'Каттанинг боласига тил теккизманг'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Кўпчиликка кўра, Гулнора Каримова халқнинг дуосини олган.

Давлат раҳбарларининг фарзандлари нима қилаётгани билан қизиқасизми, деган саволимизга кўпчилик "йўқ" деган мазмунда жавоб йўллаган.

Аксар ўзбек ўқувчиларига кўра, раҳбарларнинг фарзандлари халқ олдида ҳисоб бериши шарт эмас.

"Подшоҳ Оллоҳнинг сояси, шунинг учун уларни муҳокама қилиш ноўрин" - биринчилардан бўлиб фикр қолдирган Озод Ўринов исмли тингловчимиз.

"30 миллион аҳолининг тинчлиги ва тўқлигини эплаган инсоннинг фарзандлари хоҳлаганича яшашга ҳақли".

Кўпчилик ўқувчилар мазкур фикрларни маъқуллашган.

Исмаил Ҳабиб уни жуда ақлли фикр, деб изоҳласа, Мирзаахмедов Мх айни сўзларга 1000та "ёқди" деган тугмача ҳам камлик қилишини эслатади.

Лекин Нурали Сатимов исмли ўқувчи, аксинча, мазкур изоҳларни пахта қўйиш, деб атайди.

"Оддий бўлишсин..."

Қатор тингловчиларнинг ёзишича, давлат раҳбарлари ва арбоблари ёки жамиятда муайян мавқега эга шахсларнинг шахсий ҳаёти ҳамда фарзандлари кимлиги, нима билан шуғулланишлари жамоатчиликни ҳар доим қизиқтиради.

Дейлик, Фарҳод Абдураҳмоновнинг ёзишича, давлат раҳбарларининг фарзандлари бошқа инсонларга ўзларининг оддийликлари, билимдонлик, ҳалоллик ва бошқа фазилатлари билан ўрнак бўла олсалар, бундан жамиятга анча фойда келарди.

"Агарки, давлат раҳбарларининг фарзандлари ўз ота-оналари мавқеъларини суистеъмол қилиб, давлатда ўрнатилган қонун-қоидаларни оёқ ости қилган ҳолда, давлат маблағларини ғайриқонуний ўзлаштириб бойиб кетсалар, жиноий ишларга қўл урсалар, бундай шароитда уларнинг ҳатти-ҳаракатлари одил судлов йўли билан муҳокама этилиши ҳамда жазоланиши шарт" - деб ёзади Фарҳод Абдураҳмонов.

Аксар ўқувчилар президент туфайли мамлакат ва халқ тинч яшаётганини таъкидлашган ва давлат раҳбарини дуо қилганлар. Худди шу нуқтаи назардан Ўзбекистон раҳбарлари ҳамда уларнинг оила-аъзолари нима ишлар билан шуғулланаётганларини муҳокама этишни ножоиз ҳаракат сифатида баҳолашган.

Ҳикмат Зиядуллаев исмли ўқувчимизга мувофиқ, асосийси, давлат раҳбарларининг болалари ўз ҳатти ҳаракатлари билан ота-оналари юзини ерга қаратмасликлари керак.

"Яхшиям Каримов қаттиққўл"

Анвар Зафарыч исмли Фейсбук фойдаланувчисининг ўйлашича, агар Президент Каримов шунақа қаттиққўл бўлмаганида, Ўзбекистон ҳам Афғонистондан фарқи қолмасди.

"Юртни тинч ушлаб турибдими, бўлди, оиласининг қанча пули борлиги билан кимнинг нима иши бор?" - савол қўяди Анвар Зафарыч - "Мен президентим қашшоқ бўлишини истамасдим".

Улуг Бек тахаллуси билан фикр қолдирган ўқувчимиз Ислом Каримовни малакали иқтисодчи ва сиёсатчи дея атаб, Ўзбекистон президентига ишонишини таъкидлайди.

"Болаларига келсак, улар ҳам қанча халқнинг дуосини олишди, масалан, Гулнора Каримова имконияти чекланганларга хатна тўйлар, никоҳ тўйлар қилиб берганидан бутун Ўзбекистон хабардор" - фикрини давом эттиради ўқувчимиз.

"Гулнора Каримова кўпгина хайрли ишлар қилди, халқ уни севади!!!" - хитоб қилади Одноклассники ижтимоий тармоғида фикр қолдирган Гуля Бахтияровна.

"Динимизда силаи раҳм, деган нарса бор" - ёзади Наима Пулатова исмли ўқувчи - "Биринчи навбатда инсон ўз фарзандларига ва яқинларига яхшилик қилиши керак".

"Президентимиз миллиардлаб пулни ҳамманинг чўнтагига солиб қўя олмайди" - дейди ўз изоҳида Наима Пулатова.

"Агар мен раҳбар бўлсам, мен ҳам ҳамма қариндош-авлодимгача миллионлаб доллар ёрдам берардим. Бу ишни дунёдаги барча инсон қилади" - эътироз билдирган Myslima Charipova номли фойдаланувчи.

Унга кўра, шунинг учун ҳам ким қандай яшайди ёки қанча пули борлигини муҳокама қилиш керак эмас.

Давлат раҳбарлари болалари нима ишлар билан машғулликлари сизни қизиқтирадими, деган савол уларнинг маблағу бойликлари ҳақидаги баҳсга айланиб кетган.

"Қаддини урсин!" - деб ёзган Фейсбукда Nuriddin Tursunov Allanazarovic исмли ўқувчи.

Одноклассники тармоғида олтита "м" ҳарфини ўзига лақаб қилиб олган ўқувчимизга кўра, президент фарзандлари ўзлари ҳақидаги маълумотни сир сақлашга ҳақли ва ҳеч ким уларнинг ҳаётига суқилишга ҳаққи йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ