Ўзбекистонлик дўстдан жавоб ёки "яшасин яланғоч ашулачилар!"

Image caption Бу Лола Йўлдошева...

Ассалому алайкум, дўстим, мактублар учун раҳмат, бир эмас, бир неча мактуб йўллабсан, энди мен ҳам бир замондошинг сифатида жавоб ёзишга қарор қилдим.

Аввалига, сенинг мактубларингга қолдирилган изоҳлар орасидан биттаси менга жуда ёмон таъсир қилганини айтсам, ўқувчилардан бири “ёзганингиз билан бирор нарса ўзгармайди, фойдаси йўқ”, дебди.

Эҳтимол фойдаси бўлмас, ростдан, жамият уч-тўртта мактуб билан ўзгариб қолмайди, аммо шу мактублар нималаргадир туртки беради деган умид, очиғини айтсам, сенда ҳам, менда ҳам ҳали бери сўнадиган кўринмайди.

Оҳ, бу мавзуга тил текизмаган одам қолмади, зиёли дегани билан ўтирсанг ҳам соатлаб “миллийлик”, “маънавият”, “буюк тарих” ҳақида...бир эзилиб, бир куюниб, бир шу замонага қараб ваъзхонлик қилишади.

Бир ойча аввал шунақа давраларнинг бирига тушиб қолдим, энди Лола билан Райҳондан бошлашганида шартта “ақлли” телефонимни олдимда, “Гулнора Каримова” деб расмлар қидирувига бердим! Ана чиқиб келди расмлар, мана чиқиб келди, ишон, расмларни кўриб, ўтирганларнинг орасида бир нафари қизариб ҳам кетди! Кейин телефон қўлма-қўл бўлди, энг кулгилиси зиёлинамолардан бири “энди, буёғи сиёсат...” деб қолса бўладими?!

Image caption Бу эса Гулнора Каримова

Нимага сиёсат бўлади? Оғиз кўпиртирилаётган “миллий қадрият”лардан президентнинг қизи устунми?

Бошқа бир зиёли эса бирдан ўрнидан турди. Дўқ-пўписа билан менга қарата, “манга қаранг, президентимиз қизи бўлса ҳам танобини тортиб қўйдими, қўйди, қамаб ҳам қўйдими, қўйди, бир ота бўлса, шунча бўлар! Ҳаммамизга ўрнак бўлдилар”, деди.

Ишқилиб, енгилдим. Алам қилгани эса, бутун мамлакатда бугун ашулачининг иштону куйлагидан бошқа мавзу, бошқа муаммо йўқ. Ҳа, айтганча, бор яна бир муаммо, Кореянинг сериали яхшими, Ўзбекистонникими деган муаммо...Ётволиб баҳс қилинади бу масалада!

Аммо биласанми нима, дўстим, маладес Лола, Райҳона, Манзура, Нилуфар, Муниса ва Юлдуз!

Зиёлилар қалами, виждони ва тили билан қилмаган жиҳодни шулар қилсин!

Ўзбекистонни темир пардалар ортида сақлаётган, халқни “ҳашар”, коррупция ва адолатсизлик билан эзаётган ҳукумат ва ҳукуматпараст бир ҳовуч зиёлиларга қарши ярим яланғоч бўлса ҳам, шу ашулачилар Инқилоб бўлсин!

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бу Ўзбекистон эмас, аммо...

Араб диёрида баҳорий ва собиқ иттифоқда рангли инқилоблар бўлса...Ўзбекистонда ашулачиларнинг “яланғочлар инқилоби” бўлсин! Ҳарна инқилоб, ҳарна ўзгариш...Ўзбекистонда ҳам FEMEN издошлари чиқиб қолар?!

Эҳтимол ўшанда ... ҳеч қурса Россиянинг “Орел и решка” деган кўрсатуви ижодкорлари Тошкенту Самарқандни кезишса, ҳали ҳам ЕТМИШИНЧИ ЙИЛЛАРДАГИ ШЎРОЛАР замонасига тушиб қолганларидан нолимаслар! Мазах қилмаслар!

Сен Ғарбнинг таълим тизимини мақтайсан, мен эса бутун Ўзбекистоннинг таълим тизими ҳақида иккита сўз айтаман, қолгани ўзингга маълум, хуллас мана ўша икки сўз:

ПАХТА

ПОРА

Image caption Бу эса Ўзбекистоннинг пахтаси!..

Президентнинг «Ўзбекистон - келажаги порлоқ давлат” деган арзон шиорининг келажаги ҳам ана шу икки сўз билан қоронғулашиб қолгандай...

Шу икки сўз ҳақида гапираман деган зиёлини кундуз куни шам ёқиб тополмайсан!

Ана шунақа гаплар, омон бўл, дўстим!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ