Ўзтрансгаз: "Газ йўқлиги учун аҳоли айбдор"

Газ танқислиги Ўзбекистонда мунтазам муаммога айланган Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Image caption Газ танқислиги Ўзбекистонда мунтазам муаммога айланган

Самарқанд шаҳрида уч кундан бери газ йўқлиги одамларни қийин аҳволга солиб қўйган. Журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг ёзишича, шаҳар газ идораси норози одамлар билан тўлиб тошган. "Ўзтрансгаз" муаммода аҳолининг ўзи айбдор эканлигини айтмоқда.

"Ҳатто ёз ойида ҳам қадимий шаҳарнинг айрим мавзеларида табиий газ бўлмади. Ёмғирли совуқ кунлар келиши билан аҳвол янада ёмонлашди. Ҳали ҳаво ҳарорати минус даражага тушиб кетмаган бўлса-да, "зангори олов" билан муаммолар пайдо бўлди. Одамлар ҳақли равишда "энди нима бўлади", деб сўрашмоқда", - деб ёзади Тошпўлат Раҳматуллаев Facebook даги саҳифасида.

Самарқанд шаҳар газ идораси юзага келган муаммони ҳавонинг совиб кетиши билан боғлаган.

"Гўёки шаҳар олдин қанча газ олган бўлса, ҳозир ҳам шунча газ оляпти, лекин сарфлаш кўпайган. Бу босимнинг тушиб кетишига олиб келган. Шаҳар газ идорасининг ишонтиришича, яқинда ҳаммаси жойига тушади. Чунки "Ўзтрансгаз" ширкатига вилоят ҳамда шаҳар оладиган газ ҳажмини кўпайтириш сўраб хат ёзилган", - дейди Тошпўлат Раҳматуллаев.

Журналист "Ўзтрансгаз" аҳолининг эҳтиёжига жиддий муносабатда бўлишига умид қилишини ёзган.

"Ўзтрансгаз" ташкилоти газ етишмаётганидан хабардор

Ширкатнинг матбуот котиби Ботир Зиёев Би-би-си билан суҳбатда мамлакатнинг айрим жойларида газ етишмаслик муаммоси борлигини тан олди.

Компания вакилига кўра, ушбу муамонинг келиб чиқишида кўпроқ аҳоли айбдор.

"Газ йўқлигига сабаб одамлар катта катта 10 хонали уй қуриб олишган ва ҳаммасини иситишни истайди. Яна ноқонуний равишда газли иссиқхоналар қуриб олишган. Натижада айрим жойларга газ етишмай қолаяпти", - дейди Ботир Зиёев

Эҳтиёж ортаётган бўлса, газ тақсимотини кўпайтириш кераклиги айтилади.

Бироқ кузатувчиларга кўра, ҳукумат газни миллий валюта - сўмда арзон баҳога сотгандан кўра, хорижга экспорт қилиб валюта тушимини орттиришга кўпроқ эътибор қаратади.

Ўзбек гази Россия ва Хитойга сотилади.

Ўзбекистонда газ танқислиги муаммоси ҳар йили кузатилади. Бироқ аҳолини газ билан узлуксиз таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилмайди.

"Ўзтрансгаз" ширкати матбуот котиби Ботир Зиёев билан суҳбатдан англашилишича, газ тақсимотини кўпайтириш кун тартибига қўйилмаган. Аксинча аҳолини энергия билан таъминлашнинг муқобил вариантлари кўриб чиқиляпти ва амалга оширилаяпти.

"Ҳозир бу каби муаммони бартараф этиш учун давлат томонидан суюлтирилган газ қуйиш шаҳобчалари кўпайтирилмоқда. Одамлар ўша ердан газ сотиб олиб овқат пишириб туриши мумкин", - дейди Ботир Зиёев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ