"Газ фақат халқдан ортса, четга сотиш керак"

Фото муаллифлик ҳуқуқи rferl

Ўзбекистон четга газ экспортини кўпайтириб, Хитойга ҳам "зангори олов" сотмоқда. Афғонистон ҳам ҳозир Ўзбекистондан келадиган электр қуввати билан чароғон.

Аммо Ўзбекистоннинг ўз халқи кўп жойларда газсиз ва баъзан электрсиз яшамоқда.

Бир нечта йирик шаҳарни истисно этганда, Ўзбекистоннинг аксар қишлоқлари ва кичик шаҳарларида газ йўқ, ток эса ўлчаб берилади. Ҳозир мамлакат қишлоқларида одамлар қишда овқат пишириш учун молнинг тапписини йиғиб, тезак қилишмоқда. Чўнтаги кўтарганлар эса кўмир сотиб олишади.

Фаолларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўз халқи эҳтиёжлари ва муаммоларига орқа ўгириб, одамларнинг ўз юртидаги мавжуд ёнилғидан фойдаланишига имкон бермаяпти.

Ўзбекистон четга сотаётган бойликлар, хусусан, газ, олтин, уран, пахта ва электр қуввати савдосидан тушаётган даромадлар қаерга сарфланаётгани борасида ҳукуматдагилар халққа ҳисоб беришмайди.

Хорижий кузатувчиларга кўра, айрим миллий бойликлар савдосидан тушаётган даромад Ўзбекистон ҳукуматидаги бир ҳовуч элитани бойитмоқда, холос.

Би-би-си "Ижтимоий минбар" рукнида ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликларга "Сиз нима дейсиз, Ўзбекистон чет элларга газ ва электр қуввати сотишдан олдин ўз халқини тўлиқ таъминлаб қўйиши керакми ё йўқми?" деган савол билан мурожаат қилди. Қуйида унга қолдирилган баъзи шарҳлар. (Шарҳларнинг имлоси сақлаб қолинди.)

Abduvohid Mamadaliev айб одамларнинг ўзида эканига ишонади. "Газ йук электр йук" деймизу хисоб китоб вакти келиб газ ёки электр таъминотидан келишганда болаларимизга "мани уйда йуклар деб айтиб юбор" деймиз, вакти соати келганда эса счётчикни оркага айлантиришни канда килмаймиз. Нима давлат буларни хаммасини ердан супириб оляптими ёки булар осмондан ёгилиб тушяптими?! Киссадан хисса "Нимани эксанг шуни урасан"!

Хабиба Юлчибаеванинг шарҳи ҳам шунга ўхшаш: "Узлари айбдорлар чунки уз вактида тулашмийдилар канча миллонлаб карзларин тулашмай юришганлар куп, кегин угирлаб хам ишлатишганлар хам канча, булса яна айбни тункаб утиришаверишади.!"

Қатор шарҳловчилар ўз турар жойларидаги аҳволни тасвирлаб берганлар.

Масалан, Акмалхон Саидкомолов: "Мен кишлокда яшайман. Газни пулини кишлогимиз ахолиси олдиндан тулаб куйган, шу жумладан мен хам, лекин газни узиб куйишди, огохлантирмай. Гап туловда эмас."

Husniddin Mamajonov: "Men ikki baravar qilib toliman yoqib bersa. Javib beraman. Kontrol qisin qo'lidan kesa. Bir ikkta qarzga botgan odamni dib shu 30 mln odam azob chelish keremi?"

Мубина Хон эса мана бундай нолиган: "Бугун душанба. Эрталаб турсам 06:16 да свет йу, сув йу. Майли. Ишга кетдим. 20:27 да уйга келдим хозир. Яна йу, на свет, на сув. Чёрт побери... Видео килиб чет давлатга курсатиш колди шакил. Шунака жонга тенги лекин...бору. Качонгача давом этади бу хол?"

Ali Bey O'zbek фикрида ҳукуматдагиларни халқнинг аҳволи қизиқтирмайди. "Хамма катталар Тошкентда марказларида яшайдику. Қорни оч билан қорни тўқни нима иши бор. А тошкентда свет газдан муаммо бормидики бу ёқдаги халқни ахволи билан иши бўлармиди. Мана данний мамент Наманган ШАХАР БОБУРШОХ КУЧА КЎП ҚАВАТЛИ БИНОЛАРИДА ЭРТАЛАБ СВЕТ ЎЧГАН ХОЗИРГАЧА ЁНМАДИ," - дея арз қилади у.

Абдулла Усманов фикрида газ ва электрни четга фақат "узбек халкидан ортса сотиш керак. Газ электир халкни таминоти учун керак," - дейди у.

Xasan Jamalov эса ҳеч қандай ирониясиз, умидбахш шарҳ қолдирибди: "Барчаси аста-секин болади. Узбек Моделини каранглар. Биз ривожланишнинг боскичма боскич турини модел килиб олганмиз!"

Кабул Садикович эса одамларни умуман бу мавзуга тегмасликка чақиради. "Ички сиесатга аралашманглар хали хаммаси яхши булади", - деб ёзган у.

Мукаммал Шабуваева, умид қиламизки, ҳазил билан "Газ нима узи у?" - деб сўрайди.

Shukurjon Islomov ёзиб қолдирган шарҳни эса "қора ҳажвия" сирасига киритиш мумкин. Электр билан газ севишиб турмуш қуришибди. Йил ўтиб движок деган ўғил, газбаллон деган қиз кўришибди. Ёш-да, характери тўғри келмай, ажрашиб, электр Афғонистонга, газ Хитойга кетиб, буёқда движок билан газ баллон қолибди".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio