Олмония Термиздаги таянч марказини ёпади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Олмония Мудофаа вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Афғонистондаги аксилтеррор амалиётлар боис Термиз аэропортида ташкил қилинган Олмония ҳарбийларини дастаклаш маркази 2015 йил охирига бориб ёпилади.

Шу мақсадда Термизга 21 Олмония аскари борган ва яқин кунларда улар сафига яна 16 ҳарбий қўшилади, деб хабар қилган Бундесвер вакили.

2001 йил октябрида АҚШ етакчилигидаги ҳарбий коалиция Афғонистондаги "Ал-Қоида" ва Толибон жангариларини нишонга олиб ҳаво ҳужумларини бошлаган.

АҚШ ҳарбийларига Қарши шаҳри яқинидаги "Хонобод" ҳарбий базасидан фойдаланишга рухсат берилган.

Олмония ҳарбийлари эса ўз кучларини 2002 йил февралида Термиз аэропортида жойлаштирдилар.

АҚШ расмийлари Андижон қирғинини танқид қилганлари учун Ўзбекистон 2005 йили ёзида "Хонобод" ҳарбий базасидан чиқиб кетишни талаб қилди.

Афғонистондаги қўшинлари сабаб Ўзбек амалдорларига санкциялар киритган ва 2008 йили ўз жазо чораларини олиб ташлагани учун Оврўпо Иттифоқи танқидларга тутилган, хусусан, Олмонияни ҳам Термиздаги базаси учун Ўзбекистондаги абгор инсон ҳуқуқлари вазиятига кўз юмиб келаётганликда айблаб келишади.

Шунингдек, Бундесвер Ўзбек расмийларининг Термиз таянч маркази учун ҳаддан зиёд қиммат нархига розилик бергани учун ҳам танқид қилинган.

Олмония ҳарбийлари Афғонистондан 2013 йили олиб чиқилган.

Бироқ немислар Термиз аэропортида ҳозирлигини сақлаб қолган.

Фойдаланилмаётган база учун Бундесвер Ўзбекистонга 35 миллион Евро тўлаётгани ҳақидаги танқидий мақолалар ҳам эълон қилинган.

Олмонияда нашр қилинадиган Der Spiegel журнали ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати 2016 йил ижара ҳақи учун 70 миллион Евро талаб қилган.

Олмония Мудофаа вазирлиги эса 2015 йил августидан бошлаб АҚШ ҳарбий-транспорт авиацияси хизматларидан фойдаланаётгани учун Ўзбекистондаги таянч марказидан воз кечиши мумкинлиги ҳақида айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ