Ўзбекистонга янги қирувчи учоқлар нимага керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Жанубий Корея матбуотининг хабар беришича, АҚШ Ўзбекистонга 12 та Т50 русумидаги қирувчи учоқларни сотишга рухсат бермаган.

Korea Times газетидаги мақолага кўра, ушбу қирувчи учоқлар 2006 йили АҚШнинг Lockheed Martin ширкати билан ҳамкорликда Америка технологиялари асосида ишлаб чиқилганди.

Шунинг учун ҳам Жанубий Корея бу учоқларни хорижга сотишдан аввал АҚШдан рухсат олиши керак эди.

Би-би-си билан суҳбатда Россиялик ҳарбий шарҳловчи Александр Гольцнинг айтишича, Т50 машқ учоқларидир.

Александр Гольц: Жанубий Корея бу учоқларни АҚШнинг электрон ускуналари ва двигателларидан фойдаланиб ишлаб чиққан. Ана шунинг учун Жанубий Корея бу учоқларни бирон бошқа мамлакатга сотиш учун АҚШдан рухсат олиши кераклиги шарт қилиб қўйилган.

Би-би-си: Хабарларда айтилишича, Ўзбекистонга 12 учоқни сотиш масаласи икки мамлакат президентлари ўртасида муҳокама қилинган ва Ўзбекистон мудофаа вазирига ушбу учоқнинг намунасига ўтириб, тажриба қилиб кўриш имкони берилган. Корея ўз учоғини бу каби "тарғиб" қилган вақти АҚШ тақиқини ёдидан чиқариб қўйганмиди?

Александр Гольц: Бу шартлар ўшанда ҳам маълум бўлган, лекин расман АҚШдан рухсат сўралган вақти кўринишича, Америка бу технологияларнинг Россия қўлига бориб тушишидан хавотир билдириб, рухсат бермаган. Ўзбекистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномасида иштирок этишдан бош тортишидан сўнг Москва ва Тошкентнинг охирги вақтларда бир оз совуқлашган муносабатларига қарамай, икки ўртадаги ҳарбий алоқалар барибир яқинлигича сақланиб қолган.

Би-би-си: Лекин Ўзбекистонга бу янги 12 та қирувчи учоқ ҳозирда нима учун керак бўлди экан?

Александр Гольц: Бу жуда қизиқ савол, лекин афсуски бизда бу саволга жавоб йўқ. Бу замонавий учоқлар ўзбек учувчилари учун номаълум. Уларни бошқариш учун учувчиларни алоҳида ўргатиш ва машқлардан ўтказиш керак бўлади. Фикримча, Ўзбекистон учун бу собиқ Иттифоқ даврида ишлаб чиқилган ҳарбий техникадан воз кечиш учун қилинган рамзий бир қадам эди. Чунки ҳозирга қадар ўзбек қуролли кучлари фойдаланаётган ҳарбий техниканинг 90 фоиздан кўпроғи ҳануз Шўролар давридан қолган ва қисман Россияда ишлаб чиқилган техникадир.

Би-би-си: Ўзбекистонда аввал бу русумга ўхшаш қирувчи учоқлар бўлганми?

Александр Гольц: Ҳа, бор эди. Лекин анча эскиб қолган ва бу каби замонавий эмас. Улар асосан 25-30 йил аввал Шўролар даврида ишлаб чиқарилган қирувчи учоқлар.

Би-би-си: Хориждан янги қирувчи учоқлар сотиб олиш уриниши Ўзбекистон ўз ҳарбий аслаҳаларини янгилаш йўлларини излаётганини англатадими?

Александр Гольц: Шубҳасиз шундай. Лекин бу ерда яна бир бошқа савол туғилади. Ўзбекистон бу каби йирик, 480 миллион америка долларига тенг деб айтилаётган учоқ шартномаси учун маблағни қаердан олади? Ҳарбий тизимни замонавийлаштириш ўта қимматга тушувчи лойиҳадир.

Жанубий Корея матбуотига кўра, расмий Сеул бу каби савдонинг амалга ошиши учун Вашингтоннинг рухсатини олиш йўлида уринишларини тўхтатмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio