'Ислоҳотсиз Ўзбекистон хароб бўлади'

Image caption Ўзбекча тараққиёт йўли борасида фикрлар ҳар хил...

"Хитойга газ ва пахта сотамиз. Россия кўпроқ тўласа уларга ҳам сотаверамиз" - ижтимоий тармоқлардаги баҳсимизда фикр қолдирган Рашид Ҳакимов.

"Ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб, валюта резервини шакллантираяпмиз" - фикрини давом эттиради ўқувчимиз - "Агар сиз иқтисодчи бўлганингизда, Хитойга раҳмат айтардингиз".

"Нега Хитойга раҳмат айтишимиз керак?!" - эътироз билдиради Қахрамон Матяқубов исмли фойдаланувчи - "Бизнинг бойликларимизни деярли текинга олганигами?"

"Агар Ўзбекистондаги ўғри амалдорлар ўз шахсий манфаатини ўйламаганида эди, ўзимизда завод фабрикалар қуриб, халқни иш билан таъминлаган бўлардилар".

Чорак аср бой берилдими?

"Етти юз синиқликда яшаган халқ 25 йилда Америка бўлармиди?" - савол ташлайди Ваҳид Мамажонов - "Мудофаа керак, мутахассислар керак, меҳнат қилиш керак, вақт керак..."

"25 йил бу чорак аср" - қарши чиқади Қаҳрамон Матяқубов - "Вақт етарлисидан ҳам ортиғи билан бўлди".

Али Хан эса ҳеч бир табиий бойликка эга бўлмаган жимитдек Сингапур ўтган 20 йилда мисли кўрилмаган тараққиётга эришганини мисол сифатида келтиради.

"Демак, 20 йил ичидаям нимагадир эришса бўлади" - ёзади Али Хан - "Бунинг учун тўғри иқтисодий сиёсат ҳамда коррупция ва юлғич амалдорларга қарши самарали кураш олиб бориш керак".

Image caption Бу акс олинганидан бери ўтган қисқа вақтда ўзбек сўми янада қадрсизланди.

Айни ўринда кўпчилик Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллиги ва тараққиётини таъминлаш йўлларига эътибор қаратган.

Мирза Анвар Хамидов исмли ўқувчимиз биргина қишлоқ хўжалигида қатор ислоҳотлар зарурлигини санайди.

"Тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтиш, экин майдонларини деҳқонга қайтариш ва субсидия бериш, давлат буюртмасидан воз кечиш, чегара тизимидаги чекловларни олиб ташлаш, тадбиркорларнинг эркин фаолиятига изн бериш..."

"Шунда деҳқон нима экади, кимга қанча нархда сотади, ўзи топиб олади".

Мирза Анвар Хамидов Ўзбекистонда давлат тизилмаси шаффофлиги ва матбуот эркинлиги кераклигини ҳам урғулайди.

"Ҳақиқий иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларсиз Ўзбекистон хароб бўлади!" - ўз фикрини хулосалайди ўқувчимиз.

Пахта, 'онгги чала' амалдорлар ва халқ

"Пахта Ўзбекистоннинг бренди" - ёзади Наркул Кенжаев - "Сув муаммосини ечсак, бизга етадиган давлат бўлмайди".

"Тўғри, пахта Ўзбекистоннинг бренди" - жавоб беради Нуржаҳонбек Қурбонов - "Лекин шу пахтани қийналиб етиштираётган ўзбек халқини ҳам унутмаслик керак".

"Тадбиркор ва фермерларга эркинлик ҳамда имтиёз берилса, мамлакатнинг чорак қисм аҳолисини мажбуран далага судрашга ҳожат қолмасди" - фикр билдиради Али Хан - "Аммо булар хомхаёл, чунки бизда мамлакат манфаати эмас, тепадаги онги чала амалдорларнинг чўнтаги муҳимроқ".

"Агар пахтанинг бир килоси учун 800-1000 сўм беришганида, ўқитувчи ва шифокорни далага солишга ҳожат қолмасди" - дейди Кобейсин Аязбаев - "Ҳозир 200 сўм беради, бир халта ун эса 120 минг. Хўш, буни топиш учун қанча пахта териш керак? Эҳҳе..."

"Биз бугунгача пахтага ёпишиб олганмиз, бундан ажрала олмаяпмиз" - фикрлайди таҳлилчи Маҳмуд Йўлдошев - "Демак, кимнингдир қармоғига илинишимиз тайин".

"Гап Хитойнинг қармоғига илинишда эмас, гап айнан қишлоқ хўжалигидан, пахтадан ажрала олмаганимизда".

"Ўзбек пахтасини Оврўпо ширкатлари бойкот қилганидан Хитой устамонлик билан фойдаланмоқда ва истаган нархини қўйиши мумкин" - ўз қарашини изҳор этади Тоҳир Билолов - "Ҳукумат эса савдолашиши қийин, шу харидорни ҳам йўқотиб қўйишни истамайди".

Image caption "Пахта - қуллик кишани" ё "пахтага боғланиб, ривожланмаймиз" каби фикрлар ҳам айтилмоқда.

"Агар Ўзбекистон пахтага тўланадиган нархни оширса, иш қидириб юрганларнинг ўзлари теришади. Халқаро ташкилотлар буни олқишлашади ва яна пахтамизни сотиб олишади" - фикрини давом эттиради ўқувчимиз - "Пахта нархини кўтариш учун хотиржам савдолашиш ҳам мумкин, кўпроқ фойда оламиз, халқаро саҳнада обрўйимиз ҳам тикланади".

"Ўзбек пахтасини ғарб ширкатлари бойкот қилган бўлса, унда бошқа экин экайлик" - таклиф киритади Кобейсин Аязбаев - "Масалан, боғдорчилик қилайлик".

"Пахта ва пилла - Ўзбегим учун қуллик кишани" - мавзуга хулоса ясайди Тохир Абдуллаев.

Имиллаб ё илдамлаб?

Ҳусниддин Карабаев исмли ўқувчи секин-аста ривожланамиз, деган баҳсдошларига мурожаат қилади.

"Калласи ҳаддан ташқари зўр ишлайдиган ва иқтисодни зўр биладиган инсонлар бўлади, улардан яхши фойдаланилса, ана шу одамлар ривожланишни тезлаштириб беришади".

"Мустақилликка эришгач, режали иқтисод ё бозор иқтисодини танлаш масаласи олдимизда кўндаланг бўлди" - дейди Мирза Анвар Хамидов - "Биз эса ўрта йўлни танладик".

"Афсуски, бу йўл бизни тўппа-тўғри коррупция ботқоғига тиқиб қўйди. Бир томонда эркин фермер ва тадбиркорлар, иккинчи тарафда эса уларнинг юганини тутиб турган амалдорлар".

"Пахта етиштириш соҳасида кимёвий ўғитлар, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари давлат монополиясида, нархлар баланд" - аҳволни тасвирлайди ўқувчимиз - "Пахта хомашёсини сотиб олиш нархи паст".

"Терим машиналари йўқ, бориям қиммат. Хўш, шу аҳволда қандай ривожланиш тўғрисида гапириш мумкин?" - савол қўяди Мирза Анвар Хамидов.

Унга жавобан таҳлилчи Маҳмуд Йўлдошев хулоса қилади:

"Сиз айтган ўша "ўрта йўлдан" воз кечилмаса, тараққиёт тўғрисида ўйламаса ҳам бўлади".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ