Ҳибсда қолаётган фаол ҳимоячиси билан кўришган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўктам Пардаев ўзига чиқиш визаси берилмаётгани учун мутасадди органлар устидан маҳкамага арз қилган эди

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабарига кўра, Жиззахда ҳибсда сақланаётган ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев ҳимоячи билан кўришган.

Гуруҳ раҳбари Сурат Икромовнинг билдиришича, Ўктам Пардаев ҳимояси учун бириктирилган Дилмурод Аҳмедов терговчи билан ҳам учрашган.

"Адвокат унинг олдига кириб чиққан ва терговчи билан ҳам гаплашган. Демак, иш 9 кишининг аризаси асосида очилган. Аммо, аён бўлишича, улар Ўктамнинг хотинига пул берганларини айтишган... Ҳозир аҳвол шу, Ўктам Пардаевга Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми (Фирибгарлик), 211-моддаси 2-қисми (Пора олди-бердисида воситачилик қилиш) бўйича айблов эълон қилинган".

Ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев жорий йилнинг 15 ноябрида Жиззах вилояти Дўстлик тумани милиция хизматчилари томонидан олиб кетилганди.

Фаол ҳибсга олинган куни унинг уйида тинтув ҳам ўтказилгани ва компютер процессори, ноутбук, фотоаппарат, флешка ва дисклар олиб кетилгани хабар қилинди.

Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олинишини ҳуқуқбонлик фаолияти билан боғлайди ва ҳеч қандай фактларга асосланмаганини айтади.

Укаси Шароф Пардаев ҳам Би-би-си билан суҳбатида акаси ҳуқуқбонлиги учун ҳокимиятдагилар "қаҳрига" учраганини айтганди.

Ўктам Пардаев 2012 йилда ҳам ҳибсга олинган ва 15 суткадан кейин қўйиб юборилганди.

Сўнгги бир йилдан бери у ўзига "чиқиш визаси" берилмаётгани учун мутасадди органлар устидан маҳкамага арз қилган эди.

Ўктам Пардаев Ўзбекистондаги фаолият юритишига тўсқинлик кўрсатиладиган кам сонли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан биридир.

У бошқа маҳаллий фаоллар қатори бу йилги пахта йиғим-терими мавсуми жараёнида Жиззах вилоятида мажбурий меҳнат ҳолатларини мониторинг қилишга ҳаракат қилган.

Ўзбекистон расмийлари мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида баёнот беришлари, бу йил мажбурий меҳнат ҳолатлари юзасидан касаба уюшмаларини хабардор қилиш ҳақидаги чақириқларига қарамасдан, кўп сондаги инсонлар ўз ихтиёрларига қарши пахта теришга мажбур қилинганлар.

Бу ҳақда маълумот тўплашга ҳаракат қилган инсон ҳақлари фаоллари турли шаклдаги босимларга дуч келганлар.

Маҳаллий фаоллар тарқатган хабарларга кўра, жиззахлик мансабдорлар Ўктам Пардаевга ҳам мониторинг ўтказишига тўсқинлик қилганлар, "у билан пахта тугаганидан кейин гаплашиш"лари ҳақида таҳдид қилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ