Тошкент-Ашхобод муносабати: Сиздан угина, биздан бугина

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳокимиятга келгач, Ўзбек-Туркман муносабатлари илий бошлади.

Афғон-туркман чегарасидаги хавфсизлик таъминоти, Ўзбекистоннинг ёнилғи эҳтиёжлари ва Россиянинг кун сайин тажовузкор тус олаётган геосиёсати Тошкент- Ашхобод мулоқотида катта аҳамият касб этади.

Туркман Орқатоғи ва Ўзбек Юртбошисининг Тошкентда кутилаётган учрашуви, аксар кузатувчиларга кўра, худди ана шу масалаларни қамраб олади.

Тўғри на Туркманистон ва на Ўзбекистондаги матбуот учрашувларнинг тўлиқ кун тартиби ҳамда кўтарилажак масалалар ҳақида батафсил маълумот берган.

"Кун тартиби эълон қилинмайди, аммо чегаралар хавфсизлиги ҳозир иқтисодий масалаларга аралашиб кетмоқда" - дейди Тошкентдан Туркманистон масалалари бўйича журналист Мекан Наврўзов.

Туркмандан- нефть, ўзбекдан - мадад

Суҳбатдошимизга кўра, Туркманистон ўзидаги ортиқча ёқилғини ҳозир четга керагича экспорт қила олмаяпти.

Шундоққина чегаранинг нарёғидаги қўшниси - Ўзбекистонга эса ана шу ёқилғи керак.

"Ўзбекистондаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига Туркманистон ҳар ойда 55 минг тонна нефть жўнатиб турган. Балки шуни кўпайтиришмоқчидир" - дейди суҳбатдошимиз.

"Ўзбекистонда учта нефтни қайта ишлаш заводи бўлса, улар тўла қувват билан ишламаяпти. Чунки нефть хомашёси етишмайди".

Шунингдек, Туркманистоннинг энг йирик газ кони жойлашган минтақаси Афғонистон шимолидаги нотинч Фарёб вилоятига чегарадош.

"Хитой газ олаётган, келажакда Покистон сари зангори олов юбориш режаланган бу конлар хавфсизлиги бобида хавотирлар катта" - дейди Мекан Наврўзов.

Худди шу ўринда Ашхобод Тошкентнинг дастагига эҳтиёжманд.

"Хабарларга кўра, афғон-туркман чегарасини мустаҳкамлаш учун Тошкентдан ҳам мутахассислар бориши керак".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Туркманистон - энг газга бой тўрт давлатдан бири, лекин халқи камбағал.

Суҳбатдошимизга кўра, ўтган йил ёзидаги чегара тўқнашувларида бир нечта туркман аскари ҳалок бўлгани айтилган ва энди ўз сарҳадларини ҳам кўкдан, ҳам ердан ҳимоя қилиш учун Туркманистон чегара ҳудудларига зирҳли ҳарбий техника сафарбар этмоқда.

Ҳарбий техника ва малака масалада эса Ўзбекистон - минтақадаги энг кучли ҳамда етакчи мамлакат.

Қўшнилар қўрқишмасин

Толибон Афғонистон шимолий вилоятларида жангарилик фаолиятини олиб бораётган бўлса-да, бироқ "қўшни давлатлар хавотирланишмасин, биз уларга ҳужум қилмаймиз" дея бир неча маротаба айтиб чиқди.

Қолаверса, Туркманистон ҳар доим Толибон билан дўстона муносабатларда бўлиб келган.

"Бироқ гап бу ерда Ўзбекистонга қарши бўлган жангари гуруҳлар устида кетмоқда" - дейди Мекан Наврўзов - "Жангарилар Туркманистон орқали Ўзбекистонга ўтишга интилишлари мумкин".

Афғонистонда ҳамон Ўзбекистон Исломий Гуруҳи жангарилари борлиги айтилади. Аммо уларнинг Марказий Осиёдаги тузумларга қанчалик жиддий таҳдид сола олиши - бошқа масала.

"Ўзбекистондек 30 миллиондан кўп аҳолига эга бир мамлакатда тузумни ўзгартириш учун нафақат юзлаб ё минглаб, балки бир неча юз минглаб жангари бирлашиши керак бўлади" - дейди Оврўподан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

"Ҳозирги бир неча юз жангари Ўзбекистонда аҳён-аҳён беқарорлик пайдо қилиши мумкиндир, лекин кескин сиёсий ўзгаришларга қодир бўла олишмайди" - дейди сиёсатшунос.

"Ўзбекистон халқи уларни ҳеч қачон истамайди ва бирон кор-ҳол бўлса, албатта , халқ Ўзбекистон ҳукуматини қўллайди".

Хавф Толибонми ё Россия?

Тошкент ва Ашхобод олдида турган хавфсизлик масаласи биргина жанубдан, яъни Афғонистондаги жангарилардан келмайди.

Қатор кузатувчилар бу ўринда Россиянинг тобора тажовузкорона тус олаётган ташқи сиёсатини ҳам урғулашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сапармурат Туркманбоши ўрнига келган Гурбангули Орқатоғ энди ўз шахсини кўкка кўтармоқда...

"Минтақада айнан Туркманистон ва Ўзбекистон Россиянинг ҳозирги гесосиёсати масаласида бир-бирига анча яқин" - дейди Камолиддин Раббимов.

"Тошкент Москвадан мустақил равишда сиёсат юритишга интилиб, аксилроссия мавқеида туради, Туркманистон ҳам Москвани қўлламайди, чунки бетараф давлат".

Мазкур воқелик икковлонни собиқ Совет ҳудудларидаги сўнгги воқеалар манзарасида янада яқинроқ ҳамкорликка чорлаши мумкин.

Камолиддин Раббимовга кўра, ўзбеклар ҳам, туркманлар ҳам ҳали Украина инқирози бир ёқлик бўлмасдан, Сурия можаросига аралашган Россиянинг неқадар қийин аҳволдалигини яхши тушунишади.

"Аммо ҳозирги Россия исталган пайтда кутилмаган ҳатти-ҳаракатларга бориши эҳтимолини ҳам билишади" - дейди сиёсатшунос.

"Шу боис Украина инқирози бошланишида Москвага қарши кескин муносабат билдирган Ўзбекистон ҳукумати, ҳозир ўз мавқеини қатъий баён этаётгани йўқ".

Эсланмайдиган ўзбеклар

Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатлари ҳозир илиётгандек кўринса-да, икки қўшнининг мустақиллик йилларидаги алоқалари анчайин мураккаб кечган.

1990-йиллариёқ Туркманистон чегара бўйлаб симтўр тортиб, Ўзбекистон фуқароларига нисбатан виза тизими жорий этган.

Шунингдек, ўзбеклар зич яшовчи кўплаб ҳудудларнинг тарихий номлари ўзгартирилди, ўзбек тилида иш юритиш, ижод қилиш ё билим олиш имконлари чекланди.

Ўзбекистонлик кузатувчиларга кўра, марҳум президент Сапармурат Туркманбоши Бухоро ва Хоразмга чегарадош Тошҳовуз ва Чоржўйда зич яшовчи ўзбекларнинг Тошкентга мойиллиги эҳтимолидан хавотирда бўлган.

Шу боис у ердаги ўзбекларни раҳбарлик лавозимларига келтиришмаган, кейинроқ амалида қолишни истаган ўзбеклар паспортида ўз миллатини ўзгартиришга мажбур бўлган.

Ҳатто ўша пайтлари мамлакатнинг ўзбек миллатига мансуб собиқ муфтийси ҳам қамоққа ташланганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Туркманистонда бугун ҳамма туркман бўлиши керак...

Шунингдек, Ўзбекистондан келин бўлиб тушган ўнлаб аёллар бир неча йиллик оиласи ва болалари бўлса-да, Туркманистон фуқаролиги ё ҳатто яшаш ҳуқуқи берилмасдан, Ўзбекистонга чиқариб юборилган.

Муносабатлар совуқлашиши жараёнида чегара ҳудудларида бир неча бор кичик отишмалар ҳам юз берган эди.

Лекин 2002 йил кузидаги воқелар тўлган косага қуйилган сўнгги томчи бўлди.

Ашхободнинг иддао қилишича, ўша пайтдаги президент Сапармурат Ниёзов жонига суиқасд қилиш ниятидаги туркман мухолифати раҳбари Ўзбекистон ҳудуди орқали кириб келган.

Борис Шихмурадов бир неча кун давомида Ашхободдаги Ўзбекистон элчиси қароргоҳида бошпана топган, деган даъволар ҳам айтилганди.

Сапармурат Туркманбоши ўлимидан кейин, жорий президент Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳокимиятга келгач, Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги муносабатлар илий бошлади.

Бироқ Туркманистонда бўлган сайёҳларга кўра, амалда бу мамлакатдаги иккинчи йирик миллат бўлган ўзбекларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳали-ҳамон камситилади.

Дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири бўлган Туркманистонда аслида нималар бўлаётганини бевосита ўрганиш эса деярли имконсиз.

Лекин расмий Тошкент ҳеч қачон четдаги ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқларини очиқ-ойдин ҳимоя қилиб чиқмаган ва шу боис Туркманистон ўзбекларининг қай аҳволда яшаши ё қандай ҳақ-ҳуқуқлари камситилиши икки давлат муносабатларига таъсир ўтказа олиши амримаҳол.

Ўзбекистон давлатининг мазкур сиёсатини минтақадаги энг кўп сонли миллат бўлмиш ўзбеклар яшайдиган бошқа кўшни мамлакатлар ҳам яхши билишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ