Талабанинг отаси: "Ёлланма ишчи учун 700 минг сўмни қаердан олай?"

Тошкент вилояти педагогик коллежининг директори пахта теримига чиқа олмайдиган талабалардан 700 минг сўмдан пул йиғиб олаяпти. Бу ҳақида коллеж талабаларидан бирининг отаси ва инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева Би-би-сига айтиб беришди.

Коллежнинг учинчи курсида таълим олувчи 18 ёшли Шоҳсанамнинг отаси Баҳодир Маликовнинг айтишича, қизининг оёғи касал бўлгани туфайли пахтага чиқа олмайди.

"Агар пахта тергани бормаса, биз Қашқадарёдан одам олиб келиб, уларга пул беришимиз керак, дейишаяпти коллежда. Шуларга 700 минг сўм берасизлар, деди. Лекин, қизим оёғидан грибокка ўхшаган касал бўлган, тери дўхтирига кўрсатдим. Икки тирноғи тушиб кетди, юролмаяпти ҳозир. Лекин, коллеждагилар менга ВККдан "Пахтадан озод этилди" деган справка олиб келасизлар дейди. Ҳеч қайси врач "Пахтадан озод этилди" деган справка бермайди-ку, бу уларнинг ваколатига кирмайди. Касал, деб справка бериши мумкин", - дейди у.

Унга кўра, ёлланма ишчилар учун зарур бўлган 700 минг сўмни топиб беришга қурби етмайди. 700 минг сўм бугунги қора бозор курсида 142 долларга тенгдир.

"Бизга бу пулни топиб бериш осонмас. Қаердан олиб бориб бераман шунча пулни ман? Ишим йўқ, ойлик йўқ. Частный ишлар қилиб тураман, 700 минг сўм топишим учун 1 ойдан кўп, 2 ойча ишлашим керак. Уч фарзандим бор, хотиним боғчада ишларди, у ҳам ҳозир ишламаяпти", - дея нолийди у.

Баҳодир Маликовнинг айтишича, агар пулни топиб бермаса, қизи коллеждан ҳайдалишини айтиб таҳдид қилишган.

Вилоят педагогик коллеж талабалари ҳозирда Бўка туманида пахта теришмоқда. Ёлланма ишчилар эса Қашқадарёдан олиб келинаётгани айтилган. Бироқ, талабанинг отаси йиғиб олинаётган пул ёлланма ишчиларга тўланишига ҳам шубҳа қилади. "Пахта тераётган ёлланма ишчиларга шундоқ ҳам пул берилади, ким бу ердан қўшимча пул олиб берарди уларга?" - дейди у.

Тошкент шаҳрининг Қибрай туманида жойлашган мазкур коллежга бориб вазиятни ўрганишга уринган Елена Урлаеванинг Би-би-cига айтишича, фарзандлари пахта теримига чиқа олмайдиган бир неча ота-оналар пулнинг бир қисмини олиб келиб коллеж директорига топширганлар.

"Уч ота-она 400 минг сўмдан олиб келиб топширишди. Лекин у ердаги куратор бу етарли эмаслиги ва қолган пулни ундириб олиш учун милиция билан уларнинг уйига боришини айтиб қўрқитди. Мен директорнинг ўзи билан гаплашишга уриндим, лекин у дарвоза олдида турганимни кўриб, коллеж томон қочиб кетди", - дейди Урлаева.

Би-би-сининг коллеж раҳбарияти билан сўзлашиш йўлидаги уринишлари унумсиз бўлди.

Баҳодир Маликов ҳам ҳозирда коллеж директори билан учрашишга ҳаракат қилаётгани, агар пул талаб қилишда давом этишса, прокуратурага мурожаат қилишини айтди.

Елена Урлаева мазкур иш бўйича милицияга мурожаат қилган. Бир онадан талаба қизи пахтага чиқмаса "отчисление" қилинишига рози экани ҳақида тилхат ёздириб олиниши ортидан, она Урлаева билан бирга милицияга мурожаат қилган. Ҳозирча коллеж раҳбариятига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Айни дамда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари фаоллари альянси Тошкент метросида мажбурий меҳнатга қарши варақаларни осишаётганини маълум қилишди.

Урлаевага кўра, сешанба куни Пахтакор метросидаги поездда бу каби варақалар топилгач, поезд вақтинча тўхтатиб қўйилган.

Урлаева хоним Қибрай тумани ҳокимияти томонидан шифокорлар, ўқитувчилар ва боғча ходимлари 2 ойга мажбуран пахта теримига чиқарилгани, жазирама иссиқдан ҳушидан кетган қатор шифокорлар поликлиникадаги ишга қайтарилганларини ҳужжатлаштирганини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio