Каримов: "Афғонистонда халқаро қўшинлар кучайтирилсин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи akorda.kz

Президент Ислом Каримовнинг айтишича, Афғонистонда 35 йилдирки давом этаётган урушнинг ҳарбий ечими йўқ ва уни фақат тинчлик музокаралари билан ҳал қилиш мумкин, аммо айни дамда халқаро қўшинларни кучайтириш керак.

Қозоғистон мезбонлик қилаётган МДҲ раҳбарлари мажлисида нутқ сўзлар экан, жаноб Каримов Афғонистон жанубидаги жангари гуруҳлар мамлакат шимоли ва шимоли-шарқига кўчиб, Ўзбекистон дохил бошқа Марказий Осиё давлатлари чегараларига яқин жойлашиб олаётганидан хавотирини изҳор қилди.

"Чегарадаги Қундуз шаҳрида яқинда юз берган воқеалар ҳукуматнинг чорасизлиги ва мувофиқлаштирилмаганлигини, ва айни дамда Толибларнинг уюштирилган фаолиятини намойиш қилди", - деди Каримов.

Каримов жанобларининг айни дамда Афғонистон армиясига бериладиган халқаро қўшинлар дастагини кучайтиришни таклиф қилиши унинг тинчлик музокаралари йўлидаги чақириғига зиддир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Каримовга кўра, АЙСАФ (ISAF) қўшинлари сони ортиши ва улар Афғонистонда узоқроқ қолиши керак

Унинг айтишича, Толиблар катта ҳарбий салоҳиятга эгалар, афғон армияси эса мустақил равишда Толибларга қарши курашишга қодир эмас.

"Афғонистонда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олиб, Ироқдаги фожеали тажриба қайтарилмаслиги учун, тобора кўп сонли таҳлилчилар Афғонистонда АЙСАФ (Халқаро Хавфсизлик Кўмак Қўшинлари) сонини ошириш керак ва уларнинг мамлакатдаги фаолиятини яна бир неча йилга чўзиш керак деган фикрга келмоқдалар", - деди Каримов жаноблари.

Айни дамда Ўзбекистон президенти мазкур уруш ҳарбий йўл билан ечилмаслигини айтди.

"Аммо, Афғонистонда қандай вазият юзага келмасин, биз қатъий ишонамизки, Афғонистон муаммосини у ерда жанг қилаётган томонлар орасида БМТ бошчилигида тинчлик музокаралари ўтказмасдан ечиб бўлмайди", - деди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio