'Четдаги ўзбеклар қайтишса, ишсизлик ва норозилик кучаяди'

Image caption Миллионлаб ўзбек Россия ва Қозоғистонда ишлаб, оила боқмоқда.

Россия ва Қозоғистонда ишлаётган ўзбеклар қайтишса, нима бўлади деган савол ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс уйғотди.

Биринчи изоҳни ёзган Азимжон Ашуровнинг фикрича, бариси бўҳтон, ватанда жуда иш кўп, ҳеч ким ўлмаяпти ва у жуда намунали яшамоқда.

"Нима ўлса ҳисобми, 4-5 миллион инсон қайтса, нима иш қилади?"- деб унга жавобан савол қўяди Наргис Наргис тахаллусли ўқувчи.

"Ҳар бир янги иш ўрни яратиш учун камида 25-30 миллион сўм керак. Бормикан шу микдордаги маблағ?" - қатор саволларни ўртага қўяди Алишер Абдужаббаров - "Агар қайтиб келаётган ҳамюртларимиз ўзига ўзи иш ўрни ярата олса, нур устига аъло нур. Агар ярата олишмаса-чи, бозор уларнинг маҳсулотига тўйинган бўлсачи?"

Унга кўра, барибир, камида яна 1.5 миллион одам иш тополмайди.

"Инқироздан олдин ҳар бир "дангаса" Ўзбекистонга ўртача 1.5 минг доллар жўнатиб турарди, энди-чи?" - дея у Президент Каримовнинг ўзбек муҳожирларини "дангаса" деганига шама қилади.

Ношукур ё чорасиз?

Ҳабиб Аскот тахаллусли ўқувчининг ўйлашича, ҳаммаси баландпарвоз гаплар ва оилани боқа оладиган ва коммунал харажатларни тўлашга етадиган ишни топиш амримаҳол.

Азамат Гулмирзаевнинг фикрича, одамлар ўзлари ҳунар ўрганишса, завод-фабрикалар кўпайса ва тадбиркорларнинг "қонини ичиш"га чек қўйишса, Ўзбекистон ўзига тўқ мамлакат бўлади.

Аммо Акбар Проф лақабли фойдаланувчининг таъкидлашича, ватан олдинги ватан эмас ва чаласаводлар кўпайган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўзбекистон ўз халқига иш топиб беролмайди, аммо муҳожирлар боис Россия олдида тили қисиқ бўлишини ҳам истамайди.

"Ўзбекистонлик талаба билан Россия ёки Америка талабасини солиштириб кўрганлар борми?" - савол қўяди у.

"Ишсиз кўпайса, ўғри-қаллоб ва юлғичлар ҳам кўпаяди, бундақалар ҳозир ҳам оз эмас" - қайд этади Али Хан.

"Ҳукуматдаги қўлидан иш келмайдиган лўттибозлар эса бу муаммоларни бўяб кўрсатишдан нарига ўтишмаяпти" - деб фикрини хулосалайди ўқувчимиз.

"Чорасиз колган армия ватанига кайтади ва чорасизликни кўриб яна ватанига қайтиб кетади. Муҳожиротдагилар қорни тўқлигидан, кўнгли тинчлигидан юришганида эди, икки ҳафтада ортга қайтган бўлардилар" - деган фикрни билдирган Насир Муҳаммад исмли ўқувчи.

Аммо Рустам Ризаев номли фойдаланувчи уни ношукур, деб дағдаға қилгач, Насир Муҳаммад совуқда юрган қора кўзларга ичи ачиганидан ёзганини, ахир улар ҳам инсон эканлигини таъкидлайди.

Баъзилар эса миллионлаб ўзбекнинг четларда ишлаб юрганига ишончсизлик билдиришган.

"Самарқанд вилоятига бориб кўринг, қанча одам чет элга чиқиб кетган" - деб жавоб беради Музаффар Ҳамидов - "Бизнеслар монополия бўлса, деҳқонлар истаган экинини эколмаса, эккан ҳосилини истаган нархида сотолмаса, нима ҳақида гапириш мумкин?".

Жамшид Бек исмли ўқувчимиз эса, агар ватанда шароит бўлса, ҳеч ким четга кетмаслигини урғулайди.

Четга кетганларни айримлар ношукурлар ва ватангадолар, дея аташаркан, ушбу ўқувчимиз, хорижга бориб ишлашнинг айби йўқлиги, айни тажриба бошқа кўплаб халқларда ҳам олдиндан бўлганини эслатади.

Тохир Абдуллаев эса четда ишлаётганлар, ичкарида қолганлардан кам ватанпарвар эмаслигини билдиради.

Норозилик хавотирлари

"Миллионлаб оилаларнинг қора қозони қайнамай, норозилик кучаяди ва маҳаллий исёнлар рўй бериши мумкин" - дейди Шукуржон Исломов - "Аммо яхши жиҳати: Россия бизга таъсир қиладиган кучли воситасидан ажралади".

Image caption Россиядан келаётган барча учун иш йўқ, кўплар мардикорлик қилишга мажбур.

Умуман, бунга ўхшаш хавотирни жуда кўпчилик изҳор этган. Шунингдек, одамларда ватанда барча учун иш топилишига ишонч ўта пастлиги ҳам сезилади.

"Деярли барча қисмини қишлоқ ёшлари ташкил этган муҳожирлар армияси ватанга қайтса, улар энди деҳконлар синфига бутунлай ёт бўлиб, пролетар ишчи синфи сафини кенгайтиришади" - деб фикрлайди Абдусалом Эргашев - "Ўзбекистондаги собиқ компартия ворислари бўлган сиёсий партиялар даҳолари иддаоларига кўра, бу синф мамлакатда инқилоб қилишнинг асосий омилига айланади".

"Чет элда ишлаб юрган одамлар қайтиб келса, бизда тўполонлар бошланиши мумкин" - хавотир изҳор этади Музаффар Ҳамидов - "Чунки уларнинг иш топиши осон эмас, бола-чақани боқиш керак".

"Бир нарсани тушунайлик, Ўзбекистон - минтақада энг кўп аҳолиси бўлган давлат" - фикрини хулосалайди ўқувчимиз.

"Шунча халқни иш билан таъминлаш сафсата гап, юқоридан буйруқ берган тақдирдаям бунинг уддасидан чиқиб бўлмайди" - ёзади Ядгар Ходжаниязов.

"Фақат оғзига кучи етмайдиган троллар ва ҳақиқатни умуман билмайдиган лўттибозлар иш борлигини таъкидлаши мумкин".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ