Мариника Бабаназарова: бўшаш ҳақидаги аризамни босим остида ёздим

Фото муаллифлик ҳуқуқи Marinika Babanazarova

Дунёга машҳур Савицкий музейи директори Мариника Бабаназарова Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедовга мурожаат билан чиққан.

Мурожаат Мариника Бабаназарованинг Facebookдаги саҳифасида эълон қилинган.

Унда Савицкий музейи директори ўзининг ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини қайтариб олишга қарор қилгани ҳақида маълум қилган.

Бунга музей жамоасининг Мариника Бабаназарованинг ишдан бўшатилишига норозилик билдириб Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирига мурожаат қилгани сабаб бўлган.

"Сизга шуни маълум қилмоқчиманки, Сиз раҳбарлик қилаётган идора(нафақат менга нисбатан, балки музейга нисбатан ҳам) ҳурмат қилмайдиган Қонунга асосланиб, 24 август куни пенсияга чиқиш ҳақидаги аризамни, юз берган ҳодиса ҳақида бохабар қилган жамоанинг муносабатини кўргач қайтариб олдим. Шунингдек, мен музей унинг тақдирига бефарқ инсонларнинг масъулияти остида қолаётганини англаб етдим. Шунинг учун ҳам менинг ортга қайтишимни талаб қилаётган жамоанинг норозилигига қўшилдим", деб ёзган Мариника Бабаназарова ўз мурожаатида.

"Сизнинг номингизга охирги бир ярим ой мобайнида мен ва ходимлар жамоаси номидан ёзилган 12 рапорт ва мактуб манзарасида (пенсияга чиқиш қарорига) нима туртки берганига Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳеч бўлмаса қизиқиб кўради, деган кичик умид бор эди. Мен сўнгги дақиқагача кутдим, лекин бу нарса бўлмади. Сиз ҳурматли ва тажрибали экспертлардан иборат комиссия юборишга ваъда берган эдингиз, бироқ музейни, нафақат биз учун, балки сиз ўз лавозимингизда қайғуришингиз талаб қилинадиган бутун мамлакат имиджи учун йирик муаммолар пайдо қилган майда фирибгарларнинг тилка-пора қилишига қўйиб бердингиз", деб ёзган Савицкий музейи директори вазир Баҳодир Аҳмедовга ёзган мурожаатида.

"Сизнинг сукутли розилигингиз натижасида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги қарори билан кейинги иш билан таъминлаш ёки аризамни қайта кўриб чиқишга бўлган икки ҳафталик муҳлат олишдек менинг конституциявий ҳуқуқим поймол этилди. Маълумки, ариза босим ва руҳий стресс оқибатида ёзилган эди", деб ёзган Мариника Бабаназарова.

28 август куни Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги Мариника Бабаназарованинг "ўз аризасига биноан ишдан бўшаётгани" ҳақидаги баёнот билан чиққан.

Вазирликка кўра, Бабаназарова хоним пенсияга чиқаётгани муносабати билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги "жамоатчиликни унинг(Бабаназарованинг) пенсияга чиқиш қарорини ҳурмат қилиш"га чақирган.

Ўзбек вазирлиги Бабаназарованинг пенсияга чиққани "унинг жамоадан кетишини англатмайди" ва "музейнинг фахрий вакили сифатида ўтказилаётган тадбирларда қатнашиши мумкин", дея қўшимча қилган тарқатган баёнотида.

Вазирлик музейда сақланаётган буюм ва коллекциялар давлат мулки бўлиб давлат муҳофазасида, деб таъкидлаган.

Айни пайтда Мариника Бабаназарова яшаётган уйни бузиш ҳақида ҳам қарор чиққани ҳақида хабарлар тарқалган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ