Ўзбекларни Сурияга нима тортмоқда?

Интернетга чиқарилган видеода ўзбек йигитининг гўёки худкушлик ҳужуми содир қилгани таъкидланади Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Интернетга чиқарилган видеода ўзбек йигитининг гўёки худкушлик ҳужуми содир қилгани таъкидланади

Суриядаги гўёки илк ўзбек йигитининг зирҳли машинада худкушлик ҳужуми содир қилиши муҳокамаларга сабаб бўлди. Сурия тупроқларида ўзбеклардан ташкил топган бир неча жангари гуруҳ борлиги айтилади. Мутахассисларга кўра, уларни турли мақсад бошлаб келган.

Кўринишидан 17-18 ёш атрофидаги ўзбек йигити асосан шиалар яшайдиган Фуа қишлоғидаги бинога бориб ўзи ва бомба ортилган зирҳли машинани портлатгани айтилади.

Сурия тупроқларида ўзбеклардан ташкил топган бир неча жангари гуруҳ фаолият юритиши таъкидланади.

Эътиборли томони улар Сурия ҳукуматига қарши курашаётганини таъкидлаётган бўлса-да, фикрий жиҳатдан бир бирига зид зид қарашларни билдиришади.

Лондондан илмий ходим Жоанна Парашук собиқ Совет ҳудудларидан Сурияда жанг қилаётган хорижий жангариларни тадқиқ қилиш билан шуғулланади.

Унга кўра, Сурияга кетган Марказий осиёликларнинг рақамлари борасидаги турли расмий баёнотларга шубҳа билан қараш керак.

Жоанна Парашук: Авваламбор шуни таъкидлаш керакки, Сурияда жанг қилаётган хорижий жангариларнинг аниқ сонини билиш ўта мушкул. Уларнинг рақамларини билиш учун имкон йўқ. Иккинчидан, Сурияга жанг қилиш учун кетаётган одамлар ҳақида гапирганимизда, улар ўзлари билан оилаларини ҳам олиб кетаётганларини инобатга олишимиз керак. Шунингдек, жангарилар орасида уларни қўллаб қувватлашга отланган аёллар, жангчиларнинг хотинлари, бола-чақалари ҳам бор. Рақамлар қанчалар ишончли деган саволингизга, биз аниқ рақамларни умуман қўлга киритиш контекстида ёндашимиз керак. Гоҳида уларнинг сонини кўпайтириб кўрсатиш Мараказий Осиё ҳукуматларининг манфаатига хизмат қилади. Яъни расмийлар бор муаммони хаддан ташқари бўрттириб кўрсатишмоқчи. Ёда вазият уларнинг назорати остида эканини намоён этиш мақсадида жангариларнинг сонларини камайтириб кўрсатишга мойиллик ҳам кузатилмоқда.

Би-би-си: Суриядаги Марказий осиёликларнинг умумий жиҳатларини таърифлашга уринсак, хусусан ўзбеклар, ҳақида нима дея оласиз. Улар ўзи ким?

Жоанна Парашук: Қизиқ жиҳати шуки - биз Сурияга кетаётган турли хил одамларни кўраяпмиз. Биринчи гуруҳга тажрибали жангчилар киради. Мисол учун улар орасида Салоҳиддин Ал Ўзбеки машҳур. У ўзбек жангариларининг Имом Бухорий жамоати амири саналади. Унинг гуруҳи Алеппо вилоятида жойлашган ва Афғонистондаги Толибон билан иттифоқдош. У сирли шахс бўлиб, у ҳақида кўп нарса билмаймиз. Унинг айтишича, Афғонистонда Толибон сафларида йиллаб курашиб келган. Яъни у ҳарбий амалиётларда катта тажриба орттирган аскар. Иккинчи гуруҳга жанг қилишда тажрибаси бўлмаган ва Сурияга Москва орқали борган меҳнат муҳожирлари киради. Булар Россияда ишлаб юрганида радикаллашган ва шу орқали Исломий Давлат ташкилотига қўшилиб кетган. Уларда ҳарбий амалиёт тажрибаси мутлақ йўқ. Умуман Суриядаги ўзбекларни таҳлил қиладиган бўлсак, у ерда ўзбекистонлик ўзбеклар, Марказий Осиё минтақасидан бўлган этник ўзбеклар ва Россиянинг турли ҳудудларидан бошқа ўзбеклар ҳам бор. Масалан, Ал Қоида иттифоқдоши бўлган Жабҳат ал Нусра гуруҳида кўзга кўринган жангчи – татаристонлик ўзбек Абу Рафиқдир.

Би-би-си: Сиз Имом Бухорий гуруҳини тилга олдингиз. Улар билан бирга Сурия ҳукуматига қарши кураш олиб бораётган ўзбекларнинг бошқа гуруҳи ҳам бор, шундайми?

Image caption Сурияда асосан ўзбек жангариларидан ташкил топган гуруҳлар ўртасида зиддият борлиги айтилади

Жоанна Парашук: Бу гуруҳнинг номи Тавҳид ал Жиҳод бўлиб, ўзбеклардан ташкил топган. Улар ҳам Имом Бухорий гуруҳига ўхшаб Суриянинг Алеппо вилоятида жойлашган. Бироқ кўринишидан Тавҳид ал Жиҳод ўзини ҳаммадан мустақил тутган гуруҳ. Қайси шахс ёки гуруҳга содиқлик қилаётгани аниқ эмас. Бироқ шуни таъкидлаш керакки, бу гуруҳ Жабҳат Ал Нусра билан биргаликда жанг олиб бориб, Ал Қоидага яқин қарашларни изҳор этмоқда деб талқин қилишимиз мумкин. Ўзбеклардан иборат мазкур иккала гуруҳ Асад ҳукуматига қарши кураш олиб бормоқда. Яна бир муҳим жиҳат - Исломий давлат гуруҳида ҳам ўзбек жангарилари бор.

Би-би-си: Марказий осиёликлар қандай мафкура таъсирига кўпроқ тушишмоқда? Уларни нималар жалб этмоқда? Улар учун халифалик ғояси қанчалар кучли?

Жоанна Парашук: Афтидан уларни кўп нарса жалб этади. Аксар одамлар халифалик қуриш ғоясига берилиб, қизиқиб Сурияга борадилар. Бошқа одамлар исломий ҳаёт тарзини фақат ИШИД назорати остида бўлган ҳудудларда юритиш мумкин, дея у ерга кетади. Бундан ташқари Суриядан ёпирилиб келаётган ташвиқот ҳам, яъни Асад режими муслумонларни бомбардимон қилаётгани борасидаги тасвирлар ва видеолар ҳам ўзининг катта ролини ўйнамоқда. Баъзи Марказий осиёликлар бунинг таъсири остида сурияликларга ёрдам бериш учун ҳам боришлари мумкин. Яъни “агар сен Сурияга келиб жиҳод қилсанг, бошқа мусулмонларга кўмак беришинг мумкин” деган маънода.

Би-би-си: Яқинда Сурияда гуёки биринчи ўзбек худкуш ҳужумчи амали тасвирлаган видео интернетда пайдо бўлди. Сиз видеони таҳлил қилиб, таърифлаб бероласизми?

Жоанна Парашук: Ҳа, бу жуда шокга келтирувчи видео. Видеони Суриянинг Фуа номли шиалар қишлоғига қарши жанг қилган Имом Бухорий гуруҳи жанглардан сўнг чоп этган. Биз видеода ўзбек жангариларининг бир гуруҳи жуда ёш ўзбек йигитни зирхланган машинага қўяётганларини кўраяпмиз. У жуда ҳам қўрққан қўринади. Машина люкига тушганида йиғлай бошлайди. Унинг атрофида бўлган ёши каттароқ эркаклар унга “йиғлама, сен Оллоҳнинг йўлидасан” дейишмоқда. Видео охирида биз йирик портлашни кўрамиз, яъни бу йигит ўзини портлатиб, амалиётни бажарганини англаб оламиз. Илк бор бу гуруҳдан биз худкушчини кўрдик. Мен биринчи марта ўзбек йиғитни ўзини портлатишдан олдин камерага тушганини кўрдим. Бу жуда ҳам хавотирли мойиллик.

Би-би-си: Сиз тадқиқот учун маълумотларни қаердан оласиз? Жангариларга бевосита боғланиб мулоқотда бўласизми?

Жоанна Парашук: Ҳа, улар билан гаплашиб тураман. Масалалан, яқинда Имом Бухорий жамоатидан жангчилардан бири боғланиб, жиҳод ҳақида ёзган мақолаларимга эътироз билдирди. Унинг айтишича, биз Суриядаги воқеаларни нотўғри ёритаяпмиз, керакли даражада мақтамаяпсиз деб танқид қилди. “Одамлар ҳамиша ИШИД ҳақида гапиришади, биз Имом Бухорий жамоати ҳеч ҳам ИШИДга ўхшамаймиз, чунки биз мусулмонларни ўлдирмаймиз” деб айтган. Бу унинг сўзлари эди. Мазкур гуруҳ ижтимоий тармоқларда жуда фаол, суратлар ва видеоларни чоп этади. Улар ташқаридаги одамлар гуруҳ ҳақида билишларини жуда хоҳлашади. Қачон улар билан боғлансам ўз хикояларини гапириб бериш учун имкон пайдо бўлганидан хурсанд бўлишади. Чунки улар олиб бораётган жиҳод курашига қаттиқ ишонишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio