Ўзбекистонлик талаба: “Ўзбекистон Жанубий Кореяга яқинми, Шимолийгами?”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ассалому алайкум, дўстим! Омонмисан?

Мана яна бир баҳона билан хат ёзишга бел боғладим.

Ўзи Янги йилга қадар танаффус қиламан деб ўйлагандим, чунки бу ерда анча ишлар кўпайиб қолган. Яна биласан, талабаман, аммо шукр, ҳафтасига бир–икки кун тирикчилик қилиб турибман… Хўп, пахтага чиқиб келдим деганингдан кейин ёзишга қарор қилдим.

Ўзбекистондаги талабаликни эсладим, пахтанинг ҳам гашти бор деб ўйладим, аммо шу заҳоти Оврўпода пахта ўсмаслигидан хурсанд бўлганимни ҳам сезиб қолдим. Нимага хурсанд бўлдим, биласанми? Кел, бир бошидан айтай…

Хурсанд бўлганимнинг энг биринчи сабаби, икки ойча дарс қолдирганим ва бу ерга келиб афсус қилганим билан боғлиқ. Ўртача тўрт йил ичида камида 4 ой умринг ватанингни эмас, балки тепада ўтирган бир ҳовуч гуруҳнинг чўнтагини қаппайтириш учун кетар экан! Бу орада билим олиш йўлида тўрт-беш ойлик йўқотишни қандай қилиб тўлдирамиз? Домлага мўмайгина узатиб, синову-имтиҳондан ўтамиз, шундай эмасми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Агар йилига икки ойдан жами саккиз ой қолдирилган дарсни тасаввур қилсанг, агар бу талабалик натижаси қўлимизга тегадиган бус-бутун диплом билан ўлчанса, мажозий бўлса ҳам саккиз ойлик билимсизлик бу дипломни илма-тешик қилиб ташламайдими?

Аммо бунга ким эътибор беради Ўзбекистонда? Айниқса, қариндошлар, танишлар ва дўстлар орқали ишга жойлашиладиган бўлса? Ҳеч ким. Диплом борми? Бор!

Бу гал бирор-бир яқинимиз оғриб қолса, ёки ўзимиз шифокорга борадиган бўлсак, кўз ўнггингда ана шу илма-тешик дипломни тасаввур қил! Бу шифокор ўз касбини ҳеч қурса институт даражасида билиши учун пахта теримига сарфланган яна бир йилни ўқиб чиқиши керак!

Ҳозир шу сатрларни ўқиб бир гуруҳ "шукроний"ларимиз менга ташланиб қолишади, шукр қил дейди, Сурияни мисол қилади, Афғонистонни, Ироқни пеш қилади, бу ношукрлик эмас!

Фақат ўйлаганим, бу мустақилликка ҳам 25 йил бўлаяпти, нима учун йил сайин, айниқса қишлоқларда вазият ёмон?

Газ ва электр деб тилимизга тук чиқди! Шунча йил давомида бу "келажаги порлоқ мамлакат"нинг раҳбарлари нима қилишди?

Кўприк қуришдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Ақалли қўшнилар тузукроқ қарамайдиган, аммо ўзимиздаги ойлик билан ҳисоб қилсангиз, сотиб олиш учун емай-ичмай ўн йиллаб ишлаш керак бўладиган машиналар чиқаришдими? Унда ҳам долларда йиғасан бу пулни, акс ҳолда бир кило суякдор гўшт беради бу пулга, машина эмас!

Майли, буни ҳам қўйиб турайлик, лекин миллионлаб тонна пахта, олтин қатори газ каби неъматлардан тушадиган фойда наҳотки, ҳеч қурса аҳолини қишда электр билан узилишсиз таъминлашга етмаса?!

Шўролар даврини қарғаб турадиган раҳбарларимиз ҳеч қурса, ўша 30 йил аввалги замоннинг энг жўн эҳтиёжларини ҳаётга татбиқ қилиб қўйсин, бир кўрайлик…

Яхшики, Россия кўчаларини супуриб бўлса ҳам ватанга пул жўнатаётган, шу билан яқинларининг қозонини қайнатиб турган "дангасалар"имиз бор экан, дўстим!

Пахтадан бошлагандим, сал "ўтлаб кетдим", шундай эмасми, майли, гап келди, отамни аямай турай…

Яқинда Интернетда Ўзбекистондаги иқтисодий яхшиланиш ва кейинги 20 йил ичида жуда катта ютуқларга эришиш ҳақида ёзишаётганини ўқиб қолдим.

Ия, бу энг кам иш ҳақини Оврўпода ҳатто бармоқ билан санарли уйсиз гадолар ҳам бир соатда топадиган пулга тенглаб қўйган бўлса… қанақа ютуқ ҳақида гапириш мумкин?!

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Икковимиз ҳам биладиган тўрт нафар тадбиркор дўстимиз бор, энди бир ўйла, дўстим, ҳалиги тўрт нафар дўстимизнинг "тепада" ишлайдиган, бошларида паноҳ бўладиган "том"лари бор, тўғрими? Мўмайгина тўлаб туришади уларга ва ишлари ҳам бинойидек… Қишлоқда қолган синфдошимнинг эса ҳеч кими йўқ эди, шунинг учун ҳам тайёр дўкони ва чоғроққина ошхонасини сотишга мажбур бўлди.

Арзон-гаровга сотиб, Россияга кетворди… Нимага сотганини ҳам ўзинг яхши биласан, ёдингдами? Мўмайгина узатмади "тепа"дагиларга, бир келишди, икки келишди ва учинчи келишларида эса дўконни ҳам, ишлаб турган ошхонани ҳам сув текинга сотиб олишди… Кимга айтади додини? Милициягами? Прокуроргами?

Ҳа, айтганча, шу сатрларни ўқиб турганларга, шу бир шаҳарларни айланиб, ўзингиз яшаб турган жойдан то марказга довур прокурорми, раисми, вазирликдагими, ҳокимликдаги "хўжалар"ми, ишқилиб ўша "тепа"дагиларнинг яшаб турган ҳовлилари, миниб турган машиналари ва қилаётган тўйу-томошасига қаранг!

Кейин, ўтириб давлатнинг энг катта ойлиги билан ҳисоблаб чиқинг, қурса бўладими шунақа иморат? Қилса бўладими бундай тўйларни? Минса бўладими қиммат машиналар?! Энди нима қиламиз, дўстим, яна шукр қиламизми?

Қизиқ бир замонлар экан, дўстим, пулини тўлайман десанг ҳам на газ, на электр бор!

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Газни ҳам, электрни ҳам сотадиган мамлакатда одамлар таппи ёқади!

Яқинда бу ердаги сиёсатга қизиқадиган, асли кореялик бир дўстим билан суҳбатлашиб қолдим.

Жанубий Корея билан Ўзбекистон апоқ-чапоқ эмасми, шунга айтдим, фикрларини билай дедим. Ишонасанми, унга нима учун ўзимизда чиқадиган машинанинг нархи оддий халқ учун осмонда экани, қўшни давлатда эса арзон сотилиши, бунинг устига нима учун машина сотиб олиш навбатда туриш, "шапкаси"ни бериш кераклигини умуман тушунтириб беролмадим. Шунча муаммо бўлса, матбуот ёзмайдими, уюшмалар йўқми дейди, ҳукумат нима қилади дейди?

Бунга ҳам жавобларни олиб, биласанми нима деб жавоб қилди?

"Бизнинг қўшнимизга ўхшаркансизлар", дейди Шимолий Кореяни назарда тутиб!

Ана бир пахта теримига чиққанинг қанча гап-сўзларни урчитиб юборди, дўстим!

Майли, келаси мавзугача хайр, омон бўл!

Ўзбекистонлик талаба

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ