Ўзбекистон: 'Таппи даври келди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Африка ё Ҳиндистонда ёқилғи йўқлиги учун таппи ёқишади, аммо четга газ сотаётган ўзбекнинг куни нега таппига қолаётгани ғалати. (Суратлар Yumoristika Jurnalistika Geofizika блоги "Таппи тайёрлаш технологияси" мақоласидан олинган).

"Газ Ўзбекистонда текиндан ҳам беш баттар" - деб ёқилғи арзонлигига ишора қилади ижтимоий тармоқда фикр қолдирган ўқувчимиз Жамолиддин Ханафий.

"Бир йилга 15-20 минг тўланади. Шукрона қилиш ўрнига нолийсизлар".

Айни фикр бошқа ўқувчиларда норозилик уйғотган.

"Ойдан тушмаганмисиз?" - деб савол қўйган Бозорбой Рустамов - " Участкамда ҳали 2014 йилда 1 миллион сўмдан тўлардим. Ҳозир квартирада газ пули кам, аммо иссиқ сув ва иситиш тўлови чақиб ташлайди".

Одатдагидек, қатор ўқувчилар Ўзбекистонни танқид қилмасдан, тинчликка шукр қилиш зарурлигини урғулашган.

Аммо Хайрулло Ҳусанов айни фикрларга қарши чиқади.

"Дунёнинг 93% давлатида тинчлик. Ҳадеб ҳамма нарсага тинчликни рўкач қилаверманглар ва ундан кўра саволга жавоб беринглар" - деб ёзади.

Ҳукумат қаллобми?

Шу ўринда Тоҳир Билолов исмли фойдаланувчи саволга жавоб излайди ва дунёда газ нархи ўтган йил учдан бир қисмга арзонлаганини, нефть баҳоси эса икки бараварга тушиб кетганини таъкидлайди.

"Аммо бизда нархлар тескари йўналишда ҳаракатланади" - деб Ўзбекистондаги аҳволни изоҳлайди бу ўқувчи.

"Бу ерда икки сабаб бўлиши мумкин. Биттаси - ҳукуматнинг қаллоблиги, иккинчиси эса - иқтисодимизнинг ёпиқлиги. Халқимиз шунга бадал тўламоқда".

"Дунё бозоридаги нархларга солиштирганда газ ва нефть маҳсулотлари Ўзбекистонда ҳалиям арзон" - деб айни фикрга эътироз билдиради Шамситдин Нуриддинов.

Image caption Ўзбеклар ҳукумат етказиб беролмаётган ёқилғини қорамолдан олишмоқда.

"Пенсия оширилиши билан бирга барча нархлар ошади" - шу ерда мавзуни давом эттиради Тўрабой Мадаминов - "Нафақадор ва бюджетдан ойлик олувчиларнинг боши қотган".

"Газ нархини ошириш уят эмасми?" - савол қўяди Муму Муму лақабли фойдаланувчи - "Қўшниларга сотамиз, аммо ўзимиз қишда совқотиб чиқамиз".

Газ нархи ошиши устида бошланган фикр-мунозара илгарилари ҳам кузатилгани каби танқидчилар ва ҳукуматпарастлар ўртасидаги ҳақоратомўз баҳсга айланиб кетган.

Кўпчилик ватанимиз ривожланмоқда, четдаги ватангадолар ютуқларимиз ва тинчлигимизни кўролмаяпти, деб айблайди.

Уларга қарши мавқедаги ўқувчилар эса "сизлар фахрланиб ўтираверинглар, шу учун ҳам чет элларда миллионлаб ўзбеклар мардикор бўлиб юришибди экан-да" қабилидаги фикрларни изҳор этганлар.

Ўзбегим, таппингдан қолма!

Нафиса Элчиева исмли ўқувчи газ ва электр нархи ошиши боис билдирилган шикоят ва нолишлардан безганини ёзган.

"Ҳаммаси юртбошимиз назоратида. Вақтинча узилишлар ҳали йўлга тушади" - ишонч билан таъкидлайди Нафиса.

"Биоёқилғи ишлатадиган давр келди, ўзимизнинг қуритилган таппи" - Азлар Фридом тахаллуси билан фикр қолдирган бир ўқувчи.

"Камига ғирт текин" - деб унинг фикрини қувватлайди Сардорбек Ҳасанов.

"Нега одамлар бир ярим минг долларга айфон олаётганини ҳеч ким гапирмайди?" - дейди Севара Халмухамедова - "Газ ва светнинг нархи ошиши кўзга кўринади".

"Айфон тутмаётганлар нима қилади?" - унга қарши савол қўяди Феруза Ғуломова - "Топган пули фақат тўловга кетаяпти! Ойига 130 минг сўм пул билан қандоқ яшайсиз?"

"Ёки бирор тирикчилик, ёки қаллоблик!!! Бошқа йўли йўқ!"

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ