Каримов билан Назарбоевнинг меросхўрлари кимлар?

АҚШда жойлашган Stratfor маркази Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг меросхўрлари ким бўлиши мумкинлиги ҳақида таҳлилий мақола чоп этган.

Унда айтилишича, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг кўп йиллик раҳбарлари ниҳоят сиёсий меросхўр ким бўлиши кераклиги борасида бир қарорга келганликлари ҳақида миш-мишлар охирги вақтларда яна урчимоқда.

"Сентябр ойида жаноб Назарбоев қизи Дариғани Бош вазир ўринбосари этиб тайинлади. Қўшни Ўзбекистонда эса мухолиф вебсаҳифалардан бири жаноб Каримов ўзининг кенжа қизи Лолага "курси"сини ташлаб кетишга қарор бергани ҳақида мақола чоп этди".

Бу каби миш-мишлар авваллари ҳам тарқалган, не қадар ҳақиқатга мос келишини айтиш қийин, лекин ҳар бир мамлакатдаги сиёсий кураш ҳақида маълумот бериши мумкин", дейилади Stratfor таҳлилида.

"Иккала раҳбарнинг ҳам ёши ўтиб бормоқда. Назарбоев 75 да, Каримов 77 да. Иккаласи ҳам назоратни қаттиқ қўлда ушлайди ва барқарорликни сақлаш учун турли кланлар ўртасидаги мувозанатни ўрнатишга муваффақ бўлиб келганлар".

Қозоғистондаги мувозанат

Мақолада айтилишича, жаноб Назарбоев Дариғадан ташқари яна уч қизи ва икки куёвини, шунингдек яна қатор яқинларини мамлакатдаги муҳим соҳа ва ширкатлар раҳбарлари сифатида тайинлаган.

Лекин улардан биронтаси ҳақиқий қудратга эга ёки сиёсий меросхўр бўлиш белгиларини намоён этмайдилар.

Йиллар мобайнида нефт нархларининг юқори бўлиши қозоқ Президенти учун ўз тарафдорлари ва яқинлари ўртасида қудратни бўлиб бериш вазифасини осонлаштирганди.

Лекин 2014 йилдан бери иқтисодий ўсиш суръатлари сустлашди.

Stratfor нинг даъво қилишича, бу омил Назарбоев яқинлари ва элита орасидаги рақобатни кучайтириган.

Stratfor манбларининг айтишича, Бош вазир Карим Масимов билан Президент куёви Тимур Кулибаев ўртасида келишмовчиликлар юз берган. Масимовнинг 2014 йили Бош вазирликка қайта тайинланиши Кулибаевнинг давлат энергия сектори устидан миллатчи қарашлари билан тўқнаш келган.

Stratfor га кўра, кўринишича, ана шу каби келишмовчиликлар жаноб Назарбоевни қизи Дариғани Бош вазир ўринбосарлигига тайинлашига туртки берган.

Мамлакат сиёсий ҳаётида анчадан бери муҳим ролларни ўйнаб келган Дариға учун бу келажакда балки-да Бош вазир бўлиш учун ҳам эшикларни очиши мумкин.

Stratfor таҳлили Дариға Нарабоеванинг келгуси сиёсий "ўсишини" бундан-да юқорироқ кўради.

Ўзбекистондаги бўлинишлар

Қозоғистондаги меросхўрлик миш-мишларини бирон ҳодиса ёки қадамларга боғлаш мумкиндир, лекин Ўзбекистондаги гаплар анчайин ғализ ва мавҳум.

Stratfor нинг ёзишича, Ислом Каримовнинг мамлакатдаги бошқаруви анчайин мушкулликларга тўла ва қудрат қатор маҳаллий кланлар ўртасида тақсимланган. Улар ресурслар ва хавфсизлик соҳасидаги ҳодисаларда ўз улушлари учун кураш олиб борадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Лола Каримова отасига меросхўрми?

"Жаноб Каримов уч асосий клан, Тошкент, Самарқанд ва Фарғона кланлари ўртасида "воситачи" ролини ўз бўйнига олган. Унинг ўзи Самарқанддан бўлса ҳам охирги йиллари Тошкент кланига ўзини яқин тутган".

"Кланлар ўртасидаги ашаддий рақобат Каримов назоратни йўқотса ёки қудратдан кетса беқарорликка олиб келиши мумкин деган хавотирларга сабаб бўлган. Назарбоевдан фарқли ўлароқ, Ислом Каримов аниқ меросхўрлик "тизимини" ишлаб чиқмаган. Ўзбекистондаги кланлар Қозоғистондаги элитадан кўра ашаддийроқ курашадиган кўринадилар. Ўзбекистон ҳукуматида, Каримов кетса, ўрнини бир киши олмаслиги учун парламент тизимига ўтиш керакмикан, деган баҳслар мавжуд, лекин бу йўналишда бирон амалий ислоҳотлар йўлга қўйилмаган".

Сентябрда мухолиф вебсаҳифалардан бирида жаноб Каримов қизи Лолани меросхўр қилиб тайинлаш ҳақида қарор бергани борасида мақола чоп этилди.

Мақола муаллифи Усмон Ҳақназаров таҳаллуси остида кўпдан бери мақолалар чоп этиб келувчи шахс, Stratfor нинг манбаларига кўра, Ўзбекистон элитасининг ўз "муждасини" ошкор этиш йўлида фойдаланадиган шахсдир.

Ҳақназаровнинг мақоласида айтилишича, Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари ва Тошкент клани "раҳбари" Рустам Иноятов гўёки Лола Каримова "номзодини" қўллайди.

Бошқа манбаларга кўра, жаноб Иноятов охирги йилларда ўз қудрат базасини кенгайтириб келган ва ҳозирда унинг қудрат кўлами балки деярли жаноб Каримовникига тенг.

"Лекин Иноятовнинг Каримовнинг ўзи билан алоқалари унча яхши эмас ва Президентнинг ўрнини эгаллаш учун ёши кекса бўлиши мумкин. Шунинг учун Тошкент кланига яқин ва содиқ "номзод"ни қўллаш унинг учун қулайроқ. Бошқа томондан Лола Каримованинг охирги ойларда телевидение орқали тез-тез кўриниш бериши ҳам бу миш-мишларни урчитаётган омиллардан бири".

"Лекин Лола Каримованинг сиёсий меросхўр бўлиши йўлида талай тўсиқлар бор. У асосан Ўзбекистондан ташқарида яшайди ва ўзбек тилида равон сўзлаша олмайди. Бундан ташқари ҳеч қачон ҳеч қандай сиёсий мақомни эгалламаган".

Бу ўринда савол туғилади. Нима учун бу каби нореал "номзод" ҳақида "таклифлар" ўртага чиқмоқда?

Тошкент кланида кимдир бошқа кланларнинг муносабатини билиб қўйиш учун буни қиляптимикан?

"Лола Каримованинг ўзи Фарғона кланига яқин кўрилган опаси Гулнора билан оралари яхши эмаслигини тан олган. Гулнора Каримова анчадан бери уй қамоғида ва кўплаб фарғоналик бизнес ҳамкорлари ҳибсга олинган. Лолани илгари суриш Гулноранинг қолган ҳамкорларини ҳам итариб чиқариш уриниши бўлиши мумкин" - деб якунлайди ўз таҳлилини Stratfor.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio