ОВИР: жавобдан кўп савол

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистон фуқароларининг четга чиқиш тартибига киритилган ўзгартиришлар кўпроқ савол ва англашмовчиликларни пайдо қилган. Қарорга шарҳ ёзилмаганлиги ва мавҳумлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Қарор тилининг мураккаблиги, фуқароларга тушунарсизлиги ва қарорда кўрсатилмаган бошқа қонун ости ҳужжатларга таяниши твиттер фойдаланувчилари орасида англашмовчилик келтириб чиқарди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 22 октябрда киритилган ўзгартиришларда виза талаб этилувчи давлатларга ОВИР (чиқиш визаси) стикерисиз чиққан фуқаролар қонунга мувофиқ жазоланиши айтилган. Бироқ қайси қонунга асосланиб, қандай жазо берилиши кўрсатилмаган.

‏@yoshulli_ номи остида изоҳ қолдирувчи шахс, ушбу қарор Ўзбекистон билан визасиз алоқаларга эга давлатларга чиқиш визасиз бориб келиш имконини туғдиргани ҳақида ёзди.

"Яна бир марта аниқлаштирамиз, Ўзбекистон билан визасиз режимга эга давлатларга бориш учун бундан буён ОВИРни рухсати ва стикери шарт эмас. Ўзбекистон билан визасиз режимга эга давлатлар: Озарбайжон, Бангладеш, Барбадос, Гаити, Гренада, Малайзия, Мальдив ороллари, Непал, Туркия", - дея ўнлаб давлатларнинг рўйхатини келтирди.

"Ааа, очиқ деган любой давлатларга бемалол бориловрадими", - деб сўради Андижанец.

"Малайзияга бориш учун ОВИР шартмас уже. Билетти олиб, учиб кетуврас", дейди Abror Qodirov.

Ўзбекистон футбол клубларига алоқадор шахс ҳам хурсандчилигини яширмади.

"Клубларимизга зўр бўлибтида, қишда Туркияга чиқиш учун роса қийналар эди.. Қанчаси қолиб кетарди".

Бироқ твиттердаги бошқа фойдаланувчи ушбу давлатлар визасиз давлат эмаслигини ёзди ва фойдаланувчиларнинг ҳафсаласини пир қилди.

"Виза аэропортда бериладиган давлатлар визасиз давлат ҳисобланмайди. Хусусан, Туркия, Малайзия визали давлат эрур. Қолаверса, мазкур тартибда жуда кўплаб саволлар мавжудки, бунга аниқлик киритмоқ жоиз", - дейди @new_bakiroo.

У Ўзбекистонга кириш-чиқиш тартибини қонун даражасида белгилаш тарафдори эканлиги ёзди. Бироқ улар тўғридан тўғри ишлайдиган қонун бўлиши керак.

"Қонунки, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун бўлсин, турли қарорлар, тартиблар, биз билмайдиган талқин ва хатларга имкон қолдирмасин. Масалан, четга чиқаётган аёлларга нисбатан қўшимча справка ва суҳбатлар бўйича талаблар ҳам қонунда ўз аксини топсин. Қонун билан ишлаган ва яшаган афзал ва арзон".

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларнинг мамлакатдан чиқиш ва кириш борасидаги ҳуқуқини кафолатлайди. Лекин ўша ҳуқуқ кейинги жумла билан чекловга учрайди. Конституциянинг 28-моддасида шундай ёзилган:

"Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир".

Қонунлардаги чеклашлар эса кўп ҳолларда фуқароларга ошкор қилинмайдиган қонун ости ҳужжатларига таянилади.

Кузатувчилар бундай ҳолатда фуқароларни бошқариш ва исталган шахсни назоратда ушлаб туриш осонлашишини айтишади.

Сўнгги вақтларда фуқароларнинг чиқиш тартиби ва ошкор қилинмайдиган қонун ости ҳужжатлар асосида кўплаб фуқаролар Ўзбекистондан хорижга чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилинмоқда.

Қарорда фуқароларнинг махсус хизмат ёки милиция суҳбатидан ўтиши кўрсатилмаган бўлса-да, амалда чиқиш визасини олишга ҳаракат қилаётган аксар фуқаролар милиция ёки махсус хизматларнинг суҳбатидан ўтишига тўғри келади.

Би-би-си бундай суҳбатларда фуқароларнинг жосуслик қилишга мажбурланиши ҳақида ёзган эди.

Кузатувчилар Ўзбекистон дунёда чиқиш визаси талаб қилинадиган 3 давлат: Туркманистон ва Шимолий Кореядан бири бўлиб турганини айтишади.

Ушбу чекловлар Ўзбекистон имзолаган халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўғри келмаслиги таъкидланади.

Бироқ 1995 йилдан бери бир неча маротаба ўзгартирилган ва якунда ҳамон мавҳум нуқталари кўп чиқиш тартибига киритилган сўнгги ўзгартиришлар ОВИРнинг Ўзбекистонда ҳали бери бекор қилинмаслигини англатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ