“Биз ҳеч кимдан кам эмасмизми?"

Яқинда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ Бош Ассамблеясида қилган нутқида, Ўзбекистон аҳолиси 2030 йилгача ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган даромадга эга мамлакатлар қаторига киражагини айтган. Вазир жаноблари бир неча халқаро молиявий ташкилотларга кўра, Ўзбекистон иқтисодий ўсиш бўйича дунёда бешинчи ўринда турмоқда деб айтган. Ушбу нутқ ижтимоий тармоқларда ва илмий марказларда кенг муҳокама қилинди. Лондондан таҳлилчи Алишер Илҳомов “бундай кетса 2030 йилда ўзбекистонликлар пахта теримига мерседесларда боришади” дея изоҳ қолдирган. Би-би-си Лондон университетида ишлаётган Алишер Илҳомовни суҳбатга тортди.

Би-би-си: Ташқи ишлар вазирининг нутқидан Ўзбекистон иқтисодиёти узоқ муддатга режалаштириш усулига ўтаётган деган маъно келиб чиқадими?

Алишер Илҳомов: Агар ҳақиқатдан ҳам бундай бўлганда, буни фақат олқишлашимиз мумкин эди. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати айрим бир урфга риоя қилаётганмикан, деган шубҳалар пайдо бўлади. Масалан, Қозоғистон яқинда 2030 йилга қадар иқтисодий ривожланиш борасида миллий дастурни қабул қилди. Эҳтимол, Тошкентда “биз ҳеч кимдан кам эмасмиз” дея, “келинглар биз ҳам шунга ўхшаш бир нарсани ўйлаб топайлик “ дея амал қилишгандир. Лекин узоқ муддатга режалаштириш борасида қарор қабул қилинганида, авваламбор, аниқ бир йўналишни ишлаб чиқариш керак. Одатда бундай йўналиш давлатнинг иқтисодий сиёсати ҳамда ижтимоий соҳа ва барча давлат тузулмаларини қамраб олади. Узоқ муддатни кўзлаган прогноз бугунги аҳволимизни синчковлик билан қилинган таҳлилга асосланиши керак. Қўпол қилиб айтганда, қандай ботқоқда яшаётганимизни англаб олишимиз лозим бўлади. Лекин бундай таҳлил ёки мавжуд муаммоларимизни тан олиш ҳоллари рўй бермаяпти.

Би-би-си: Бироқ қатор халқаро молиявий ташкилотларга кўра Ўзбекистон иқтисодий ўсиш бўйича дунёда бешинчи ўринда турмоқда деб айтган Абдулазиз Комилов. Ҳар ҳолда бешинчи ўринда турмаса ҳам, катта суръат билан ривожланаётган мамлакатлар орасига кириши мумкин ку...

Алишер Илҳомов: Ҳамма гап шундаки, ўзбек расмийлари келтираётган статистик рақамлар бўрттириб қўрсатилади. Иқтисодий ўсишга боғлиқ расмий статистика ўйлаб чиқилган нарса. Халқаро ташкилотларга келганда, улар Ўзбекистонга ҳамиша қарши турмасликлари учун ҳамда ҳақиқий аҳвол борасида ўзларининг манбалари йўқлиги туфайли , Ўзбекистон бераётган рақамлардан фойдаланишга мажбур. Шунинг учун улар ҳам Ўзбекистон мулозимлари кетидан афсонавий ўсиш борасидаги сўзларни такрорлайдилар. Аслида, мазкур рақамлар кундалик воқеъликка тўғри келмайди. Давлат статистикаси ҳар кунги кузатувлари билан ифодаланиши керак. Кузатувларимдан биринчиси – Ўзбекистон ташқарисида иш илинжида юрган меҳнат муҳожирларининг йирик рақами. Улар 400 ёки 500 доллар ишлаш учун ўз оилалари, турар жойларини ташлаб кетиб, ғурбатда турли ҳақоратларни бошларидан кечиришга тайёр. Демак, шу 400 -500 долларни ўз ватанида ишлаб тополмайди. Агар улар ўз юртида ҳеч бўлмаса 300 доллар топганларида, ўйлайманки, ҳеч қачон узоқ Россияда сарсон саргардон бўлмаган бўларди. “Мамлакатимизда биз юқори даромадларга эришдик” деган тезиснинг ўзи афсона! Кузатувларимнинг иккинчиси – қора бозор назорат қилаётган конвертация масаласи ҳамда мунтазам газ-электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ. Мамлакат ичида ишсизлик туфайли қашшоқлашиб кетган қатламдан йирик сонда мардикорлар синфи пайдо бўлди. Агар давом эттирсак, мажбурий меҳнат масаласи – хуллас, буларнинг бари аҳолининг турмуш даражаси ва сифатининг кўрсаткичлари деб таърифлаш мумкин. Буларнинг ҳаммасини раҳбарият тан олиб, муаммоларни ҳал этиш учун бундан буён қандай иш тутиш кераклигини аниқлаб олиши керак.

Би-би-си: Балки расмийлар ўзлари ичида тан олишаётгандир, акс ҳолда бундай баёнотлар билан юқори минбарлардан чиқишармиди? Мисол учун, яқинда Ўзбекистонда иккита йирик тўқимачилик комбинати хорижий инвесторларга текинга берилгани ҳақида хабарлар янграган. Бу нималарни англатиши мумкин? Яъни конвертация муаммоси туфайли сармоядорлардан ҳеч ким ўз пулларини киритишни хоҳламаётгани ёки ҳукумат айнан шу қадам орқали ишсизлик муаммосини ҳал этмоқчими?

Алишер Илҳомов: Авваламбор, бу эркин конвертация йўқлиги билан, иккинчидан, сармояларни ётқизиш учун қулай шароит ҳамон пайдо бўлмагани билан боғлиқ. Юқори минбарлардан қонунчиликда хорижий инвесторлар учун шароит яратилгани ҳамиша таъкидланади. Бироқ реал вазиятда сармоядорлар нимага дуч келмоқдалар? Телиасонера машмашаси –бунинг ёрқин мисолларидан бири. Мазкур ширкат турли босимлар, пора бериш, ўз ходимларини мажбурий пахта теримига юбориш каби ҳаракатларга дуч келган. Демак, қонунга риоя қилиб мамлакатда бизнес юритиш мумкин эмас. Юритган тақдирда, албаттаки, “крыша” яъни ҳимояга эга бўлиш керак. Йирик сармоя киритилганда “крыша” сифатида Президентнинг ўзи чиқади. “Мен ўзим назорат қиламан ёки барча саволларни менинг даражамда хал этилади” деб ишонтиради. Кичиқроқ сармоялар киритиш масаласи эса вазирликлар ва маҳаллий ҳокимиятлар даражасида ҳал бўлади. Улар ҳақиқий талон-тарож сиёсатини олиб боришади. Мулозимлар ўз ички доирасида иқтисодий муаммоларни ҳал этишади, деб фараз қилдингиз. Ҳар қандай ички таҳлиллар ва башоратлар дастлабки босқичда жамият билан биргаликда муҳокама қилиниши керак. Турли хил аналитик марказлар, мутахассис-экспертлар иштироки билан кенг даврада ўтиш лозим. Мазкур экспертлар баҳо бериб, танқид қилиб, тавсиялар ишлаб чиқаради. Уларнинг назарлари инобатга олингандагина, миллий дастурнинг кам-кўстини тузатиб, маромига етказиш мумкин бўлади. Бироқ бундай қилинмаяпти ва мен ўйлайманки, расмийлар ўз ичларида ҳам бу каби таҳлилларни ўтказмайди. Муаммолар борлиги тан олинмас экан, уларни ҳал этиш йўллари ишлаб чиқилмаслиги аниқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio