Афғонистон: Ўзбек жангарилари ким билан ва кимга қарши?

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Афғонистоннинг Покистонга бевосита чегарадош жанубий Зобул вилоятидаги икки рақиб Толибон гуруҳи ўртасидаги қақшатқич жанглар ва ўнга яқин ҳазора тутқуни бўғзига пичоқ тортилиши яна кун тартибига ўзбек жангарилари масаласини олиб чиққан.

Етти нафар ҳазора айни шу жанглар ортидан ўлдирилган. Аммо уларни ким бўғизлагани, ҳозирча, аниқ маълум эмас.

Аммо айрим хабарларда бу – яқинда Афғонистон Толибон ҳаракати сафларидан ажралиб чиққан гуруҳга тарафдорлик қилувчи ва ўзбекистонлик эканликлари гумон этилган хорижий жангариларнинг иши эканига оид тахминлар ҳам янгради.

Таъкидлаш жоиз, бу каби хабарлар ортидан, Афғонистон Толибон ҳаракатининг Мулла Муҳаммад Расул бошчилик қилувчи ушбу гуруҳи ҳазораларнинг ўлдирилишига ўзларининг ҳеч бир алоқалари йўқлигини айтиб чиқди.

Лекин, шунга қарамай, қотилликлардан икки кун ўтиб, Зобул вилоятида хорижий жангарилар тутиб турганликлари ишонилган ўнга яқин ҳазора қўйиб юборилди.

Озодликка чиққан ана шу ҳазоралардан бирининг Би-би-сига айтишича, ўзларини гаровда тутиб турган хорижий жангарилар ўзбекзабон бўлишган.

Бу эса, ҳазораларнинг олиб қочилиши билан боғлиқ сўнгги воқеалар ва қатлларга хорижий жангарилар масъул эканига оид тахминларни кучайтиради.

Минтақада бўлган мухбиримиз Маъмун Дурронийнинг айтишича, жорий пайтда жанубий Зобул вилоятидан бошпана топган хорижий жангарилар оилаларининг сони мингга етади.

Улар аксариятининг сўнгги икки йил ичида Покистоннинг Афғонистонга бевосита чегарадош қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан қочиб ўтишга муваффақ бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари эканликлари ишонилади.

Уларнинг орасида марказий осиёликларидан ташқари, чечен, араб ва уйғур жангариларининг ҳам борликлари айтилади.

Хорижий жангрилар ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Маҳаллий масъуллар бу жангариларни “Исломий Давлат” гуруҳига нисбат беришса-да, улардан айримлари Би-би-си билан суҳбатда бу каби баёнотларни рад этишган.

Ҳам Афғонистон ва ҳам Покистон Толибон ҳаракати сўнгги ўн йилликларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси сифатида кўриб келинган.

Аммо Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўтган йил сентябр ойида Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига расман байъат келтирган ва яқинда Толибон ҳаракатини ҳам худди шундай йўл тутишга ундаб чиққанди.

Шу йил июл ойида узоқ йиллик лидери Мулла Муҳаммад Умарнинг бундан икки йил бурун қазо қилгани маълум бўларкан, Афғонистон Толибон ҳаракатининг раҳбари этиб Мулла Ахтар Муҳаммад Мансур тайин этилган, бу эса, толиблар сафларида парчаланишга сабаб бўлганди.

Ўтган ҳафта Афғонистон Толибон ҳаракати сафларидан ажралиб чиққан гуруҳ ўзларига янги раҳбар этиб Мулла Муҳаммад Расулни тайин этаркан, орадан бир неча кун ўтмай, жанубий Зобул вилоятида икки рақиб гуруҳ тарафдорлари бир-бирлари билан тўқнашишганига оид хабарлар олинганди.

Минтақадаги мухбиримиз Маъмун Дурронийнинг айтишича, Зобул вилоятидан бошпана топган ўзбекистонликлари дохил қолган хорижий жангарилар Афғонистон Толибон ҳаракатининг айнан Мулла Муҳаммад Расул бошчилиги остидаги гуруҳига тарафдорлик қилишади.

“Чунки бу хорижий жангарилар Мулла Муҳаммад Расулнинг муовинларидан бири, таниқли Толибон қўмондони Мулла Додуллоҳга жуда яқин. Мулла Додуллоҳнинг эса, “ал-Қоида” тармоғи билан алоқалари яхши. Мулла Додуллоҳ ўзининг “ал-Қоида” билан яқинлигидан фойдаланиб, уларни ҳар томонлама дастаклаши, қурол-яроғ ва бошпана билан таъминлаши мумкин. Шу боис ҳам, улар Мулла Муҳаммад Расул ва Мулла Додуллоҳ билан иттифоқчиликдан мамнун”, - дейди мухбиримиз.

Унинг маҳаллий қавм оқсоқолларидан бирининг сўзларига таяниб айтишича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг лидери Усмон Ғозийнинг ўзи ҳам Афғонистоннинг жанубий Зобул вилоятида ва у ердаги хорижий жангариларнинг юзлаб оилаларига айнан унинг ўзи бошчилик қилмоқда.

Аммо Би-би-си, ҳозирча, бу хабарни мустақил манбалардан тасдиқлатишга имконли бўлганича йўқ.

Хорижий жангарилар истаги

Мухбиримизга кўра, икки рақиб Толибон гуруҳи ўртасидаги кутилмаган қақшатқич жангларга Зобулга қўшни шарқий Ғазний вилоятидаги Мулла Ахтар Муҳаммад Мансурга яқин кўрилувчи ҳазора жангариларининг ўзбекистонликлари дохил қолган хорижий жангарилардан ҳудудни бўшатиб қўйишларига оид талаби сабаб бўлган.

Унинг айтишича, бундан ташқари, бу ҳазора жангариларининг Мулла Ахтар Муҳаммад Мансур гуруҳи билан бир иттифоққа киришаётгани ва гўёки, Эрондан кўмак олиб, кучланишаётганига оид айрим гап-сўзлар ҳам ҳаракатнинг Мулла Муҳаммад Расул бошчилиги остидаги гуруҳини хавотирга солган бўлиши мумкин.

Мухбиримиз жанубий Зобул вилоятидаги жангларнинг ҳануз давом этаётгани, ўзбекистонликлари дохил хорижий жангариларнинг Покистон билан икки ўртадаги тоғларга чекинишга мажбур бўлишаётганига оид айрим тасдиқланмаган хабарларнинг ҳам борлигини айтади.

Биргина жанубий Зобул ва шарқий Ғазний вилоятидаги вазиятни таҳлил этаркан, мухбиримиз Маъмун Дурроний у ердаги хорижий жангариларни аниқ мана бу гуруҳга тегишли, деб айтиш хато бўлишини таъкидлайди.

Унга кўра, бирлари Афғонистон шимоли, бошқалари жанубида бўлишса-да, бу хорижий жангарилар доимо ўзаро алоқада, аммо манфаатларига қараб, гоҳ биргаликда, гоҳ мустақил ва Толибон ҳамда "Исломий Давлат" дохил Афғонистонда фаолият юритувчи бошқа йирик жангари гуруҳлар билан ҳамкорликда фаолият юритишади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, афғонистонлик масъуллар томонидан "Исломий Давлат" гуруҳига нисбат берилган ва аксарияти Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари экани тахмин этилган хорижий жангарилар яқинда Толибон билан бир сафда Афғонистоннинг қўшни Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз ва Бадахшон вилоятларида кетма-кет йирик ҳужумлар уюштиришга муваффақ бўлишган ва афғон ҳукуматини оғир аҳволда қолдиришганди.

Бошқа муҳим сабаблар ҳам бор...

Афғонистон жанубида бўлган мухбиримиз Маъмун Дурронийнинг айтишича, кетма-кет ҳазора мазҳабига мансуб одамларни ўғирлаш билан Зобул ва Ғазнийдаги ўзбекистонликлари дохил бошқа хорижий жангарилар, бир йилдирки, афғон ҳукуматининг қамоқхонасида қолаётган сафдошлари ва улар оилаларининг озод қилинишини исташади.

Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати шу йил май ойи бошида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан музокараларга борган ва 19 нафар ҳазоранинг қўйиб юборилиши эвазига жангариларнинг йигирмадан ортиқ фарзандини озод этишга мажбур бўлганди.

Бу – Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳининг янги аъзоси сифатида Марказий Осиёнинг шундоққина биқинида қўлга киритган биринчи жиддий ютуғи бўлганди.

Ҳаракат ундан бир ой аввал Афғонистондаги каллакесарлигига оид илк видеолавҳасини эълон қилган ва унда афғон ҳукуматидан ўзи тутиб турган ўнлаб ҳазоранинг зиён-заҳматсиз қўйиб юборилиши эвазига яқинда мамлакатнинг шимолий Тахор ва шимолий-шарқий Бадахшон вилоятида қўлга олинган аъзоларининг қўйиб юборилишини талаб қилганди.

Афғонистон ҳукумати орада тутқундагиларни озод қилиш учун жанубий Зобул вилоятида йирик ҳарбий амалиётларга қўл урган, аммо бир неча кунлик қақшатқич жанглар ортидан ҳам, ҳеч нарсага муваффақ бўла олмаганди.

Афғонистон жанубидаги мухбиримиз Маъмун Дурроний ўша пайтда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати орада яна қатор талабларининг афғон ҳукумати томонидан адо этилишига муваффақ бўлганини ҳам айтганди.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, бу музокаралар ортидан, ҳаракат ҳануз ўз ихтиёрида қолаётган ҳазора тутқунларини Афғонистоннинг Зобулга қўшни Ғазний вилоятидаги буткул толиблар назорати остидаги Нова туманига кўчирган. Афғонистон Қуролли кучларининг Зобулдаги ўзларига қарши қаратилган ҳарбий амалиётларининг тўхтатилишига ҳам эришган.

Аммо, мухбиримизга кўра, ҳаракатнинг энг сўнгги талаби, ҳалича, афғон ҳукумати томонидан бажарилмаган.

Унинг айтишича, қолган тутқунларни озод қилиши эвазига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ораларида бир қанча юқори мартабали қўмондонлари ҳам бўлган ўндан ортиқ жангарисининг Афғонистон қамоқхоналаридан қўйиб юборилишини истаган.

Аммо, бугунга келиб маълум бўлишича, ўша пайтда бу хусусда афғон ҳукумати махсус ҳайъати ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати вакиллари ўртасидаги музокаралар бирор бир самарасиз якунланган.

Гаровгирлик

Жанубий Зобул вилоятида Эрондан қайтаётган пайтларида ўттиздан ортиқ шиа ҳазорасининг олиб қочилиши билан боғлиқ ҳодиса шу йилнинг феврал ойида юз берган ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг орада эълон қилган каллакесарлигига оид видеолавҳасига қарамай, ушбу ҳодисага масъулиятни Афғонистонда фаол бўлган бирор бир қуролли гуруҳ расман ўз зиммасига олмай келаётганди.

Бу – Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг иши экани лидери Усмон Ғозийнинг апрел ойи охирларидаги баёнотидан маълум бўлган ва шундан икки ҳафта ўтиб, ўзаро келишув асосида йигирмага яқин ҳазоранинг қўйиб юборилганига оид хабар ўртага чиққанди.

Усмон Ғозий ўзининг сўнгги баёнотида жанубий Зобул вилоятидаги ҳарбий амалиётларга ҳам тўхталиб ўтган, унда “афғон ҳукумат кучлари жиддий талофат кўришгани, шаҳардаги касалхоналар уларнинг ярадорлари билан тўлиб кетгани, қолган аскарларини ҳам зўрға олиб кетишгани”ни иддао қилганди.

Ўнлаб шиа ҳазорасининг олиб қочилиши ва ойлаб тақдирларининг ноаён қолиши янги миллий бирдамлик ҳукумати бошқаруви остида Афғонистонда энг кўп акс-садо берган воқеалардан бирига айланган, ушбу масала, ҳатто, мамлакат парламентида кўтарилган, қатор норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлганди.

Мавжуд ҳолат эса, ўз навбатида, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фойдасига хизмат қилмай қолмаган, орадан 14 йил ўтиб, ҳаракатнинг номи Афғонистонда яна алоҳида кун тартибига чиққанди.

Афғонистондан олинган хабарларга кўра, ўнга яқин ҳазоранинг ўлдирилиши билан боғлиқ сўнгги воқеълик ҳам пойтахт Кобулда ўн минглаб кишилик йирик норозилик намойишига сабаб бўлган.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистонда Толибон тузумининг қулаши билан якун топган 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг яқин иттифоқчилари билан бирга қўшни Покистонга қочишга мажбур бўлган ва ўшандан буён асосан қувғинда фаолият юритиб келаётганди.

Ўтган йил сентябр ойида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасидан туриб, жорий пайтда дунёдаги энг қудратлиси ва жангариси саналувчи Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига расман байъат келтирган ва лидери Усмон Ғозийнинг апрел ойидаги сўнгги баёнотидан уларнинг тўлиғича Афғонистонга қайтганликлари англашилганди.

Сўнгги ойларда олинаётган хабарлардан эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг Афғонистон шимолидан тортиб, жанубига қадар фаоллашишга муваффақ бўлишаётгани айтилади.

Масъулларга кўра, бу жангариларнинг аёллари ҳам жанг олиб бориш санъатини пухта эгаллашган, бундан ташқари, улар турли портловчи моддалар ясаш, жосуслик маълумотлари йиғиш ва маҳаллий аҳолини урушга тарғиб этиш билан ҳам шуғулланишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Покистон Қуролли кучларининг Афғонистон билан бевосита чегарадош Шимолий Вазиристон минтақасида ўтган йил ёзидан буён олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари ортидан, ҳаракат аъзоларининг бугунги сони маълум эмас. Аммо афғонистонлик масъулларнинг сўнгги ойлардаги чиқишларидан улар жангариларининг сони юзлаб экани англашилади.

Яқинда аксарияти марказий осиёлик катта сондаги хорижий жангарилар Толибон сафларида Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита қўшни шимолий-шарқий Қундуз вилоятида илк бор кенг кўламли ҳужумларга қўл уришган, бундан ташқари, уларнинг толибларни янада йирик ва замонавий урушларга тайёрлашаётгани ҳам маълум бўлганди.

Афғонистонлик масъуллар эса, бу чет эллик жангариларни “Исломий Давлат” гуруҳига нисбат беришганди.

Хавотирлар

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаолияти билан боғлиқ воқеаларнинг Қундуз, Бадахшон ва Зобулдаги сўнгги ривожи нафақат Афғонистон ҳукумати, балки-да расмий Пентагоннинг хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмайди.

“Исломий Давлат” гуруҳи Яқин Шарқдаги исломий халифатини глобаллаштириб, аксарият Марказий Осиё давлатларига қўшни Эрон ва Афғонистонни ҳам ўз ичига олувчи қадим Хуросонни қайта тиклаш ниятида.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, дастлаб Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган.

Яқинда Натонинг Афғонистондаги Бош қўмондони ҳам илк бор Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистонда фаоллик билан ўзига янги жангарилар ёллаётганини ошкора ва расман эътироф этиб чиққанди.

Халқаро ҳарбий таҳлилчилар наздларида эса, биргина Қундузнинг мисоли Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Афғонистондаги унга алоқадор гуруҳларнинг қанчалик жиддий таҳдидга айланишлари мумкинлигини амалда кўрсатиб қўйган.

Унга кўра, мавжуд ҳолат камида АҚШ томонини бу яқин йиллар ичида Афғонистонни тарк этмаслик қарорини қатъийлаштиришига олиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ