'Буюк келажакка 5 йил қолди, ўзбеклар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кўплаб ўзбекларга кўра, келажак буюк бўлиши учун президент омон бўлиши керак.

"Ўн беш йил эмас, яқин йиллар ичида буюк келажак бошланади".

Ижтимоий тармоқлардаги аксар ўқувчиларимиз фикрларининг умумий хулосаси худди ана шундай.

Азиз Саидов, масалан, беш йилда катта ўзгаришлар бўлади, деб ёзади.

"Ўзбекистонда ҳаёт зўр, бундан ортиқ бўлмайди" - фикр қолдирган Любовь Салиевна.

"Яна нима бўлсин, яхши бўлди-ку келажак" - ёзади Умид Рахматов бироз маҳаллийчилик руҳида - "Қишлоқда эшак минганлар қонун-қоидани билмасаям, шаҳарда машина миниб юришибди-ку".

Аксарият ўқувчилар бир-бирларига "ўзбеклар, шукур қилинглар" қабилида маслаҳат берганлар.

Соғинч Садоси номли Фейсбук гуруҳи вакили эса Ўзбекистон ўта ривожланган давлатлардан ҳам ўзиб кетишига ишонади. Фақат бунинг битта шарти бор...

"Додамизнинг умрлари узоқ бўлса, ўртача даромадли у ёқда турсин, юқори даромадли давлатлар ҳам бизга ета олмай қолишади" - деган Соғинч Садоси.

Алишер Комилов исмли тингловчимизга кўра, буюк келажакни 15 йил кутиш керак бўлмайди.

"Ялпи Ички Маҳсулот бўйича 2020 йилга келиб, Ўзбекистон кўп давлатлардан узиб кетади" - дейди у - "Яқинда Ўзбекистон Кичик Хитой, деган лақаб олишига ишонаман".

Пичингми ё ишонч?

Айрим ўқувчилар эса бир қадар киноя билан фикр қолдиришган кўринади.

"Эй, 25 йилдан бери кутиб, ишониб юрибмиз-ку, нима бўпти яна 15 йил чидасак?" - савол қўяди Аббасхон исмли Фейсбук фойдаланувчиси - "Катта бошлиқ айтди-ку, яна 25 йил подшо бўлиб туришга тайёрман деб, у одам ваъдасида туради".

Image caption "Буюк келажак? Пахта теришга техника ололмайди-ку?" - савол қўяди бир ўқувчимиз.

"Ўзбекистон келажаги буюк бўлиши учун кўп-кўп пахта теринглар, шунда яхши бўлади" - маслаҳатнамо киноя қилади Сарвар Ўзгаришев исмли ўқувчи.

Қишлоқларда қурилаётган янги уйлар қишлоқ аҳли дунёқарашиини ўзгартириб юборади, деган давлат раҳбарлари фикрларига ҳам кесатиқли жавоблар бор.

"Ҳа, қўшиламан, ўзбеклар дунёқарашига таъсир қилмоқда" - урғулайди Одамий тахаллусли ўқувчимиз - "Табақаланиш авжида. Беш-олти юз мингга ишловчи ишчилар қандай одамлар бундай уйларни 100 миллион сарфлаб, сотиб олишяпти экан, дея дунёқарашлари ўсмоқда".

"Қишлоқда қурилган уйлар беш йилда тўкилиб битади" - деб ёзади Одноклассники.ру тармоғидаги бошқа бир ўқувчи.

"Ўзбекистон - спецназ"

"Мен Ўзбекистонни ҳар томонлама кучга тўлган спецназ йигитга ўхшатаман! Қандай тушунасиз?" - савол ташлайди Бахтиёр Бек.

Яқин йиллар ичида Ўзбекистонда буюк келажак бошланишига ишонган барча ўқувчилар ҳам ўз фикрларини бирон ҳаётий ҳақиқат билан далиллашгани йўқ.

Лекин ҳали-вери буюк келажак бошланишига ишонмайдиганлар ўз қарашларини асослашга интилганлар.

"Буюк келажак? Пахтани тергани техника ололмайди, халқ жабрланади" - дейди бир ўқувчи.

"Мен ишонмайман, чунки ҳамма жойда ўғирлик" - тушкун оҳангда ёзади Шуҳратбек Раҳматуллаев исмли фойдаланувчи.

"Илтимос, Ўзбекистонда ҳамма нарса етарли деманглар" - ёзғиради Умар Ибн Хаттоб тахаллуси билан бошқа мухлисимиз.

Image caption Буюк келажак қурувчилари нега четда мардикор? Ночорлик ё ношукрлик?

"Унда нега 10 минглаб одам Россияда мардикор?"

"Ўзбекистонда ривожланиш бўлмай, чегаралар дахлсизлиги таъминланмаганида эди, бутун Ўзбекистон Россияда мардикор бўларди" - дейди бунга жавобан Бахтиёр Бек.

"Кучли армия тузиш ва чегаралар дахлсизлигини таъминлаш ўта қиммат туради" - айни фикрни давом эттиради Одамий тахаллусли ўқувчимиз - "Бу эса иқтисодимизга катта таъсир этаётгани билинади".

Буюк келажак эртакми?

"Имконияти йўқ. Чунки халқ топганини рўзғорга зўрға етказаяпти-ку" - дейди Нодира Усмоний Ўзбекистонда буюк келажак бошланишига оз қолди деган қарашларга жавобан.

"Балки бу кетишда шаҳарлар қишлоққа айланар" - дея у шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги фарқ йўқолади, деган расмий фикрларни изоҳлайди.

"Тошкентда хонадонлар иссиқ сув ва иситиш учунгина миллион-миллион сўм қарздор".

Энергия тақчиллиги ҳам буюк келажак борасидаги баҳсларида бот-бот кўтарилган.

Илҳом Усманов исмли ўқувчи Туркия қишлоқларида ҳам газ йўқ, лекин турк халқи ўз ватанини севгани учун ҳам нолимайди қабилида фикр билдиради.

"Чунки Туркиянинг ўзида газ йўқ ва ташқаридан сотиб олади. Қишлоқларида, ҳартугул, свет ўчмайди. Бизда эса шаҳарларда ҳам свет йўқ" - дейди Дониёр Пўлатов ўзида газ чиқадиган Ўзбекистон четга газ ва электр сотса ҳам, ўзбек халқининг катта қисми газсиз ва электрсиз яшаётганига ишора қилиб.

"Турклар биздан ҳам кўпроқ нолишади" - дея қўшиб қўяди Дониёр.

Ўзбекистоннинг буюк келажаги яқинда бошланади деган фикрлар сўнггида эса Зорро Ли лақабли ўқувчи бир сўз билан жавоб берган:

"Эртак".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ