Саҳродаги можаро: Нукусдаги қимматбаҳо коллекция хавф остидами?

Image caption Мариника Бобоназарова музейга 31 йилдан бери раҳбарлик қилиб келади

Нукусда жойлашган Савицкий номидаги музей директори Мариника Бобоназарова ўтган жума тўсатдан ишдан бўшатилиши ортидан "музей талон-тарож бўлиш хавфи остида қолмоқда". Айнан шундай хавотирни қатор халқаро санъат пешволари ва музейга яқин манбалар билдиришмоқда.

Музейдаги манбага кўра, умумий қиймати ўн миллионлаб доллар дея баҳоланган 90 мингдан ошиқ ноёб санъат асарларига эга музейга раҳбарлик қилиб келган Бобоназарова хонимни Қорақалпоғистон Маданият Вазирлиги "мажбуран" бўшатган.

Унинг қизи эса ўзи ва онасига таҳдидлар бўлганини айтди.

Би-би-сига гапирган Бобоназарова хоним ўзининг ишдан четлатилишини "ноқонуний" дея қоралади. У ўз қўли остидаги коллекциядан қимматбаҳо асарларни ўғирлагани ва уларни сохталари билан алмаштиргани борасидаги айбловларни "асоссиз" ва "бемаъни" дея тасвирлади.

Image caption Роберт Фалькнинг "Сўзана фонида" асаридан бир парча

Унинг айтишича, музейга июнь ойида юборилган комиссия "ёлғон айбловлар" билан унга қарши амал қилган. Бобоназарова хоним ўзига қарши қилинаётган бу босимлар ортида айнан ким турганини билмайди, унга яқин манба эса "таъсири жуда катта одам" дейиш билан чекланмоқда.

"Мен кўчада қолиб кетдим. Бошқа иш топишим учун зарур бўлган икки ҳафталик муддатни ҳам беришмади менга", - дейди у.

"Қора маълумот"

Ҳар бир музей фаолияти учун одатий бўлган инвентаризация, яъни экспонатларни қайд қилиш жараёни бу йил аввалгиларидан фарқ қилган.

Музейдаги манбага биноан, Қорақалпоғистон Маданият вазирлиги томонидан тайинланган мутахассис Серик Байбосинов бошчилигида иш олиб борган комиссия ўз фаолияти бошиданоқ ходимларга "жиноятчилардек" муносабатда бўлган ва уларни сўроқ қилган.

Байбосинов жаноблари асарлар орасидан "сохта картиналар"ни қидириш билан машғул бўлган ва ўз қўлидаги ҳужжатларни музей раҳбариятига кўрсатишдан бош тортгани айтилади.

Музейдага манбага биноан, комиссияга бутун Ўзбекистондан келган мутахассислар жалб қилинган. Бироқ, уларнинг баъзилари музей раҳбарига қарши қора маълумот йиғилишидан норози бўлиб, комиссияни тарк этганлар.

Image caption Комиссияга раҳбарлик қилган Серик Байбосинов

Унинг айтишича, Байбосинов бошчилигидаги комиссия ультрафиолет нурли лампа ва кўздан кечириш асосида музейдаги картиналардан бири - Николай Караханга тегишли асарлардан бири сохта дея хулоса қилган. Бироқ, музей ходимларига кўра, Ўзбекистонда картиналар ҳаққоний ё сохталигини аниқлаш ваколатига эга мутахассислар йўқ ва бу фақат халқаро экспертлар иштирок билан амалга оширилиши мумкин.

Би-би-си билан суҳбатда Қорақалпоғистон Маданият вазирлигининг ходими бу айбловларни, ҳамда Бобоназарова хоним мажбуран ишдан четлатилгани борасидаги даъволарни рад этди.

"Ўз ўз хоҳиш-истагига биноан ишдан кетди. Бизнинг қўлимизда унинг аризаси бор", - деди ўз исмини ошкор қилишдан бош тортган мулозим аёл.

Мерос

Қорақалпоғистон бўйича британиялик мутахассис, "Орол дельтасининг қорақалпоқлари" китоби муаллифи Девид Ричардсоннинг Би-би-сига айтишича, кимдир ва ҳатто директор Савицкий музейидан ниманидир ўғирлагани борасидаги даъволар "кулгули"дир.

"Биз ўтган бир неча йил давомида Қорақалпоғистонда ишлаб, бу музейнинг ходимлари билан яқиндан ҳамкорлик қилдик. Резерв коллекциясига кираверишда милиция қўриқчиси ўтиради, сумкаларимиз текширилган, имзо чекиб кирганмиз. Биз суратга олиш учун баъзи жиҳозларимизни олиб кириш учун рухсат олганмиз, шунда ҳам ёнимизда музей ходими ва бир қўриқчи бўлган. Куннинг охирида кураторлар қулфларни мум билан муҳрлашарди", - дейди у.

Унинг хавотирига кўра, Ўзбекистон ҳукуматига қорақалпоқ осори-атиқаларининг қизиғи йўқ ва у қимматбаҳо картиналарни Тошкентга кўчиришдан манфаатдор. Жаноб Ричардсон ўз дўсти Мариника бунга қарши ҳар доим курашиб келганини айтади.

Image caption Николай Караханнинг "Бухорода сув қувури ўрнатилиши" номли асари

Нукус музейига 1950-йилларда ҳудудга археологик экспедиция таркибида келган рассом Игорь Савицкий асос солган. Ўз коллекциясини қорақалпоқ гиламлари ва заргарлик буюмлари билан бошлаган Савицкий сўнгра уни Совет раҳбарияти томонидан ман этилган авангард санъат асарлари билан бойитган.

Музей ертўлаларида сақланган минглаб тақиқланган санъат асарларидан мамлакат раҳбарияти бехабар эди. Улар орасида Ўрол Тансиқбоев, Павел Беньков, Роберт Фальк ва Любовь Попова каби дунёга донғи чиққан рассомлар асарлари ҳам бор.

Бугунда рус авангард тасвирий санъатининг иккинчи энг йирик коллекциясига эга Савицкий номидаги Нукус Музейи жаҳон матбуоти томонидан "Саҳродаги Лувр" дея олқишланади.

Савицкий 1984 йилда вафот этишидан аввал музейга раҳбар этиб ўз шогирди Мариника Бобоназаровани тайинлаган.

Бобоназарова хонимни Ўзбекистонда ва хорижда қўллаб-қувватлаётган санъат шинавандалари Ўзбекистон президенти ва бош вазири, шунингдек Ўзбекистондаги АҚШ ва Олмония элчилари номига қатор норозилик мактубларини йўллашган.

Четлатилган директор ҳозир фақат умид билан яшаётганини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ