уйда мен билан турадиганлар кореяликлар экан.

Шарқдан яна шарққа келиб қолдим десам ҳам бўлаверади, дўстим.

Барчалари кўнгли очиқ инсонлар экан. Энг ҳайратда қолдиргани эса...янги дўстларимнинг аксарияти Ўзбекистон ҳақида эшитишган, Ибн Сино, Хоразмий, Улуғбек ва Ал-Фарғонийлар ҳақида тасаввурга эга эдилар!

Одатда ғарбликлар орасида Самарқанду Бухорони биладигани чиқиб қолса, салкам “отамлаб” қоламиз, бу дўстларим эса...

Аммо бир хурсанд бўлсам, бир ҳафсалам пир бўларди, охирги асрларда кўкрак кериб мақтанишга арзийдиган бирор олим туғилдими Ватанда?

Ҳозирда Ўзбекистонда илм олиш ва ё илм билан шуғулланишда на шон, на шараф, на имкон ва на манфаат бор!

Хонадошларимдан бири тез орада иш ҳам топиб берди.

Қизиғи, ҳар гал Ўзбекистон тарихи ҳақида сўзлар эканман, у менинг ҳикояларимни қўлида дафтар билан тинглар, қизиқроқ туюлган ҳамма нарсани ёзиб оларди.

Ватанни соғиниб сал кайфият тушса, улар, “хафа бўлма, тез кунда бу муҳожирот йиллари тугайди, уйга кетамиз, чет элда ўқиб орттирган билимларимиз билан ватанни гуллатамиз”, дейишарди.

Мен эса Туркия, Британия, Франсада ўқиб қайтган тенгдошларим, мендан каттароқ ёшларни биламан, уларнинг бирор нафарига ҳам Ўзбекистонда “мана, мана бу фалончи деҳқоннинг ўғли, ўз кучи билан Лондонда ўқиб келди, буни ишга оламиз”, деб айтишгани йўқ.

Уч дўстимиз бутунлай мамлакатни тарк этиш ҳаракатида, вақтинчалик инглизчадан репититорлик қилишмоқда, буни айтмасам ҳам биласан!

Маҳалламиздаги Отабек аканинг қийналганлари ёдингдами?

Америкада ўз соҳаси бўйича ўқиб келганди!

Энг яхши университет дипломи бор эди, бунақа ақлли ва зукко одамни амаким айтмиш “ ҳозир курсисини орқасига елимлаб олган минглаб текинтомоқлар”орасидан тополмайсан...

Ҳар гал унга бир хил жавоб беришарди! Дипломни “нотификация” қилиш керак!

Мантиқ борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz
Image caption "Ватанимга керак бўламанми?"

Американинг университети билан Ўзбекистонни солиштириш мумкинми?

Нима учун бу мамлакат илғор Ўзбекистондан?

Нима учун Ўзбекистондаги бирор университетнинг филиалини Лондонда ёки Ню Йоркда очишмайди?!

Британиянинг мундайроқдан ҳам нарироқ университетини эса Тошкентда очамиз?

Қани мантиқ, дўстим?!

Аслида эса...бутун бир тузумнинг қаллоблик, порахўрлик ва айрим пайт зўравонликка қурилган асосларини бузиш эҳтимоли бўлган Отабеклар кимга керак?

“Курсига кети елимланган” миллионлаб одам нима қилади?

Қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик ва миллатчилик авж олиб турган бу паллада ким ватан ҳақида қайғуради?

Лондондаги университетда ўқиб, ҳали дунёни ўзгартирса бўлади деб ўйлайдиган мен каби уч-тўртта, йигирмани энди ҳатлаган “хом”ларми?!

Ўзбекистонда фидойи инсонлар йўқ эмас, албатта бор, ўқитувчимиз Дилноза опани эслайсанми?

У ишдан ташқари яна ҳам билимларини бўлашиш ниятида нодавлат ташкилот очмоқчи бўлганди.

Югур-югур ва минг машаққат билан банкдан кредит олди.

Мутлақо кераксиз қоғозу ҳужжатларни тўплади.

Олган кредитининг қайсидир қисмини пора сифатида беришга мажбур бўлди.

Бечоранинг қаршисида енгиб ўтиб бўлмайдиган тўсиқлар пайдо бўлди...

Яна нималарни айтай?

Ҳали ўқишимга анча бор...Ўрганадиган нарсалар жуда кўп!

Буларнинг барини ватанда “ишга солиш” ва тараққиётга ҳисса қўшиш мумкин, аммо бугунги ҳолатни кўриб, минг хаёлга бораман...

Бир кун қайтадиган бўлсам, керак бўламанми ватанимга?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ