"Исломий Давлат" "Кремл билан Қавқозни олиш"га қодирми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзини "Исломий Давлат", дея атовчи гуруҳ Интернет орқали видео мурожаат тарқатиб, Россия ҳудудида террорчи ҳужумларни амалга ошириш билан пўписа қилди.

"Исломий Давлат"нинг матбуот воситаси - Al Hayat Media Centerда жойлаштирилган баёнотда, шунингдек, Қавқоз ва Кремлни ўз назоратлари остига олиш ҳақида айтишган.

Сал аввалроқ гуруҳ Синай узра Россия учоғининг уриб туширилши ва Ливандаги қонли бомба ҳужумларини амалга оширганларини ҳам даъво қилганди.

Бу даъволарда не қадар асос бор? Ёки бу шунчаки тарғибот уринишими?

Би-би-си билан суҳбатда радикал гуруҳлар фаолиятини тадқиқ қилувчи лондонлик тадқиқотчи Жоанна Парашукнинг айтишича, охирги вақтларда ўзини "Исломий Давлат", дея тақдим этувчи гуруҳ жаҳоннинг турли нуқталарида бўлган турли гуруҳларнинг ўзига содиқлиги ваъдаларини қабул қилди.

Жоанна Парашук: Ана шу нуқтаи назардан ҳақиқатан ҳам "Исломий Давлат" жаҳон бўйлаб ўз фаолияти қамровини кенгайтирди десак бўлади. Хусусан, бу минтақалар Шимолий Қавқоз, Миср ва Яманни ўз ичига олади. Ана шу маънода уларнинг фаолияти Сурия ва Ироқдан ташқарига чиқди, дея оламиз. Агарда, Синай узра ҳужум "Исломий Давлат" иши эканлиги тасдиқланса, бу улкан ўзгариш бўлганлигини англатади. Яъни, улар Сурия ва Ироқда ҳудудий қамровларини кенгайтириш билангина чекланмай, фуқаровий нишонларга ҳужум қила бошлаганларини англатди. Ана шу нарса хавотирли.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Al Hayat Media Centre
Image caption "Кремл ва Қавқозни олиш" таҳдиди янграган видеобаёнотдан олинган сурат.

Би-би-си: Жаҳоннинг турли нуқталарида "Исломий Давлат"га байъат келтирган гуруҳларни тилга олдингиз, уларнинг айнан қаерда эканлиги ва сони борасида маълумотлар борми?

Жоанна Парашук: Улардан ҳозирча бир нечтаси бизга маълум. Шимолий Қавқозда аввал Қавқоз Амирлигига тегишли, дея ўзларини тақдим этиб келган жангарилар "Исломий Давлат"га байъат келтирганлар. Бундан ташқари, Синай, Ливан ва Яманда бу каби гуруҳлар бор. Демак, асосан Яқин Шарқ мамлакатларида бу каби гуруҳлар бор ва Шимолий Қавқозда ҳам. Лекин айтиш керак у ерда ҳозирча "Исломий Давлат"нинг қадами анчайин заиф.

Би-би-си: Синайдаги ҳужумни "Исломий Давлат" уюштиргани ҳақида даъво билан чиққанда, дастлаб кўплар бунга ишонмадилар. Ўзини тарғиб қилиш йўлида бундан фойдаланяпти деб ўйладилар. "Исломий Давлат" тарғибот йўлида ўзи қилмаган ишларни ҳам қилдик деб даъво қилиши тез-тез учрайдмими?

Жоанна Парашук: Бу жуда қизиқарли нуқта. Тан олиш керак Синай узра ҳужум ортидан "Исломий Давлат" анчайин катта эътиборни ўзига торта олди. Шунинг учун улар аслида бу ҳужумни қилганми-йўқлигидан қатъи назар улар ўз манфаатлари йўлида фойдалана олдилар. Демак, аслида ҳужум уларга тегишлими-йўқми одамлар бу ҳақда гапира бошладилар, баҳслар қизиди, тарғибот мақсадига эришилди.

Би-би-си: Лекин бу каби ташкилот қилмаган ишини қилдик деб чиқса ва кейинчалик бу тасдиқланмаса, одамлар ишонмай қўядилар, бу ҳолат кейинчалик уларнинг тарғибот мақсадларига қарши бўлиб чиқиши мумкин-ку.

Жоанна Парашук: Ҳа бу ҳам тўғри. Масалан, яқинда "Исломий Давлат" Доғистонда қатор Россия аскарлари ҳалок этилган ҳужумни амалга оширганлигини даъво қилганди. Лекин айтилган ҳодиса ерига мухбирлар бориб, маҳаллий одамлар билан гаплашган вақтлари бу каби ҳужум бўлмаганлигини аниқладилар. Демак, "Исломий Давлат" ёлғон айтган бўлиб чиқди. Лекин бунинг ёлғон эканлиги аниқланишидан аввал одамлар орасида "Исломий Давлат ҳужум қилибди" деган гап-сўзлар роса урчиди. Демак, "Исломий Давлат" ўз тарғибот жабҳасида муайян нуқталарни қўлга киритиб бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ISIS

Би-би-си: Кеча улар "Қавқозни қайтариб оламиз ва Кремлни қўлга киритамиз" деган баёнот тарқатишди, бу даъвони қандай изоҳлаган бўлардингиз?

Жоанна Парашук: Бу каби даъволарни "Исломий Давлат" бир мунча вақтдан бери қилиб келаётганди. Лекин қайтариб айтаман, уларнинг Шимолий Қавқоздаги "иттифоқчилари" жуда заиф. Россия уларга қарши амалиётларда анчайин қаттиқ қўл бўлган ва заифлаштиришга муваффақ бўлган. Россия Хавфсизлик Хизмати Кабардин-Балкарда, Налчик шаҳрида гуруҳ раҳбари дея айтилган шахсни ўлдиришга муваффақ бўлганди. Шунинг учун айтишимиз мумкинки, бу гуруҳнинг самарали ҳужумлар олиб бориш қобилиятига зарар етказилган ва уларнинг даъволарини шубҳа билан қабул қилиш керак. Лекин тарғибот интилишлари масаласига қайтсак, жаҳондаги кўплаб ахборот агентликлари кечаги баёнотни деярли ҳаммаси қайтарябди. Демак "Исломий Давлат" ўзи даъво қилаётган амални не қадар бажара олишидан қатъи назар, "буни қиламиз" деган даъвоси ҳамма ёққа тарқалиб бўлди ва тарғибот жабҳасида интилган мақсадига эришмоқда демак.

Би-би-си: Лекин "Исломий Давлат"нинг Россиядаги ёллаш амалиётлари анчайин кенг қамровли ва самарали, шундайми?

Жоанна Парашук: Ҳа, қайсидир маънода шундай. Лекин Россия расмийларининг охирги ойларда "улар 7 мингга яқин кишини ёлладилар", деган даъволарини ҳам мен шубҳа остига олган бўлардим. Менимча бу бўртирилган маълумот. Чунки бир неча ой аввал улар бу сонни икки минг деб тақдим қилишмоқда эди. Лекин ИД тарғибот ва ёллаш фаолиятини олиб бораётгани аниқ. Қатор таниқли даъватчиларни Сурияга чақириб олишга муваффақ бўлишган ва улар у ердан туриб ҳам ёллаш фаолияти билан шуғулланмоқдалар. Кўплаб Марказий осиёликлар ҳам айнан Россияда ёлланганлари ҳам ҳақиқатга анча яқин. Муҳожир бўлиб келиб, кеийнчалик ёлланганлар ҳақида қатор тасдиқланган ҳолатлар бор. Фикримча Марказий Осиёликлар минтақада эмас, кўпроқ Россияда ёлланмоқдалар, буниси ҳақиқатга яқин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio