Мамадали Маҳмудов: 'Қора рўйхатдаги ҳаёт'

Британияда чоп этиладиган "Цензура индекси" (Index on censorship) журнали атоқли ўзбек адиби Мамадали Маҳмудов (адабий тахаллуси-Эврил Турон)нинг "Қора рўйхатдаги ҳаёт" номли мақоласини чоп этган.

Унда муаллиф шўро даврида Туркистон халқларининг Чор Россиясига қарши миллий озодлик кураши тасвирланган "Боғдон қашқирлари" ва "Ўлмас қоялар" асарлари учун совет КГБ сининг таъқибларига учрагани ҳақида ёзади.

"Совет Иттифоқи парчаланиб, мен романларимда тасвирлаган миллий озодлик ва мустақиллик ғоялари давлат мафкурасига айланганидан сўнг энди мени тан олиб, хатто мукофотлашса керак, деб умид қилгандим. Аммо том терси юз берди. Икки марта ҳибсга олиниб, қамоққа ташландим. Иккинчи мартасида 14 йил қамоқда ўтирдим", деб ёзади Мамадали Маҳмудов.

У Халқаро ПЕН ва бошқа ташкилотлар олиб борган кампаниялар натижасида 2013 йилда озодликка чиқарилгани, аммо ҳануз тўла озод эмаслиги ҳақида ёзган.

"Мен ҳамкасбларим билан ҳеч қурса, совет даврида ёзилган асарларимни чоп этишларини сўраб, турли газета ва журналлар, нашриётларга мурожаат қилдим. Аммо уларнинг ҳаммаси мени "қора рўйхат"даги одам сифатида билишади ва ёзганларимни чоп этишга қўрқадилар".

"Цензура Ўзбекистондаги тараққиётнинг душманидир. У адолатнинг илдизларига болта уради ва ҳақиқатни ўлдиради", дея хулоса қилади муаллиф Index on censorship журналида чоп этилган мақоласида.

Журнал Мамадали Маҳмудовнинг ўзи шеърий миниатюра деб атаган "От"номли кичик ҳикоясини ҳам инглиз тилида чоп этган.

Қуйида адибнинг турли йилларда ёзилган, аммо матбуотда эълон қилинмаган шеърларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қанотсиз бургут

( Қирқинчи йиллар сўнггидаги манзара )

Оғизлар кўпирар, фақат бир кимса

Мақталар: "Буюклар буюги " дея.

Мақталар: "Суюклар суюги" дея.

Истайсан сен:

"Ватан ундан қутулса!".

"Қонун-қонун!" дея жар солса кимса,

Уни қурол айлаб, нафсига бурса,

Қонун фақат кимса йўлига юрса

Истайсан сен:

" Золим қон қусиб ўлса?"

Хотинлар ўзларин, эрларин сотса,

Фарзандлар ўзлигин, элларин сотса,

Ҳар ёнда разолат, ҳаром бонг урса

Истайсан сен:

"Юртда иймон уйғонса!"

Зўрлик, хорлик, очлик ёқадан олса,

Ёлғон чин устидан хўжайин бўлса,

Олчоқлар бойликдан итдек қутирса

Истайсан сен:

"Дажжолларни ер ютса!"

Қони, дили ётлар юртни бошқарса,

Бор - будни ўмарса, бошга кир тўкса,

Миллат, ўзлик, кечмиш устидан кулса

Истайсан сен:

"Ётлар қирилиб битса!"

Матбуот, радио тўтилик қилса,

Тўғрилар қамалса, четга қувилса,

Ўғрилар бўкириб даврини сурса.

Истайсан сен:

"Эркин, ҳур замон келса!"

Истак не?

Қанотсиз бургутга менгзар.

Ҳаракатга қотилмаса у агар

Ҳеч замон, ҳеч замон бермагай самар.

Воронеж, 1962 йил.

Тўзон

( Ўттизинчи йиллар манзараси )

Дераза олдида турибман ёлғиз

Уни қоплаб олган қалин, хира муз.

Артаман, унунумсиз, тағин босар муз.

Борлиқни айирар мендан ёлмағиз...

Ташқари қўрқинчли, бўрон ҳукмрон.

Ваҳшат-ла бўкирар қорни учириб.

Кўз очиб бўлмайди ва ёки юриб...

Ҳар ёқни қуршаган қутирган тўзон.

Ерни босган тоғ - тоғ қор уйимлари.

Тирик жон йўқ...

Йўл йўқ...

Ҳатто йўқ осмон.

Йиқилган, тўкилган қишлоқ уйлари

Муз остида қотган гўё гўристон...

Қушлар учолмайди, қанотлари шол,

Жонзотлар тош қотган, ўлган эҳтимол.

Уйимда на олов ёнар, на чироқ...

Беҳад совуқ!..

Мени босар қалтироқ.

Очман!

Емоқ келтирмоққа йўқ имкон.

Йўқ пул,

Йўқ ҳол,

Йўқ кўлик.

Ҳар ёқ тўзон.

Кўринмас жон, ҳамма уйида тутқун.

Йўқ ер, жаҳон,

Борлиқ инграйди дилхун.

Фақат бунда яйрар қарғалар тун, кун...

Боғдон, 1975

Муқанна нидоси

Одамзотни ютаётган гўристонлардек

Ёруғликни ютаётир кўр қоронғилик.

Қор бўрони изғир еру - кўкни қақшатиб,

Тўкилган кулбалар кўринар мунгли, ғариб.

Ўлатдек изиллар, не бор янчиб, билмай чек,

Увиллар борлиқни тилка - пора этгудек.

Саждагоҳлар бир - бир қулар, инграб, сочилиб.

Мазорларни топтар, боғларни қилар вайрон

Не тирик жон бўлса сиқар, йитар беомон.

Оламни измига салмоқ истар ёсумон...

Бир ёруғ кўринмас, ё кўринмас бирон жон.

Фақат кўчаларда изғирлар очофат итлар,

Баданларда ғужғон ўйнар қон ташна битлар.

Йиқиқ ўтёналар, қамоқлар, зиндонлардан

Келар йиғи, нола, қарғиш, сўкиш, нидолар.

Қул, тул бозорлари бўзлаюр бўғовлардан

Ҳеч биридан чиқмас, лек, "Эрк" деган садолар.

Гар чиқмаса қуёш, чекинмас қоронғилик,

Тинмас бўрон, давом этаверар доғулик...

Боғдон, 1971

Ёрғучоқ

(Ўттизинчи йиллар манзараси)

Ҳорғин - ҳорғин айланади ёрғучоқ

Минг йил кечароқ...

Синган ёрғучоқ...

Буғдой янчган эди унда Ойтўлди.

Арпа янчар энди унда Ойбўлди.

Ойбўлдининг эри қамоқда ўлди,

Шўрлик хотин олти бола - ла қолди.

Миллионлар каби унинг эри ҳам

Туҳмат билан ёпилганди , не алам!

Эшбой эди зўрлик, эгрилик ғови

Тузум унга айб қўйди: " Эл ёви ".

Агар юртда имон бўлса омонат

Элни ич - ичидан йитар хиёнат...

Она тўнғич қизин узатди эрга,

Бир қашшоқ кишига, манглайи шўрга.

Тошбой, Қўшбой: "Нон" деб очликдан ўлди,

Кенжа қизи Гулой "Ота!" деб сўлди.

Мардикорга кетган нори қайтмади.

Узун йиллар шунқорини излади.

Бироқ ҳеч ким аниқ бир гап айтмади

Юзи самон она куйиб бўзлади.

Қайғу - ғамлар Ойбўлдини қилди чўп,

Қўни - қўшни уруғлари бўлди тўп.

Тул хотинга ачиндилар, ёрдилар кўнгил:

" Элга келган бало..."

" Кимга ҳам енгил?.."

" Бу кунлар ҳам ўтар - да,сал сабр қил..."

" Ўзингни ҳам ўйла, умр кечмас бир хил..."

Рўзғор ўлсин, тугаб - битди егулик,

Сотишга ҳам йўқда, сабил, дегулик.

Куни қолди супургининг донига,

Қасд этмоқчи бўлди у ўз жонига.

Аммо болаларин ўйлади она,

Шайтон васвасини ҳайдади ёна,

Тун-кун тикди чопон, қавиди кўрпа,

Бунга бори берди бир сиқим арпа.

Қишлоқ оқсоқоли ҳам берди таскин:

" Эл бошига тушган иш - да, чидагин.

Қара, пишак, эшак, итлар қолди кам...

Кунжарадан шишиб ўлди кўп одам.

Бола, баданларин сотганлар туман.

Юртда кимга осон?

Кам қолди имон..."

Ҳорғин - ҳорғин айланади ёрғучоқ

Минг аср кечароқ...

Синган ёрғучоқ...

Боғдон, 1975

Асов от қисмати

(Баллада)

Элсевар йўлдошим Абдулла Абдураззоқга

Журъат йўқ ерда, йўқ эрк, йўқ иттиҳод (1)

Йўқ озодлик, йўқ тенглик , йўқ жалодат (2)

Муқанна

1

Туёқлари оқ, манглайи қашқа от

Тепанғич, тишланғич эди бағоят.

Уч ёшдан ошса ҳам мағрур арғумоқ

Тутарди одамдан ўзини узоқ.

Ҳайбатли тоғлардан тушмасди ҳеч чоқ,

Уюри бошида мағрур юрарди.

Айиқ, бўри хавфи туғилган заҳот

Уюри – ла чопулга (3) шай турарди.

Тойларни йиртқичга ҳеч олдирмасди,

Сел, довул хафига ҳам қолдирмасди.

2

Тожи шу айғирни мингиси келди,

Элга ўзин кўз – кўз қилгиси келди,

Ҳар ерда керилиб юргиси келди,

Уни тезлик билан тутгиси келди.

3

Қора отин миниб тоққа йўл олди,

Ойлар қувди арғумоқни, чўх толди.

Талай марта асов, қайсар арғумоқ

Уни судраб учди гўё қўғирчоқ .

Қовурғаси синди, боши ёрилди.

Усти- бош, бадани қонга қорилди.

Сиртмоғи неча бор узилиб кетди,

Оти тошдан учди, адамга (4) етди.

4

Тожи куйиб – пишди, алами ошди.

Қутурган ит каби ғазаби тошди.

Шуҳратпараст эди, ҳам ўта худбин

Шум ниятда одам ёллади бир кун.

5

Уч суворий тоққа ўрлади илдам,

Арғумоқ барининг бошин қилди хам.

Оёқ, қўл, беллари ҳам мажақ бўлди,

Икки оти эса тил тортмай ўлди.

6

Тожи алам билан ўйлади, ёнди

Ва ниҳоят топди ғирром “ усул “ни.

Юртда етти абжир (5) бор эди, тенгсиз.

Ҳасрат билан уларга чўх эланди...

Қилди жиз –биз...

Аямади кўк пулни...

7

Неча кун, неча бир учқур арғумоқ

Уларни ҳам қилди обдон ўйинчоқ...

Охири тоқати тоқ Тожи шайтон:

“Қояга сиқайлик, - деди,- беомон! “

8

Сиқишди...

От буни ҳам билмади ҳад.

Абжирларни ёриб, янчиб ўтолди

Ва Ғиркўкдай булутларга йўл солди.

Лек отлиқлар уни қувди изма – из,

Замон кечаверди шамолдек ғиз- ғиз

Энг юксак қояга тақаб боришди.

От бошига етти сиртмоқ солишди.

Айғир Кўкдан кўмак олмоқчи бўлди.

Буроқ (6) дек фалакка учмоқчи бўлди.

Бироқ кўк ҳам отга бермади ёрдам.

Жун сиртмоқлар уни бўғди мустаҳкам.

Шу ҳолда уч отни судраб йиқитди,

Уч абжирни тепиб ,тишлаб итқитди.

Кўз олдида еру осмон айланди,

Сиртмоқларга оёғи ҳам бойланди...

9

Айғирни минмоққа ўргатмоқ учун

Улоқда чиниққан кучли полвонлар

Тер тўкдилар куну – тун.

Йўқ унум.

Шунда ҳам абжирлар билмай қўним

Курашдилар,

Енгилмади от лекин.

Охири тўрт оёғига ҳам кишан уришди,

Оғзи, бурнига ҳам бўғов солишди.

Шундоқ тақдирда ҳам асов арғумоқ

Барини итқитди мисли хас, пўчоқ.

10

Унинг дарди ортди ҳаддан зиёда,

Илк бор ўзин ожиз сезди дунёда.

“ Оҳ” лаб борди пири – эшон ёнига

Эшон ора кирди Тожи жонига.

Ўзини кўп доно биларди эшон,

Макрда унга тенг келмасди шайтон.

Пишиқ ўйлаб қувватлади Тожини:

-Очлик, зорлик ер этади ҳар жонни.

Ва букади ғурур, номус, эрк, шаънин.

Айғирни зулматга тиқ, оч қўй, қантар.

Шунда унинг туғёнли дами қайтар.

Хуржунни тупроққа тўлдир, орт унга.

Ҳеч аямай уни шудгорда чоптир.

Бош кўзига қамчи ур, терга ботир.

Шундан кейин айғир қул бўлар сенга...

11

Қилди шундоқ...

Мағрур, асов арғумоқ

Ҳолдан тойди,

Бўлди бўлари...

Бироқ

Кўнглида бир армон, бир ҳасрат қолди.

Ўз кечмишин ўйлаб, ғамларга толди:

“ Эрк ошёни - кўм – кўк тоғлар қайдасиз?

Ҳур замонлар – қувноқ чоғлар қайдасиз?

Тулпорларим омонмисиз, бормисиз?

Қулунларим эсонмисиз, соғмисиз?

Сизлар менинг армонимсиз, уюрим.

Сизлар менинг умидимсиз, ғурурим...”

12

Ногоҳ, от бошида қамчилар синди,

Манглайидан сизди қон, кўзи тинди,

Ўйлари узулди, хор – зорлик туйди.

Бироқ, энди, ҳолсиз, эрксиз, шўрлик от

Ўзда туйиб ғурур, журъат, жасорат

Ичи кир кимсани тишлаб отмади,

Эрк олами - тоғларига қайтмади.

Бўғовланган эди...

Кучи етмади.

Лекин қайтиш ниятидан кечмади,

Ҳур онлари кўзларидан ўчмади...

Тошкент, 1974

1. Иттиход - уюшмоқ, бирлашмоқ

2. Жалодат – Журъат, ботирлик

3. Чопул - жанг

4. Адам - йўқлик

5. Абжир - чавандозлар маъносида.

6. Буроқ - Муҳаммад алайҳиссаломни Меърожга олиб чиққан от.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio