Ўзбекистонда кучли зилзила юз берди

Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида сезилган зилзила аҳоли орасида ваҳимага сабаб бўлди.

Душанба куни Тошкент вақти билан соат 14:10 атрофида юз берган зилзиланинг маркази Афғонистон шимолида бўлиб, унинг таъсири Марказий Осиё, Покистон ва Ҳиндистонда ҳам сезилган.

АҚШ Геологик сўровига кўра, шимолий Афғонистондаги зилзиланинг кучи 7,7 баллга тенг бўлиб, унинг маркази тоғли Ҳинди Қуш вилоятида бўлган.

Ўзбекистонда мазкур зилзила борасида ҳозирча маълумот тарқатилмади. Аммо, илк норасмий хабарларга кўра, Тошкентда зилзиланинг кучи 5 ва 6 балл орасида бўлган.

Ҳукуматга яқин узметроном сайти билдиришича, бир дақиқадан ошиқ давом этган "кучли ва давомий" зилзила пойтахтнинг кўп қаватли биноларида яшовчи ва ишловчи аҳолини саросимага солди.

Унга кўра, яқин орада ҳукумат бу каби ер қимирлашидан етказилган жиддий зарар борасида хабар беришни бошласа ажабмас.

Хабарда айтилишича, мазкур зилзилада зарбалар вертикал бўлган.

Ижтимоий тармоқларда фикр билдираётган ўзбекистонликлардан бири Термез шаҳрида ер жуда қаттиқ қимирлагани ва бу каби ер қимирлашини аввал ҳеч қачон сезмаганини ёзди.

Шунингдек, Фарғона ва Қўқонда яшовчилар "жуда қўрқинчли" зилзила юз берганини ёзишмоқда.

"Тўққизинчи қаватда эдим, тамом бўлиб қолдим", - деб ёзади бир киши.

Афғонистонда қаттиқ шикаст еган биноларнинг суратлари тарқалмоқда, аммо ҳозирча талафотлар ҳақида хабар йўқ.

Покистонда маҳаллий телеканаллар бинолардан одамлар эвакуация қилинаётганини намойиш қилишди.

Лаҳордаги Би-би-си ходими зилзила ортидан мобил телефон алоқаси узилиб қолганини хабар қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio