Лола Тиллаева: "Давлат арбоби бўлиш ниятим йўқ"

Лола Каримова-Тиллаева Instragram да фаол Фото муаллифлик ҳуқуқи instagram
Image caption Лола Каримова-Тиллаева Instragram да фаол

Лола Каримова-Тиллаева Instragram даги саҳифасида ҳокимият тепасига келиш нияти йўқлигини билдирган. Президент Каримовнинг иккинчи қизи нима учун бундай баёнот билан чиққани номаълум.

Рус ва ўзбек тилларида қолдирилган билдиришда Лола Каримова Тиллаева мансабга бўлган муносабатини ёшлигиданоқ ўзи учун ифодалаб олганини ёзади.

"Мен ҳаётимда ўз олдимга аниқ қилиб жуда ҳам кўп вазифаларни қўйганман, аммо уларнинг орасида ҳокимиятга эришиш мақсади йўқдир. Мен ҳаётимни ўзгартириб, давлат бошқарув тизимларида ишлаб, давлат арбоби бўлиш ниятим йўқ".

Каримова-Тиллаева хоним ҳаётдаги асосий мақсади оиласи ва ўзининг маънавий ўсиши эканлигини айтган.

Президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчисидир. "Сен ёлғиз эмассан" жамғармасининг асосчиси.

Чорак асрдан бери ҳокимият тепасида қолаётган Президент Ислом Каримовнинг вориси мавзуси интернет нашрларида кўп муҳокамаларга сабаб бўлади.

Бундан бир неча йил аввал ижтимоий ва маданий ҳаётда анча фаол бўлган Гулнора Каримованинг ўз отаси ўрнига асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилган эди.

Бироқ 2013 йилнинг октябр ойида президентнинг қудратли қизи ҳукумат томонидан турли босимлар остида қолди. Унга тегишли деб ишониладиган бир неча теле, радио каналлар ўз фаолиятини тўхтатди.

Босимлар кучайганидан сўнг Гулнора Каримова твиттердаги саҳифаси орқали ҳукумат тепасини дўзахий жой дея таърифлаб, унга интилмаётганини билдирган.

Кейинчалик Гулнора Каримова хонабанд этилиб, унинг устидан мамлакат ичида жиноий иш очилди. Олдинроқ Оврўпо давлатларида Гулнора Каримовага ноқонуний пулларни ўзлаштириш гумони билан тергов очилганди.

Лола-Каримова Тиллаева ўз пайтида Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервюсида опаси Гулнора билан 12 йилдан бери мулоқот қилмаслигини билдирган эди.

Опа-сингил ўртасидаги ошкора адоват Лола Каримова-Тиллаеванинг опасини маҳкамага тортиш таҳдидигача етиб борган.

Каримова-Тиллаева хоним 2013 йилнинг декабр ойида баёнот билан чиқиб, опаси унга қарши бўҳтон қилганини даъво қилган ва айни масала юзасидан ўз адвокатлари билан маслаҳатлашаётганини билдирганди.

Сўнгги пайтларда ўзбек муҳолифати сайтларида Лола Каримова-Тиллаеванинг ўз отаси Президент Ислом Каримовга сиёсий меросхўр сифатида танлангани ҳақидаги хабарлар чоп этилган эди. Лола Каримова-Тиллаеванинг ушбу Instragram баёноти ўша расман тасдиқланмаган овозаларга жавоби бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ