“Ўзбекистонда қонунни бузмасликнинг иложи йўқ”

Ўзбекистонда ишлаш ва бизнес юритиш имконияти йилдан йилга ёмонлашаётгани айтилади
Image caption Ўзбекистонда ишлаш ва бизнес юритиш имконияти йилдан йилга ёмонлашаётгани айтилади

Қўл остида 38 тагача одам ишлатган тадбиркор бизнес қилишга имкон йўқлигидан Россияга кетишга мажбур бўлган. Бир вақтлар давлатга 7-8 минг доллар солиқ тўлаб турган Қодирбек энди Россия шаҳарларининг бирида омборда ишламоқда. У Ўзбекистонда қонунни бузмасдан ишлаш имкони йўқлигини айтади.

Исми ўзгартирилган Қодирбек кўп йиллар Ўзбекистонда тадбиркорлик қилган.

Ойига ўртача 4-5 минг доллар соф фойда кўрган Қодирбек сўнгги йилларда фойда кўришнинг ўрнига сунъий тўсиқлар туфайли зарарга кириб борган.

Би-би-си ҳозир Россия шаҳарларининг бирида омборхонада ишлаётган Қодирбек билан боғланиб Ўзбекистондаги бизнесини ташлаб бошқа юртларга кетишга нима сабаб бўлганини сўради.

Қодирбек: Ишимиз тўхтаб қолди. Хом ашё ва газ олиш муаммога айланиб қолди. Рақобат ҳам кучайиб кетди, нарх наво тушиб ўзини ўзи оқламай қолди. Бизнес тили билан айтганда, ишимиз тўхтаб қолди, “синдик”.

Би-би-си: Хом ашё ва газ нима сабабдан тўхтаб қолди?

Қодирбек: Биринчидан, хом ашёнинг нархи қиммат бўлиб кетди. Оҳактошнинг бир куб метри 68 минг сўмга кўтарилиб кетди. Газнинг нархи ҳам ҳар йили икки мартадан кўтарилаверди, лекин бозордаги нарх маҳсулотимизнинг таннархига тўғри келмай қолди. 5 фоизлик солиқ билан бизга даромад келмай қолди. Маҳсулотни экспортга чиқарадиган бўлсак, биз у валютани оломаймиз ҳам, ҳеч қаерга сотолмаймиз ҳам. Фақат ҳисоб рақамингизда туравергандан сўнг у пул савдо айланмасидан чиқиб кетади. Шунинг экспорт ҳам бизга бефойда бўлди.

Би-би-си: Хом ашё нарзи кўтарилиб кетган бўлса, нима сабабдан маҳсулотнинг баҳосини кўтармадингиз?

Қодирбек: Кўтарсак ҳеч ким олмай қўярдида. Инқироз бошланганидан сўнг цементнинг нархи тушиб кетди, қурилишлар кам бўляпти. Қурилиш оз бўлганидан сўнг бизнинг маҳсулотга талаб камайиб кетди.

Би-би-си: Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилар ва маҳсулотини экспорт қилувчиларга кенг шароитлар яратилаётгани бот бот айтилади. Сиз нима учун экспорт орқали фойда кўриш имконсиз демоқдасиз?

Қодирбек: Сабаби биз маҳсулотни Қозоғистонга темир йўл орқали чиқарамиз. Чегарадаги Сариоғоч станциясигача бўлган темир йўл тарифлари жуда ҳам қиммат. Битта вагонга 6 миллион сўм (Марказий банки курси бўйича 2400 доллар. Би-би-си таҳр). Кейин вагон олиш жуда ҳам қийин, сифатли вагон олиш ундан ҳам мушкул. Ўзбекистон темир йўлларининг вагонлари жуда ҳам сифатсиз. Қозоғистон томонидан бизга нисбатан турли эътирозлар бўлди. Вагонларинг сифатсиз, маҳсулот тўкилиб, очилиб кетяпти, дейишди. Бир марта бизнинг маҳсулот ўз манзилига кетаётганда Ўзбекистон вагони очилиб кетгани учун ярми тўкилиб кетган. Кейин Қозоғистон томони эътироз билан чиқди. Гап бунда ҳам эмас. Тушган валютани сиз сотолмайсиз. Ўзингизнинг ихтиёрингиздаги пул эмас. Фақат чет элга кўчириб бирорта асбоб ускуна олиб кела оласиз. Тадбиркор ўз ҳисобидаги пулни ўз истаганича тасарруф қилолмайди. Масалан, долларнинг курси қора бозорда 4600 бўладиган бўлса, давлатга сотсангиз у Марказий банк курсида олади. Бу тадбиркорга умуман тўғри келмайди. Ҳамма жойда экспорт яхши нарса, аммо биздаги экспорт тадбиркорнинг оёғидан чалади. Шунинг учун тадбиркорнинг манфаатларига тўғри келмагани учун экспортга унча кўп қизиқмайди.

Би-би-си: Лекин матбуотда тадбиркорларга кўплаб шароитлар яратилаётгани таъкидланади, Президент Каримов уларни ўз ҳимоясига олганини айтади. Нима учун сиз тадбиркорлик қила олмадингиз? Сизга ўзхшаганлар қанчани ташкил қилади?

Қодирбек: Ўзбекистонда 90 фоиз тадбиркор шунақа шартларда ишлайди. Айниқса, савдо соҳасида қонуний ишлайдиган тадбиркорнинг ўзи йўқ.

Би-би-си: Сиз қурилиш соҳасида ишлар эдингиз, бизнесингиз юришмаганидан сўнг бошқа соҳада омадингизни синаб кўрмадингизми?

Қодирбек: Ҳамма соҳада орқага кетиш бўляпти. Бюджет соҳасида нима бўлаётгани аён. Қуллик бўляпти. Пахтага мажбурлайди. Маошни карточга кўчиради. Бирорта яхши соҳанинг ўзи йўқ.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистонда кичик тадбиркор эдингиз, қўл остингизда 38 тагача одам ишлаган. Энди Россияда омборхонадла ишлаяпсиз. Қандай ҳис туйғулар бор?

Қодирбек: Мажбурликдан келганмиз. Лекин бу ерда нақд пул бор. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Ойликларни вақтида беради. Агар ўзимизда иш яхши бўлиб турганида ҳеч ҳам бу томонларга келмас эдим. Мажбурликдан келдик. Ўзбекистонда тадбиркор бўлсангиз ҳоким, солиқчи, валюта жиноятига қарши департаментининг олдида ўзингизни ҳудди муттаҳамдек сезиб юрасиз. Аслида, солиқ тўловчи сифатида тилингиз узун бўлиши керак. Тўлаётган солиқлардан улар ойлик олаяпти. Тадбиркорда Ўзбекистон бюджетини тўлдиряпман дейдиган ҳиссиёт йўқ. Чунки қонунлар жуда ҳам инжиқ ва мураккаб. Қонунни бузмасликнинг иложи йўқ. Бу қасддан шундай қилинган. Негаки, тепада турган солиқчи, департамент, ҳокимиятдагиларга нон қилиб қўйган. Шунақа нарсалардан безор бўлганимдан ҳам кетиб юбордим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio