Ислом Каримов хавотирларига асос борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Президент Ислом Каримов МДҲ мамлакатларининг Борубайда ўтган йиғилишида Афғонистоннинг шимолий чегарадош ҳудудларида тобора ёмонлашаётган вазиятдан хавотир изҳор этди. Унинг назарида, Афғон ҳукумати мамлакатни тўлиқ назорат қила олмаяпти.

Яқинда Қундуз шаҳрини Толибон жангарилари бир неча кунга босиб олишга мувафақ бўлганларини эслатиб, Ўзбекистон раҳбари Афғон заминида АЙСАФ (Халқаро Хавфсизлик Кўмак Қўшинлари) сонини кўпайтириш керак деб айтди.

Афғонистон шимолидаги нотинч вазият Ўзбекистон президентида чуқур ташвиш уйғотмоқда.

Ислом Каримовнинг хавотирлари қанчалик ўринли? Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Аркадий Дубнов.

А. Дубнов: Ўзбек раҳбарининг хавотирлари Афғонистон шимолидаги вазиятга нисбатан адекват, яъни мутаносиб, деб ўйлайман. Куни кеча Толибон Туркманистон чегарасига яқин бўлган Фарёб вилоятининг туманларидан бирини ишғол қилгани хабарлари тарқалди. Бундан олдин Толиблар Қундуз шаҳрини вақтинча қўлга олганлари ҳам Марказий Осиё раҳбарларини қаттиқ ташвишлантирган бўлиши мумкин. Афғонистоннинг Бадахшонида келиб чиқишлари турли хил бўлган жангариларнинг тўпланаётганлари, уларнинг сони олдин ўйлангандан ҳам кўра кўпроқ экани аён бўлгани айнан Тожикистон учун жиддий хавфдек кўрилмоқда. Бироқ, бошқа томондан, бу минтақа учун жиддий тажовуз амалга оширилиши мумкинлигини англатмайди. Авваламбор, жангариларнинг барчаси Толибон раҳбариятига бўйсунади, иккинчидан, ўн йиллик тарихида Толибон интилишлари чегара оша тарқалмаганига гувоҳ бўлдик. Бироқ улар орасида Марказий осиёлик жангариларнинг ҳозирлиги уларнинг келажак вазифалари қандай бўлиши эҳтимоли бизга номаълум. Шунинг учун ташқи кенг миқёсли тажовуз бўлмаса ҳам, бироқ минтақада вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган айрим ҳаракатлар рўй бериши мумкин.

Би-би-си: Агар Ислом Каримов шу қадар ташвишланган бўлса, нима учун фақат АЙСАФ, яъни Афғонистондаги НАТО кучларининг сони кўпайиши ҳақида гапирган? Мисол учун, айрим шарҳловчиларнинг айтишларича, у Коллектив Хавфсизлик Шартномаси (ОДКБ)ни умуман тилга олгани йўқ?

А. Дубнов: Ўзбекистон, аниқроғи Ислом Каримов, Марказий Осиёда анчадан бери Россиянинг ҳарбий ҳозирлигига ишончсизлик билан қарайди. Бундай муносабат 1990-йиллар, яъни Тожикистонда жойлашган Россиянинг 201-дивизияси ҳарбий базага айлантирилган пайтларга бориб тақалади. Ислом Каримов бу жиҳатдан Россияга шубҳа билан қарайди ва минтақа раҳбарлари, хусусан, Туркманистон президенти ҳам, ушбу қарашларни қўллаб-қуватлайди. Ушбу мамлакатлар Россия ҳарбий ҳозирлигидан хавфсирайдилар. Украина ҳодисалари шуни кўрсатдики, Россия ҳарбий ҳозирлиги ноаниқликни туғдириб, яхши оқибатларга олиб келмайди. Яъни, Кремлнинг асл мақсадларини билиб бўлмайди. Шунинг учун минтақа раҳбарларида менталитет даражасида русларнинг ҳарбий иштироги масаласига келганда қандайдир танглик ва ишончсизликни илғаш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Октябр ойида Толибон Қундуз шаҳрини бир неча кунга босиб олишга мувафақ бўлган.

Би-би-си: Сизнинг назарингизда Ислом Каримовни Россиянинг минтақага кириб келиши ва ўз мавқеларини мустаҳкамлашга уринишлари қанчалар хавотирга солиши мумкин?

А. Дубнов: Россиянинг ҳарбий манфаатлари ҳозирга қадар фақат базаси жойлаштирилган Тожикистонга тааллуқли, деб айтиш мумкин. Лекин, агар аҳамият берсангиз бўлса керак, Қозоғистонда МДҲ мамлакатларининг сўнгги йиғилишида Афғонистондан келаётган хавф олдида коллектив мудофа ҳамкорлик зарурияти ҳақида сўз кетганда ОДКБ умуман тилга олингани йўқ. Назаримда, ОДКБ ўз кучлари билан кенг миқёсда амал қилолмайди. Сабаби - ОДКБ низомида ташқи тажовузга юз тутган ҳолдагина мазкур ҳаракатларга қўл уриш мумкин деб қайд этилган. Агар Марказий Осиё давлатларидан кимдир Россия билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлса, бу икки тарафлама келишув асосида амалга оширилиши мумкин. Бугунги кунда Россиянинг ҳарбий ёрдамига муҳтож бўлган мижоз сифатида фақат Тожикистон турган бўлиши мумкин.

Би-би-си: Яқинда Интернет хабарларида, Россия Каспий денгизидан Сурия томон ракета отгани, Марказий Осиё раҳбарлари ва хусусан президент Каримовни қанчалар ташвишга солиши мумкинлиги борасида турли фаразлар янгради. Бу каби ташвишларга асос бор деб ўйлайсизми?

А. Дубнов: Россиянинг Каспий флотидан туриб Сурия нишонларига қарата ракета отганига айнан Каспий денгизи соҳилида жойлашган мамлакатларда хавотирлар бўлиши мумкин. Мен ҳам сўнгги кунларда бу каби хавотирлар ҳақида очиқ айтганман. Хусусан, ҳар қандай авантюра, яъни шароит ва имкониятларни ҳисобга олмасдан, таваккалга бошланган амалиётга бошида кириш учун бир сўм тўланса, ундан чиқиш учун ўн сўмдан кўпроқ пул тўлаш керак бўлади, деб ёзганман. Чиқиш стратегиясига эга бўлиш шарт. Бошқа тарафдан, Каспий минтақасида аксари сунний мусулмонлар яшашади. Мусулмонлар яшаган минтақа ичидан амалга оширилган ҳар қандай ҳужум сунний экстремист мусулмонлари томонидан жавобий ҳужумларни келтириб чиқариши эҳтимоли бор. Россиянинг ўзидан бўлмаса ҳам, лекин умумий ҳудудлардан бундай ҳаракатлар келиб чиқиши мумкин ва бу ўта хавфли деб ўйлайман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ