"Сетора" гуруҳи саҳнага қайтишига ким тўсқинлик қилади?

Image caption "Сетора" гуруҳи Тошкентда кичик концертлар беришни бошлади

1990-йиллар охирлари ва 2000-йиллар бошларида ўзбек эстрадасининг энг машҳур гуруҳларидан бири саналган "Сетора" гуруҳи бугунда яна бирлашмоқда.

Гуруҳнинг "Ёнма", "Соғинаман", "Ҳайр, мактабим", "Вафодоринг", "Эй қахри қаттиқ", "Аждодлар руҳи", "Сен борсан" ва бошқа кўплаб қўшиқлари овоз ёзиш студиясидан чиқиши биланоқ хитга айланарди.

Тошкентдаги мусиқий мактабда болалигиданоқ бирга ўқиб катта бўлган Феруза Латипова, Комила Хўжаева ва Лайло Галиева "Сетора" гуруҳининг илк таркибида эдилар. Гуруҳ нафақат Ўзбекистонда, балки Қозоғистон, Россия, Британия ва бошқа хориж мамлакатларида концертлар берган.

Аммо, ёш қизларнинг ўз ҳуқуқлари борасида гуруҳ менежменти - "Тарона Рекордс" билан келишолмай қолишлари уларга қимматга тушди. "Тарона Рекордс" улардан "Сетора" номини олиб қўйди ва бошқа уч қиз билан гуруҳ тузди. Аммо, иккинчи таркибнинг муваффақияти биринчисиникидек бўлмади.

Шоу-бизнесда бироз тажрибага эга бўлиб қолган Феруза, Лайло ва Комила мустақил тарзда тузган "Сетанҳо" гуруҳининг умри ҳам узоққа чўзилмади.

Бугунда учови ҳам она бўлган қизлар Тошкентда яна бирлашиб, концертлар беришни бошлашган. Ибрат Сафо улар билан боғланиб, бу ҳаракатлари қанчалар унумли бўлаётганини сўради.

Комила: Мен Феруза АҚШдан Ўзбекистонга келганидан жуда хурсандман. У ҳозир Тошкентда, лекин фақат қисқа вақтга келган. Шундай бўлса-да, биз яна бирлашиб, ёнма-ён туриб, мухлисларимиз қаршисида ўз ашулаларимизни яна бир бор айтишга имконият туғилди.

Лайло: Бу чиқишларимизни ҳали концерт деб атамаган бўлардим, бу катта танаффусдан кейин бераётган кўринишимиз, холос. Худога шукур айтаман, бизни ҳали кўплар эслашидан ва яхши кўришидан жуда хурсандман. Биз "Сетора" гуруҳининг биринчи таркибимиз ва ана шу таркибдаги қизларнинг мухлислари ҳали ҳам сақланиб қолган ва бизни кўришга келишаяпти.

Би-би-си: Ҳозир қайта дийдорлашиб, биргаликда қўшиқларингизни айтиб, фақат эски кунларни эслашга қарор қилдингизми ёки бу бирлашиш "Сетора" гуруҳини тиклаш ва концертлар бериш йўлидаги жиддий қадамми?

Лайло: Бизга жуда кўп мактублар, шарҳлар келиб тушади. Мухлисларимиз биздан жуда кўп илтимос қилишарди, яна бирлашинглар, бирга қўшиқ айтишингизни кўрайлик, деб. Феруза меҳмонга келаётганини билганимиздан кейин, шу имкониятдан фойдаланиб қолишга қарор қилдик ва ҳаммамиз биргаликда қарор бердик.

Комила: Гуруҳимизни жиддий тарзда қайта тиклаш ва янги альбом ёзиш борасида ҳозирча гапиришга бироз эрта, деган бўлардим. Чунки, ҳозирча биз ҳали ҳам ўзларимизнинг якка лойиҳаларимиз устида ишлаяпмиз. Масалан, Лайлонинг ўз яккахон лойиҳаси бор. Феруза ҳам Америкада ижод қилаяпти. Мен эса ўзимнинг ишларим билан машғулман... Биз олти йилдирки, бирга ижод қилмадик, биласизми? Шунинг учун, қайта бирлашиб қўшиқ куйлаш фикри барчамизни бироз безовта қилди. Яна бир-биримизни аввалгидек ҳис қилиб, тушуниб ишлай олармиканмиз, деб ўйландик. Чунки ҳар қандай гуруҳ асосида бир-бирингизни қўллаб-қувватлаш, бир-бирингизга ижодкор сифатида ўзинингизни намоён этишга ёрдам бериш ҳаракатлари ётади. Мени бахтиёр қиладигани шуки, биз ҳали ҳам бир-биримизга нисбатан чуқур ҳурматга эгамиз, бир-биримизнинг мустақил фаолиятимизни ҳурмат қиламиз. Ҳозир яна ўтмишга қайтиб, ўзимизга ва бошқаларга тақдим қилган хурсандчилигимизни қайта ҳис қилаётганимиздан мамнун бўлаяпман. Ҳар қалай, бизнинг ижодимизга 20 йил тўлишига оз қолди! Ҳозирги ҳаракатларимиз яна бирга ишлаб кўриш йўлидаги кичик қадамлардир. Жуда умид қиламанки, муаллифлик ҳуқуқларимиз борасидаги муаммони ечиш ва яна "Сетора" гуруҳи номидан қўшиқ куйлаш имкони пайдо бўлади.

Би-би-си: Баъзи эълонларда сизни "Сетора", баъзиларида эса "Сетанҳо" дея таништиришаяпти. Нима учун? "Сетора" номини қўллашингизга энди ҳеч қандай ҳуқуқий таҳдид йўқми? Маълумки, "Сетора" гуруҳининг иккинчи таркиби ҳам тарқаб кетди...

Лайло: Гап шундаки, биз қонунга биноан, ўзимизни "Сетора" деб аташга ҳаққимиз йўқ. Лекин, халқ бизни шу ном билан таниган ва эслайди. Биз "Сетора" гуруҳидан кетганимиздан кейин "Сетанҳо" деб ўзимизни атаганмиз, бу Сетора Танҳо, яъни биз танҳо Сетора қизларимиз деган маънони беради. Биз барибир "Сетора"миз, демоқчиман.

Image caption "Сетора" гуруҳи машҳурлик чўққисига чиққан даврлар

Би-би-си: Феруза, сизга савол. Сиз кўп йиллардан бери АҚШда яшаб ижод қилаяпсиз. Мана олти йил Комила ва Лайло билан бирга ижод қилмабсиз. Шу вақт мобайнида сизнинг ва дугоналарингизнинг яккахон карьералари қандай ривожланди?

Феруза: Аста-секин ривожланди. Қайсидир вақтда у менда умуман тўхтаб қолди. Кейин яна бошланди. Кейин эса ҳомиладор бўлдим ва фарзанд кўрдим. Ундан бироз ўтиб яна қўшиқ айтишни бошладим. Айтмоқчиманки, танаффуслар билан кечди бу ижод. Ҳозир қизчам 10 ойлик бўлди.

Би-би-си: Аввалги суҳбатимда Комила сизни Ўзбекистондаги энг кучли вокалист деб атади. Ҳақиқатдан ҳам, овозингиз кучли. Яқинда "Лазги" қўшиғини айтганингизни эшитиб, қойил қолдим. Сизда машҳур яккахон хонанда бўлиб етишишдек жиддий мақсад борми ё бормиди?

Феруза: Йўқ, яккахон карьера қилишим шарт ва барча куч-қувватимни шу йўлда сарфлашим керак деган қатъий қарор бўлмади. Америкада яшаб, мен турли маросимлар ва тўйларда қўшиқ куйлайман, у ёқда бизнинг юртдошларимиз жуда кўп. Улар ўзбек мусиқасига чанқоқлар.

Би-би-си: Сизлар "Сетора" гуруҳи билан жуда машҳур бўлгандингиз, ўша машҳурликни яна тиклаш нияти борми? Ўзбекистонга узоқроқ вақтга қайтиб, альбом чиқариш режангиз борми?

Феруза: Афсуски, ҳозир мен узоқ вақтга Ўзбекистонга қайта олмайман. Лекин, келажакда, бор кучимизни йиғиб, келинглар, альбом чиқаришимиз керак, дея қатъий мақсад қилиб олсак, сизга албатта хабар берамиз. Мана ҳозир бирга яна қўшиқ айтаяпмиз, ўзимни ҳудди ҳеч қаерга кетмагандик ҳис қилаяпман. Албатта, оз-моз ҳадиксираш бор, лекин кўп йиллар аввалгига қараганда, жуда оз. У пайтлар жуда ёш эдик.

Би-би-си: "Тарона Рекордс" билан бўлган тортишувга қайтсак. Бу студия билан муносабатларингиз ўзгарганми ва улар сизга "Сетора" номини яна қўллашга рухсат бериши мумкинми?

Феруза: Биласизми, ҳозирча бу жуда қийин, менимча.

Комила: Мен яқинда шу ишлар билан юрдим ва патент ҳуқуқини аниқлаш учун идораларга мурожаат қилдим. Аммо, ҳозирча "Сетора" номи "Тарона Рекордс"га тегишли бўлиб қолаяпти ва бу студия, афсуски, бугунги кунда биз билан музокара қилишга хоҳиш-истаги борлигини изҳор қилмаяпти. Биз улар билан мулоқот қилишга ҳаракат қилдик, лекин ҳозирча бунинг имкони бўлмаяпти. "Тарона Рекордс" нимага бундай йўл тутаётганини бизга изоҳламаяпти, афтидан уларнинг ўзига яраша сабаблари бор.

Би-би-си: Сизда армон ё пушаймон борми, ўша кўп йиллар аввал бошқача йўл тутсак, балки ҳозир ҳам "Сетора" гуруҳи таркибида хитлар чиқараётган бўлардик, деган?

Феруза: Мен ўйлайманки, инсон пешонасида нима ёзилган бўлса, шуни кўради. Тўғри иш бўлганми ё нотўғри, буни гапиришдан ҳозир фойда йўқ.

Image caption Янги ижодий жараён

Би-би-си: Лайло, сиз ҳам яккахон хонанда сифатида қўшиқлар чиқариб келаяпсиз. Мамнунмисиз ижодингиздан?

Лайло: Мен яна катта юлдуз бўлишим керак ва қўшиқларим биринчи ўринларда хит бўлиши керак деган мақсад йўқ эди менда. Гап шундаки, болалигимданоқ бутун ҳаётим мусиқа билан боғлиқ бўлгани учун ҳам, мусиқани тарк эта олмайман. Комила ва Феруза узоқ вақт Тошкентда бўлишмагани учун мен ўзим яккахон хонанда сифатида қўшиқ куйлашда давом этдим.

Би-би-си: Ҳозир бирга куйлаш учун қўшиқларингизни қайта ёздингизми ёки фақат жонли ижро этаяпсизми?

Лайло: Биз фақат жонли қўшиқ куйлаяпмиз. Бизга бир ансамбль чолғу асбоблари билан ҳамроҳлик қилаяпти, жуда профессионал ижро этаяпти. Ўйлайманки, биз бунинг уддасидан чиқаяпмиз. Афсуски, ҳуқуқий чегаралар туфайли уларни қайта ёзиб чиқара олмаймиз. Шунга қарамай, уларни жонли ижро этишдек хавфни биз бўйнимизга олдик. Ҳозирча, Худога шукур, ҳеч ким норози бўлмади, муҳлисларимиз хурсанд. Ўйлайманки, "Тарона Рекордс" билан яна тил топишсак, эски хитларимизни янгича талқинда ёзиб чиқара оламиз.

Би-би-си: Муҳлисларингизга мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, марҳамат.

Феруза: Ҳаммага бахт тилаймиз, биринчидан. Сиҳат-саломат бўлишсин, омад тилаймиз. Биз - "Сетора" гуруҳи барча муҳлисларимизни жуда севамиз. Биз учовимиз яна бирлашиб Оврўпо давлатлари ва бошқа хорижий давлатларда чиқишлар қилишга тайёрмиз. Агар бизни таклиф қилишса, биз яна "Сетора"нинг илк таркиби сифатида бориб хизмат қилишга ва мухлисларимизни хурсанд қилишга тайёрмиз. Кўришгунча!

Лайло: Барчага севимли ва серқуёш Ўзбекистонимиздан алангали салом деймиз!

Комила: Баъзи юртдошларимиз хорижда яшашаётган бўлишса-да, бизнинг халқимизни бир-бирига меҳр бирлаштириб туради. Мен уларга ана шу меҳрни сақлаб қолишларини тилайман. Раҳмат.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ