Мали: Гаровдагилар озод қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Гаровдагиларни қутқариш ҳамон давом этмоқда.

Мали махсус кучлари пойтахт Бамакодаги Radisson Blu меҳмонхонасида исломий жангарилар гаровга олган тутқунларни озод қилиш учун бинога бостириб киришган.

АҚШ эгалик қиладиган меҳмонхонага эрталаб ҳужум қилган жангарилар "Оллоҳу Акбар!" калимасини қичқириб, 170 нафар меҳмон ва меҳмонхона ходимини гаровга олишганди.

Ҳозиргача махсус кучлар 30 нафар тутқунни озод қилишган. Ичкарида яна 138 киши қолаётгани айтилади.

Дипломатик рақам осилган машинада келган 10 нафар атрофидаги жангари, қаршилик қилганларга қарши ўт очишгани айтилади.

Аммо тутқунлар ичидан Қуръон оятларини ёддан билган икки кишини қўйиб юборишганди.

Ҳозиргача 3 киши отиб ўлдирилган ва икки аскар яраланган.

Қутқарув амалиётида АҚШ кучлари иштирок этишаётир.

Тутқунлар кимлар?

Аксар хорижийлар қоладиган меҳмонхонада гаровга олинганлар ҳам турли мамлакатлардан.

Франция ҳаво йўлларида ишловчи 12 кишининг барчаси эсон-омон қутқарилган.

Туркия ҳаво йўлларининг 5 нафар ходими олиб чиқилган, аммо икки нафар турк ичкарида қолмоқда.

Ҳиндистонлик 20 киши меҳмонхонанинг жангарилар етиб бормаган қисмида туришибди.

Хитойнинг 10 нафар фуқароси зарарсиз ташқарига олиб чиқилган.

Мали кучларига ёрдам бераётган БМТ тинчликпарвар қўшинлари ҳозир қаватма-қават кезиб, одамларни қутқаришмоқда.

Гаровгирлар қочиб кетмасликлари учун Radisson Blu биносидан чиқадиган барча эшиклар бекитилган.

Жангарилар кимлар?

Франциянинг собиқ мустамлакаси бўлган Мали шимолида мусулмонлар зич яшашади.

Маҳаллий аҳоли сўфий мусулмонлари бўлишса-да, аммо сўнгги йиллари "Ал-Қоида" тизимига алоқадор жангари гуруҳлар ҳужумлари кучайган.

Ўтган август ойида Малининг Севаре шаҳридаги ҳужумда исломий жангарилар БМТ ходимлари дохил 13 кишини ўлдиришганди.

Бундан тўрт йил бурун Исломий гуруҳлар Тимбукту, Кидал ва Гао каби шаҳарларни Туварег исёнкорлари қўлидан тортиб олишади ва у ердаги сўфий қадамжоларини бузиб, қадимий қўлёзмаларни йўқотишди.

Шу асно Мали шимолида шариат ўрнатилганди.

Кейин энг йирик шаҳар - Бамакони ҳам қўлга олиш ниятларини айтишгач, Малининг собиқ мустамлакачиси бўлган Франция айни гуруҳларга қарши курашга аралашди.

Шимолий Малини Франция Исломий кучлар қўлидан тортиб олгач, назоратни БМТ ва Мали ҳукумати кучларига топширганди.

Бироқ "Ал-Қоида"га алоқаси бор, деб ишониладиган Мали жангарилари ҳамон ўз фаолиятларини тўхтатишмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ