"Популизм билан шуғулланманг, ҳоким бова!"

Дабдабали тўйлар кўпдан танқид қилиб келинади Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Дабдабали тўйлар кўпдан танқид қилиб келинади

Самарқанд вилоят ҳокими тўйлардаги дабдабани танқид қилган. Зоир Мирзаев маҳаллий телеканал орқали қилган чиқишида Самарқандда тўйлар "ҳаддидан ошиб кетаётганини" айтган. Твиттер фойдаланувчилари вилоят ҳокимининг сўзлари амалда ҳеч нарса ўзгартирмаслигини билдиришган.

Самарқанд вилояти ҳокими Зоир Мирзаев шанба куни эфирга кетган кўрсатувда вилоятда дабдаба билан ўтаётган тўйларни ва шундай тўй ўтказган айрим кишиларни танқид қилган.

Кўрсатувни томоша қилган журналист Фарҳод Норбўтаевнинг Би-би-сига айтишича, ҳоким иштирокидаги йиғилиш кўрсатув ҳолида эфирга узатилган.

"Унда ҳоким тўйларни қисқартириш ҳақида гапирди. 10-15 машина иштирокида карвон бўлиб кетяпти. Шунақа нарсалар бўлмасин деди", - дейди Фарҳод Норбўтаев.

Ҳокимга кўра, энди тўйларда хонандалар мусиқа овозларини 65 децибал темпдан кучайтирса жаримага тортилади, ЗАГСга тўрттадан ортиқ машина жалб қилинса ҳам жарима бор. Тўйларнинг вақти борасида ҳам чекловлар киритилган. Ёз ойларида тўйлар 23:00 гача давом этади, қиш кунлари 22:00 дан ўтиб кетган тўйларга жарима солинади.

Маълум бўлишича, вилоятдаги тўйларни ўрганиш учун махсус ишчи комиссия тузилган. Комиссия тўйхоналардаги овоз даражасидан тортиб, тўй соҳиблари қанча машина ёллагани ва қанча ҳарж қилгани каби ҳолатларни ўрганган.

Вилоят ҳокими Пастдарғом туманидаги тўйда келин куёвларга 30 та Каптива русумли машина ҳамкорлик қилганини таъкидлаб ўтган. Ресторанларда қўшимча ҳаражатлардан ташқари 400-500 одамга 35-39 миллион сўм (бозор курсида 7000-7800 доллар) ҳаражат қилинаётгани айтилган.

"Ҳокимнинг гаплари популизм"

Твиттер ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари Самарқанд вилоят ҳокимининг тўйлар ҳақида қилган чиқишига турли муносабат билдирган.

Тўйхоналарда овоз кучайтиргичларга нисбатан маълум меъёр белгиланиши илиқ кутиб олинган.

"Кошки шу иш амалда қўлланса, тўй баҳона қариндошлар билан ҳол-аҳвол сўраб олардик", - дейди Rashid Usmonov.

Айрим фойдаланувчилар ҳокимнинг тўйлар ҳақида қилган чиқишини танқидий кўз билан қарши олган.

"Ану куни дабдабали қилинган тўй уникимасмиди. Ёки ўзига мумкину қолганларга мумкин эмасми", - деб ёзади фойдаланувчилардан бири.

"Ҳокимнинг чиқиши тиниқ популизм! Бу нарса билан дабдабабозликни йўқ қилиб бўлмайди. Шу комиссия раисининг наҳор ошига 1200 одам келган. Ош дамлаган ошпаз айтувди. "Шакар ема" деб айтиш учун ҳеч бўлмаса Маҳатма Гандига ўхшаб 40 кун шакар емай туриб, кейин айтинглар!", - дейди яна бир фикр қолдирувчи.

Ўзбекистонда дабдабали тўйларга нисбатан кампаниялар бундан олдин ҳам ўтказилган. 1998 йили президент Ислом Каримов тўй ҳашамларни тартибга солишга оид фармойиш ҳам чиқарган.

Тошкент шаҳар кенгаши 2012 йили пойтахтдаги тўйларни тартибга солиш бўйича қарор қабул қилган.

Бироқ кузатувчиларнинг айтишича, қарор ва фармойишлар чиқишига қарамасдан тўйлардаги дабдабабозлик камаймаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ