МХХ четдаги ўзбекни айғоқчиликка ундайдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" (AHRCA) ассоциацияси даъво қилишича, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати чет элда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини ғайриихтиёрий ҳамкорликка мажбурлайди.

Парижда жойлашган ташкилот раҳбари Надежда Атаеванинг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, махсус хизмат ходимлари томонидан фуқароларни айғоқчиликка ундаш амалиёти 1995 йилдан буён давом этаётир. Тўқсонинчи йилларда мазкур услуб диний ташкилотлар ҳамда "Эрк" партияси аъзоларига қарши қўлланган бўлса, бугунги кунда танқидий қарашларини яширмаётган сиёсий муҳожирларга ҳам нисбатан кенг тарқалмоқда.

Надежда Атаева: Бу ўта долзарб муаммо ва босим ўтказиш йўллари турфа хил. Табийики, талабалар Миллий Хавфсизлик хизмати диққатига тушган одамлар орасидаги бир гуруҳдир. Бироқ чет элда ўқиётган баъзи студентлар уларни СНБ(МХХнинг рус тилида аталиши - Служба Национальной безопасности) ходимлари қўрқитишгани сабаб ташкилотимизга мурожаат қилишмайди . Талабаларга нисбатан суҳбатлар кўпроқ профилактик мақсадларда ўтказилади, улар ўқишни битиргач, Ўзбекистонга қайтишади. Улар чет элда яшаб турган ва уларни элчихонага боғлаш мумкин бўлган фуқароларнинг жуда қулай бир туридир. Ҳокимиятнинг ишонишича, элчихона назорати остида бўлган талабалар турли номақбул фаолиятларда иштирок этишмайди. Бироқ, МХХга айғоқчилар керак. Маълумотимизга кўра, уч ойдан кўпроқ муддатни чет элда ўтказган фуқаролар билан Тошкент аэропортида жойлашган махсус хонада контрразведка ходимлари суҳбат ўтказиб, расмлар албомини оладилар-да, очиб "бу одамларни танийсизми?" деб сўрашни бошлашади. Менга айтишларича, расмлар қаторида менинг суратим ҳам бор. Менга таърифлаб беришларича, албомдаги сурат паспорт сурати бўлмай, мени махфий камера билан ва яқин орада олишган фотосурат экан.

Би-би-си: Сиз бу одамларга ишонасизми, улар айтган сўзлар қанчалар тўғри бўлиши мумкин?

Надежда Атаева: Мутлақ ишонаман, бу одамлар ўзлари сўроққа тутилганлар. Биз уларнинг маълумотларини қайта-қайта текширдик. Мисол учун, шахсан ўз ҳақимдаги маълумотларни мен тўрт нафар кишидан эшитдим. Бошқа томондан, бундай муносабат нафақат менга, балки бошқа сиёсий иммигрантларга ҳам қўлланилади. Мен дохил режим танқидчилари ишониб бўлмайдиган шубҳали шахслар рўйхатига киритилганмиз. Шунинг учун бизнинг суратларимиз жиноятчилар расмлари билан бир қаторда сақлаб турилади.

Би-би-си: Бироқ, Ўзбекистон МХХнинг айнан давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бундай ҳаракатларга қўл уришлари табиий эмасми? Эҳтимол, дунё бўйлаб терроризмга қарши глобал миқёсда кечаётган ҳаракатлар манзарасида Ўзбекистон чекистлари янги практикани амалга киритишга мажбур бўлаётгандирлар?

Надежда Атаева: Мен бундай деб ўйламайман, бу янги усуллар эмас, бу - Сталин мактабининг ҳозирга қадар сақланиб қолган таъсири. Диссидентларни таъқиб қилиш тизим. Бироқ фарқи шундаки, ўтмишда бундай ҳаракатлар махфий амалга оширилган бўлса, бугунги кунда қўлланилаётган эски усуллар руҳий таъқиблар билан бирга кечмоқда. Коррупцияга ботган режимни қўллаб-қуватламаган шахслар турли хил танқидларга учраб, улар ҳақида турли туҳматли уйдирмалар чоп этилиб, одамни руҳан синдириш мақсад қилиб қўйилган. Очиқдан-очиқ ўз фикрини изҳор этмоқчи бўлган инсонннинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилинади. Ҳозирда, ўтмиш билан солиштирганда, кўпроқ одамлар четга чиқишга имкониятлидирлар, сиёсий фаолиятни юргиза олмаган Ўзбекистон фуқаролари ўз фаолиятларини чет элда давом эттиришлари мумкин. Шунинг учун, махсус хизматлар ўша шахсларнинг фаолиятига халақит бериш мақсадида турли одамларни ёллашга ҳаракат қилмоқда.

Би-би-си: Яъни, СНБнинг бундай профилактик ёки олдини олиш ҳаракатлари бугунги кунда барча сиёсий иммигрантларга нисбатан олиб борилмоқда деб айтмоқчимисиз?

Надежда Атаева: Худди шундай. МХХнинг назорат доирасига тушган ҳар бир киши, унинг Ўзбекистонда яшаётган қариндошларининг барчаси тотал назорат остига тушадилар. Диссидентларнинг кўплари чет элга чиқиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишади. Айримларнинг айтишларича, улар ўз кетидан пойлаб юрган шахсларни сезишади. СНБ ходимлари яширмай, уларни кузатиб келаётганларини очиқдан-очиқ намоён этишади. Бундан ташқари, участка милиция нозирлари қўни-қўшнилардан сўриб-суриштиришларини ҳеч кимдан яширмайдилар. Яъни, бу - қўшнилар "оператив маълумотлар" йиғилган шахслар билан мулоқотда бўлишларидан қўрқишлари учун қилинади. Бу - сиёсий маслаклар учун шахснинг ҳақларини камситиш дегани. Кейинчалик бундай одамлар жамиятдан четлашиб, ўзини ҳимоя қила олмайдиган шахсларга айланадилар.

Би-би-си: Сиз аниқ, конкрет мисолларни келтира оласизми? Яъни мазкур суҳбатлар орқали қўлга киритилган "оператив маълумотлар" жиноий иш очилиши учун асос бўлгани мисоллари борми?

Надежда Атаева: Сўзсиз, бу ерда биз "норвегиялик ўзбеклар" ишини мисол сифатида келтиришимиз мумкин. Бунинг давоми ҳам бор. Норвегиядан Ўзбекистонга юборилган саккиз нафар турли босимларга учраганлар. Улардан икки нафари мазкур олти шахсга ҳамда Норвегияда қолиб кетган бошқа ўзбекларга ҳам қарши кўрсатма беришган. Натижада, олти киши 12 ва 13 йилга маҳкум қилинган, кўрсатма берган иккитаси эса фақат шартли қамалган. Ташкилотимизга мижозларимиз ҳимоячилари айтишларича, мазкур икки шахс берган кўрсатма асосида Норвегияда қолиб кетган қарийб йигирма ўзбекка нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг яқинларини ҳам тинч қўйишмайди. Бундай амалиёт нафақат Норвегия, балки Швеция ва Францияга ҳам ёйилган. Афсуски, Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари олиб бораётган ҳаракатларга қарши миллий ҳимоялаш механизми ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун, "оқ қарға"ларнинг обрўсини тўкиш учун барча йўллардан фойдаланиб, таниш-билиш, бирга ишлайдиганлар, қўни-қўшниларни айғоқчиликка жалб этишга ҳаракат қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ