"Валюта бозорига давлат аралашуви зарур"

Кузатувчилар 22 октябрни "қора пайшанба" деб аташмоқда
Image caption Кузатувчилар 22 октябрни "қора пайшанба" деб аташмоқда

Ўзбекистонда доллар нархининг кўтарилиши аҳолини саросимага солиб қўйган. Эркин бозорда ўзбек сўми қадрининг тушиб кетишидан оддий одамлардан тортиб, тадбиркорларгача азият чекаётгани айтилмоқда. Кузатувчилар валюта бозорига давлат томонидан аралашув бўлиши кераклигини таъкидлашмоқда.

Ўзбек сўми сўнгги 10 куннинг ичида қарийб минг сўмга қадрсизланган. Айниқса, 22 октябр куни доллар нархи соат сайин қадрсизланди.

Эрталаб 5520 сўмдан сотилган бир доллар, кечки соат 18:30 га бориб 5900 сўмга чиқиб кетган.

Би-би-си билан гаплашган тадбиркор ва оддий одамларнинг айтишича, ўзбек сўмининг сўнгги 10 куннинг ичида қарийб минг сўмга қадрсизланиши аҳоли орасида саросима пайдо қилган.

Озиқ овқат маҳсулотларининг нархи ҳозирча кўтарилмаган бўлса-да, шу кунларда кўтарилиши айтилмоқда. Чунки Ўзбекистонда истеъмол қилинадиган харидоргир ун ва ёғ маҳсулотлари асосан четдан доллар эвазига олиб келинади.

Аммо техника маҳсулотларинниг нархи доллар баҳоси ўзгариши билан ўзгармоқда, яъни қимматлашмоқда.

Бир аёлнинг айтишича, иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви ва сўм қадрининг тушиб кетиши натижасида у яшаб турган шаҳарда ночор одамлар сони кўпайган. Қорнини тўйдириш учун пул топса, кийим бош қилишга қийналиб қолаётган одамлар сони ортган.

Пойтахт Тошкентда ҳам долларнинг кўтарилиб кетиши ижарада турувчи одамларнинг аҳволини танг ҳолатга келтириб қўйган. Шаҳарда ўртача икки хонали уйни ижарага олиш айни дамда 200 долларни ташкил қилади. Пойтахтда уй-жой доллар билан ҳисоб китоб қилингани учун ижарачи аренда ҳаққини долларда тўлаши керак.

Image caption Беш мингталикка бир доллар бериладиган кунлар тарихга айланган

Пойтахтда бошқа шаҳарлардан фарқли равишда ўртача ойлик баландроқ ва 1 миллион сўмни ташкил қилади.

200 долларни айни вақтда 1 миллион 180 минг сўмга олиш мумкин. Кўриниб турибдики, ижарада яшовчи оиладаги бир киши ишлаб топган пул квартира пулига ҳам етмайди.

Ўзбек сўми бир йилнинг ичида қарийб 2 баробар қадрсизланди. Бироқ ойлик маошларда сезиларли кўтарилиш бўлгани йўқ.

Касодга учраётган тадбиркорлар кўпаймоқда

Ўзбек расмийлари эркин бозордаги доллар курсини тан олишмайди. Ҳукумат ўзини бундай бозор йўқдек тутади.

Ҳар замонда ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ўтказиладиган рейдларда доллар сотишга уринган шахслардан маълум миқдорда пул мусодара қилингани ҳақида хабарлар чиқиб туради.

Аммо ушбу ҳисоботлардаги доллар курсининг эркин бозордаги курсга тўғри келмаслиги бу борада ҳам коррупция борлигини кўрсатиши айтилади.

Би-би-си билан суҳбатлашган тадбиркор, жамиятда долларга талаб катталиги учун ҳам нархи ошиб кетаётганини айтади. Унга кўра, ҳукумат эркин бозорга қўшимча доллар чиқариб вазиятга аралашмаса аҳвол янада ёмонлашиши мумкин.

Бундан аввало, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами азият чекиши мукинлиги айтилади. Бундай қатлам Ўзбекистонда охирги вақтларда кўпайган.

Fergana.ru интернет сайтининг ёзишича, долларнинг қимматлашиб кетиши ўзбек тадбиркорларига қаттиқ зарба бўлган. Тошкент шаҳар солиқ инспекцияси тадбиркорлар томонидан касодга учрашлик тўғрисидаги аризаларни қабул қилишга улгурмаяпти.

Хабар агентлигига кўра, 21 октябр куни биргина Юнусобод туманида 80 ортиқ ана шундай аризалар қабул қилинган.

Ўзбекистондаги тадбиркорлардан бирининг Би-би-сига айтишича, хусусий тадбиркорларнинг аксарияти четга экспорт билан шуғулланмайди. Бу иш билан фақат йирик йирик давлат корхоналари шуғулланади.

Тадбиркорлар эса ўз маҳсулотларини фақат Ўзбекистон ичида сотгани боис уларга сўмнинг қадрсизланишидан фойда йўқ. Балки зиён ҳам кўришлари мумкин. Сабаби ишлаб чиқариш учун кетадиган маҳсулотлар ёки ускуналар доллар эвазига четдан келтирилади. Долларнинг қимматлашуви уларнинг ҳам маҳсулотлари нархига бевосита таъсир қилади.

Умуман Ўзбекистон ичида доллар билан билан савдо қилувчи соҳалар кўпайиб бораётгани айтилади. Машина, уй-жой олди сотдиси, ижара долларда ҳисоб китоб қилинади. Четдан келадиган товарларнинг аксарияти долларда.

Ундан ташқари давлат назорати остида бўлган айрим йўналишларга авиа чипта сотиш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги машиналарнинг баъзиларини фақат долларда олишингиз мумкин. Биз билан суҳбатда бўлганларнинг айтишича, ҳатто пора бериш ҳам кўп ҳолларда ўзбек сўмида эмас, долларда амалга оширилмоқда.

Буларнинг ҳаммаси банкдан долларни эркин сотиб олишнинг имкони йўқ бир шароитда содир бўлмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ