"Доллар банк орқали эркин сотилсин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбекистон эркин бозорида доллар нархининг бир кунда қарийб минг сўмга қимматлашиши оддий одамларни қийин аҳволга солган. Кузатувчилар доллар банклар орқали эркин сотувга чиқарилиши кераклигини таъкидлашмоқда.

22 октябр куни 6000 сўмга чиқиб кетган доллар 23 октябрда 5800 сўмга тушган.

Тошкентдан тадбиркор Ғайрат Ўзбекистонда долларнинг қимматлаб кетишига Россияда бўлаётган инқирознинг бевосита таъсири борлигини айтади.

"2008-2010 йилларга келиб Ўзбекистон иқтисодиёти ўзини анча ўнглаб, четга автомобил, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти ҳисобига валюта бозорида вазият анча барқарорлашди. 2014 йилнинг баҳоригача ҳам аҳвол анча яхши эди. Ўтган йилнинг баҳоридан бошлаб 2700 дан кўтарилган курс бугунга келиб 6000 га чиқиб кетди. Бунга 2014 йилдан бошлаб Россия ва Украина ўртасидаги можародан сўнг Ғарбнинг Россияга нисбатан жорий қилган санкциялари сабабчи", - дейди тадбиркор.

Суҳбатдошимизга кўра, Россия бозорида доллар курсининг кескин кўтарилиб кетиши, ўзбек автомобиллари экспортининг тушиб кетиши, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортининг ҳам камайгани ҳамда Россиядаги муҳожирлар сони ва улар юбораётган пулларнинг камайиши ўзбек сўмининг қадрсизланишига олиб келган.

Ғайратнинг айтишича, доллар кўтарилиб кетган вақти истеъмол кўрсатгичлари тушиб кетади. Одамлар зарур маҳсулотларни олиш билан чекланади. Бунга сабаб нархларнинг ошгани ва маблағ топишнинг қийинлашувидир. Кийим кечак ва хўжалик моллари савдоси сусайган.

Четдан доллар ҳисобига келадиган барча маҳсулотларнинг нархи автоматик кўтарилади. Ҳатто Ўзбекистоннинг ичида ишлаб чиқариладиган айрим маҳсулотларнинг ҳам нархи кўтарилади.

"Яна шундай ҳолат ҳам борки, Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқариладиган жуда кўп маҳсулотлар ҳам доллар курсига қараб сотилади. Масалан, "Шўртангаз"дан чиқадиган гранула бор. Пластмас идишларнинг хом-ашёси. Гранулани ишлатиб пластмасса идишлар чиқарадиган танишларим бу маҳсулотни Шўртандан долларга оламиз, деб айтишади. Менга шу нарса тушунарсиз".

Тадбиркорга кўра, Ўзбекистонда экспорт маҳсулотларининг миқдори импорт қилинадиган маҳсулотлардан кам бўлиб туришда давом этаверса, доллар нархи бундан сўнг ҳам тушмайди.

Бироқ оддий одамлар бу каби ўзгаришлардан қаттиқ жабр кўрмоқда.

"Энг маъқул вариант бу долларни эркин савдога чиқариш керак. Банкларга рухсат берилиши ва валюта айирбошлаш шоҳобчалари фаолияти тикланиши керак. Хусусий тадбиркорларга ҳам доллар савдоси билан шуғулланишга рухсат берилиши керак. Бу давлатга қўшимча маблағ олиб келади. Доллар кириб келиш кам бўлса, эркинлаштирилганда ҳам доллар нархи ошади. Лекин рақобат бўлади ва ҳаммаси қонуний бўлади", - дейди Ғайрат.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ