Ўзбек жиҳодчилари янги режаларини очиқлашди

Афғонистоннинг Марказий Осиёнинг шундоққина биқинидаги Қундуз шаҳрида қақшатқич жанглар давом этаркан, толибонпараст “Исломий Жиҳод Иттифоқи” ўзбек жиҳодий гуруҳи худди шундай баёнот билан чиққан.

Гуруҳ баёноти мазмунидан англашилишича, мужоҳидлар шимолий-шарқий Қундуз вилоятини буткул забт этгач, Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти ва унинг маркази Мозори Шариф шаҳарига ҳужум қилиш режасидалар.

“Исломий Жиҳод Иттифоқи” бу ҳақдаги баёнотини кеча 29 сентябр куни ўзининг Sodiqlar.infо манзили остидаги веб саҳифасида чоп этган.

Агар, гуруҳнинг ўз баёнотида қилган иддаосига ишонилса, бу сўзларни Қундуз вилоятидаги бўлинмаси қўмондони айтган.

Аммо худди шу баёноти манзарасида “Исломий Жиҳод Иттифоқи” веб саҳифасида ўзлариники эмас, афғон ва бошқа ахборот агентликларининг Қундуздаги жанглар акс этган суратларини чоп этган.

Шахсан ўзлари “ҳужжатлаштирган”ларини эса, келаси бир неча кун ичида ошкор қилишга ваъда берган.

“Исломий Жиҳод Иттифоқи” гуруҳи бор-йўғи бундан бир неча кун бурун эълон қилган бошқа бир баёнотида ҳозир Афғонистоннинг “Тожикистонга чегарадош кўплаб ҳудудларини назорат қилаётганликлари”ни иддао қилганди.

“Маҳаллий халқ орасида кўплаб “тарафдорлари ва мухлислари бор”лиги, “Амударё соҳилларида бемалол ҳаракат қилишаётгани”ни айтганди.

Гуруҳ чегаранинг "заиф нуқталарини ўрганаётгани ва маълумот тўплаётгани"ни ҳам даъво қилган, аммо кейинги режалари ҳақида бирор бир маълумот бермаганди.

"Исломий Жиҳод Иттифоқи"

“Исломий Жиҳод Иттифоқи” гуруҳига 2002 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларидан ажралиб чиққан жангарилар томонидан Покистонда асос солинган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг ишонишларича, гуруҳ шу пайтгача Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан мустақил фаолият олиб боришга ҳаракат қилиб келади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўтган йил охирида ҳозир Афғонистонда ҳам фаоллашишга муваффақ бўлган Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига расман байъат келтирган.

Аммо “Исломий Жиҳод Иттифоқи”нинг Афғонистон ёки Покистондаги “Исломий Давлат” жангарилари билан қандай алоқада экани, ҳозирча, маълум эмас.

Агар, гуруҳнинг шу йил ўрталарида эълон қилган баёнотига ишонилса, жорий пайтда Афғонистоннинг жанубий ва шарқий минтақаларидан ташқари, Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз ва Бадахшон вилоятларида ҳам Толибон ҳаракати, “ал-Қоида” тармоғи ва Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати жангарилари билан бир сафда жанг олиб боришмоқда.

Ўтган ойги баёнот ва фотосуратларига таянилса эса, Афғонистон шимолидаги жангарилари аллақачон Афғонистон Толибон ҳаракатининг янги лидери Мулла Ахтар Мансурга байъат келтириб бўлишган.

“Исломий Жиҳод Иттифоқи” гуруҳи аъзоларининг бугунги сонига оид аниқ рақамлар йўқ. Аммо 2008 йилги маълумотларда уларнинг сони 200 нафар атрофида экани тахмин этилганди.

Агар, айрим хабарларга ишонилса, уларнинг орасида ўзбекистонликлардан ташқари, яна Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Покистон фуқаролари ҳам бор.

Гуруҳга Нажмиддин Жалолов номли шахснинг бошчилик қилиши ишонилади.

Бош қароргоҳи Покистоннинг Афғонистонга чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида экани айтилади.

"Исломий Жиҳод Иттифоқи" орада Оврўпода террорчилик амалларини режалаштиришда ҳам гумон қилинган.

Гуруҳ Олмониядаги Америка муассасаларига ҳужумлар уюштиришни режалаштиргани айтилганди.

Аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар, афғонистонлик масъулларнинг сўзларига таянилса, май ойидагисидан фарқли тарзда Қундуз вилоятидаги сўнгги жангларда юзлаб Толибон жангарилари иштирок этишмоқда.

Яъни, уларнинг Қундуз юзасидан шу кеча-кундузда қилаётган чиқишларида хорижий жангарилар номи алоҳида тилга олинмайди.

Қундузга қарши бундан аввал уюштирилган ва Афғонистон Толибон ҳаракатининг илк баҳорги амалиёти сифатида баҳо берилган ҳужумларда юзлаб хорижий жангарилар иштирок этишгани айтилган, вилоят масъуллари эса, уларни “Исломий Давлат” гуруҳи аъзоларига нисбат беришганди.

Бу хорижий жангарилар аксариятининг марказий осиёлик эканликлари, ораларида, яна шунингдек, араб, чечен, татар, уйғур ва туркларнинг ҳам борликлари айтилганди.

Аммо ҳозирга қадар бу жангариларнинг аниқ қай бир гуруҳга мансуб эканликлари маълум эмас.

Афғон ҳукумат кучлари эса, орадан бир неча ҳафта ўтиб бўлса-да, Толибон ҳаракати ва “Исломий Давлат” гуруҳи Афғонистонда ҳамоҳангликда уюштирган бу илк ҳужумни даф этишга муваффақ бўлишганди.

Жанглар ичидаги Қундуздан олинаётган энг сўнгги хабарлардан ҳалок этилганлар орасида араб ва покистонлик исёнчиларнинг ҳам борликлари аён бўларкан, маҳаллий ҳарбий таҳлилчиларга кўра, бу – хорижий жангариларнинг ўшандан буён вилоятни тарк этмаганликларига далолат қилади.

Шимолий-шарқий Қундуз вилояти эса, Афғонистонда Толибон тузуми қулатилган 2001 йилга қадар Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг асосий таянч нуқтаси бўлиб келган.

Ҳам маҳаллий масъуллар ва ҳам маҳаллий аҳолининг сўзларига таянилса, яқин-яқингача Покистоннинг қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан бошпана топиб келган ҳаракат сўнгги йилларда Афғонистон шимоли-шарқи, айниқса, Қундуз вилоятида қайта фаоллашишга муваффақ бўлган.

Шимол ва хорижий жангарилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, жорий пайтда Афғонистон шимолидаги хорижий жангариларнинг сони 2.000 дан ортади.

Яқинда Туркманистонга бевосита қўшни шимолий Фарёб вилоятидаги ҳарбий амалиётларга бошчилик қилган Афғонистон вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум ҳам ўзларига қарши урушаётганларнинг аксарияти “Исломий Давлат” жангарилари экани, уларнинг орасида чечен, уйғур ва ўзбекистонликлар ҳам борлигини айтганди.

Афғонистонни катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари тарк этиб бўлган бир йилда эса, ноодатий тарзда, зўравонликларнинг айнан мамлакат шимоли-шарқида кучайгани кузатилади.

Бундан аввал катта сондаги хорижий жангарилар толиблар билан бир сафда Бадахшон вилоятининг Юмгон туманини босиб олишган ва маълум муддат ўз назоратлари остида тутиб туришга муваффақ бўлишганди.

Бундан ташқари, шимолий Фарёб, Сарипул, Жаузжон, Тахор, Балх ва Бағлон вилоятларида ҳам беқарорликларнинг кучайгани кузатилади.

Аксарият минтақа давлатлари, ҳатто, Россия ҳам Афғонистондаги вазиятнинг худди Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан ошкора хавотирда.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра эса, “Исломий Давлат”нинг фаоллашуви Афғонистонда вазиятни янада чигаллаштирган.

Афғонистон Толибон ҳаракати ва “Исломий Давлат” гуруҳи ўртасидаги алоқалар эса, ҳозирча, ноаён: Афғонистон шимолида улар иттифоқчидек кўринишса, мамлакат шарқида бир-бирларига қарши аёвсиз жанг олиб боришаётгани кузатилади.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, мавжуд вазият Афғонистоннинг шундоқ ҳам қатор сиёсий инқирозларни бошидан кечирган янги ҳукуматини қийин аҳволда қолдиради.

Минтақа ва "Исломий Давлат"

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, ўтган ой яқин-яқингача ўзининг яқин иттифоқчиси бўлиб келган Афғонистон Толибон ҳаракатини ҳам “Исломий Давлат” сафларига қўшилишга даъват этганди.

Толибон ҳаракати раҳбарияти эса, шу йил бошида лидери Абу Бакр ал-Бағдодийга очиқ мактуб билан чиқиб, “Исломий Давлат” гуруҳини Афғонистондан узоқроқ туришга чақирган ва акс ҳолда бунинг оқибатлари ёмон бўлиши билан огоҳлантирганди.

Яқин Шарқда ўзининг исломий халифалигига асос солган ва бугунги кунда дунёдаги энг қудратли жиҳодчи гуруҳ сифатида тан олинувчи “Исломий Давлат” эса, аввалбошдан глобаллашиш ниятида эканини ҳеч кимдан яширмай келади.

Гуруҳ Ислом динидаги учта муқаддас заминни ўз ичига олувчи башарий халифат барпо этиш режасида: Яъни, Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиё минтақасининг ҳам бир қисмини ўз ичига олувчи қадим Хуросон давлатини қайта барпо этишни мақсад қилган.

“Исломий Давлат” ўзининг ўтган йилги расмий баёнотида, “қўшинларининг қадами етиб борган ҳар қандай ҳудуддаги барча амирликлар, гуруҳлар, давлатлар ва ташкилотлар йўққа чиқиши”ни ошкора баён қилган.

Маҳаллий ҳарбий таҳлилчиларга кўра, шимолий-шарқий Қундуз ва шимолий Фарёб вилоятларининг жангарилар қўлига ўтиши Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош шимолий-шарқий минтақасининг мағлубиятини ҳам осонлаштиради. Уларни марказдан кесиб қўяди.

Афғонистон шимоли-шарқида эса, мамлакатнинг жаъми 34 вилоятидан ярмига яқини жойлашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ