Ўзбек пахтасининг ўтмиши ва бугуни

Ўзбекистонда бир йиллик пахта ҳосилидан республика бюджетига қанча даромад тушади ва бу даромад қайси ижтимоий мақсадларда сарфланади - бу саволларга жавоб расмийлар томонидан ҳечқачон ошкор қилинмаган.

Охирги йилларда халқаро ташкилотлар пахта ўзбек халқининг эмас, бир ҳовуч амалдорнинг бойлик манбасига айланганини айтиб келадилар.

Британиянинг Кардиф университетида илмий тадқиқот олиб бораётган ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Ҳазратқуловнинг Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда айтишича, "Мамлакат қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар ўтказилмаган ва пахта етиштириш тизими Шўролар давридан бери деярли ўзгаришсиз қолмоқда.

Фарҳод Ҳазратқуловнинг айтишича, пахта Ўзбекистон тарихининг охирги 200 йили мобайнида ҳам сиёсиё, ҳам иқтисодий ва ҳам ижтимоий ҳаётининг марказида бўлиб келган.

19 аср бошларида Россия иқтисоди пахтага эҳтиёжини қондириш учун Марказий Осиёга эътибор қаратиб, Ўзбекистон иқтисодиёти пахта яккаҳокимлигига асосланган иқтисодга айлантирилади.

"Бир томондан бу ўзбек халқининг фаровонлигида бир қадар ижобий рол ҳам ўйнаган", дейди Фарҳод Ҳазратқулов. "Пахта туфайли Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига катта сармоялар ётқизилди, сув омборлари, йўллар, пахтани қабул қилиш пунктлари қурилди. Бутун бошли тизим яратилди. СССР даврида бунинг ортидан ўзбек халқи аввалгидан фарқли анчайин фаровон ҳаёт тарзини кўра бошлаган".

Лекин Шўролар қулаганидан сўнгги мустақиллик йиллари "Бизни пахта хом ашёси манбасига айлантиргандилар" , дея, у ўтмиш танқид қилинса ҳам бу тизимга асосланган иқтисодни ўзгартириш учун кўп нарса қилингани йўқлигини эътироф этади.

"Аввал Шўролар учун пахта хом ашёси манбаси бўлган бўлсак, ҳозирда жаҳон учун хом ашё манбасига айланганмиз. Пахта саноати бизни ортга чекинтирмоқда, халқ учун жазо бўлиб қолди. Пахта соҳасидаги мажбурий меҳнат каби кўриниш бизни жаҳон ҳамжамиятидан ажратиб қўяётган омилга айланган. Ана шу туфайли Ўзбекистон танқидларга тутилмоқда, обрўсига путур етмоқда".

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Айни вақтда шу кунларда мамлакатда бу йилги пахта ҳосилини йиғиб олиш мавсуми бошланган.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг айтишича, давлат сектори хизматчиларини пахта теримига олиб чиқиш вилоятда 8 сентябрда бошланган.

"Давлат сектори ходимлари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, шунингдек, лицей ва коллежларнинг юқори курслари талабларини пахта йиғим-теримига олиб кетдилар", деди ҳуқуқ фаоли.

Аммо Ўктам Пардаевга кўра, пахта теримига жалб этилганлар орасида бу йил ёши 18 етмаганлар ҳозирча кузатилмаган.

Бироқ теримчилар учун яратилган шароит яхши эмас ва терилган пахта учун берилиши айтилган ҳақнинг бир қисми озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёжлар учун ушлаб қолинмоқда, деди жиззахлик фаол.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio