Ўзбек ҳукумати: Зилзилада қурбонлар йўқ

Афғонистон шимоли-шарқи ва Покистонни титратган кучли зилзила 150 кишини нобуд қилди.

7,5 балл кучига эга зилзиланинг маркази Афғонистон шимолидаги тоғли Ҳинди Қуш вилоятида бўлган ва таъсири Марказий Осиё, Покистон ва Ҳиндистонда ҳам сезилган.

Қурбонларнинг камида 12 нафари афғон мактабининг ўқувчи қизлари бўлишган. Улар бинодан қочиб чиқишга уринганларида, харобалар остида қолиб кетишган.

Афғонистоннинг Таххор вилояти ҳокими воизи Суннатулла Тимур яна 25 ўқувчи зилзила вақти юзага келган талотўпдан оёқ остида қолиб ўлганларини айтди.

Талафотлар ва жароҳатлар Афғонистоннинг Нангарҳор, Бадахшон ва Кунар вилоятларида ҳам кузатилган. У ерларда камида 35 одам ҳалок бўлган.

Покистон армияси эса мамлакат шимолида 123 одам нобуд бўлгани тасдиқланганини хабар қилди.

Ўзбекистон

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз сайтида баёнот чиқариб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурбонлар ва қулашлар аниқланмаганини билдирди.

Вазирликка кўра, мамлакат ҳудудида зилзила кучи қуйидагича бўлган:

Тошкент шаҳри ва вилояти, Самарқанд, Термез - 5 балл

Навоий, Қарши, Фарғона, Гулистон - 4 балл

Бухоро, Жиззах - 3-4 балл

Андижон, Наманган - 3 балл

Вазирликка кўра, Урганч ва Нукусда ер силкиниши сезилмаган.

Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида сезилган зилзила аҳоли орасида ваҳимага сабаб бўлди.

Бир дақиқадан ошиқ давом этган зилзила пойтахтнинг кўп қаватли биноларида яшовчи ва ишловчи аҳолини саросимага солди.

Ижтимоий тармоқларда фикр билдираётган ўзбекистонликлардан бири Термез шаҳрида ер жуда қаттиқ қимирлагани ва бу каби ер қимирлашини аввал ҳеч қачон сезмаганини ёзди.

Шунингдек, Фарғона ва Қўқонда яшовчилар "жуда қўрқинчли" зилзила юз берганини ёзишмоқда.

"Тўққизинчи қаватда эдим, тамом бўлиб қолдим", - деб ёзади бир киши.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio