Наманган вилоят ҳокими ишдан четлатилди

Президент Ислом Каримов Баҳодир Юсуповни 7 йиллик фаолияти давомида йўл қўйган хатолари учун танқид қилган.

Пайшанба куни халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида нутқ сўзлаган жаноб Каримов кўпгина йўналишлар бўйича вилоят орқада қолиб кетаётганидан таассуф изҳор қилган.

Президентнинг айтишича, ҳозирда Наманганда маҳаллий харажатларнинг 41 фоизи мамлакат бюджетидан қопланмоқда.

Каримов шунингдек, ҳукуматнинг Наманган вилоятига эътибори сусайиб қолганини ҳам танқид қилган.

"Мен сентябрь ойида Уйчи, Мингбулоқ, Тўрақўрғон туманларида бўлиб, вилоят раҳбарияти томонидан кўпгина соҳаларда оқсоқликка йўл қўйилганига, айни вақтда мамлакатимиз ҳукуматининг ҳам Наманганга эътибори бирмунча сусайиб қолганига ишонч ҳосил қилдим", дея Каримовдан иқтибос келтиради UzA ахборот агентлиги.

У вилоятда саноат ишлаб чиқариш ҳажми кескин камайиб кетгани, ташаббус ва амалий ҳаракатлар етишмаётганига эътибор қаратган.

Президент собиқ ҳокимни "ўзибўларчилик, бепарволик, лоқайдлик ва сусткашлик" да айблаган.

Вазифасидан озод этилган ҳокимнинг кейинги тақдири маълум эмас.

Жаноб Каримов Наманган вилоятининг янги ҳокими этиб, 39 ёшли Хайрулло Бозоровни тайинлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи nmn
Image caption Президентнинг ташрифи арафасида Наманганда мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилган

Бозоров бунга қадар Мингбулоқ туман ҳокими ва вилоят ҳокимининг ўринбосари лавозимларида ишлагани айтилади.

Президент ҳукумат Наманган вилояти ва умуман Фарғона водийсидаги электр энергияси тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш йўлида иш олиб бораётганини таъкидлаган.

Унга кўра, Тўрақўрғонда барпо этилаётган иссиқлик электр станцияси ва иккита буғ-газ турбинаси тўла қувват билан ишлай бошлагач водий аҳолисининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириши кутилмоқда.

Зўравон ҳокимлар

Президентнинг сафари арафасида Наманган шаҳри ва бутун вилоят бўйлаб мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилган.

Намангандаги манбаъларнинг Би-би-сига айтишича, пайшанба куни Наманган шаҳридаги олий ўқув юртларида дарслар бекор қилинган, бозорлар ёпиб қўйилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қарор топган тажрибага мувофиқ, ҳокимларни ўзгартириш учун вилоятларга кўпинча Бош вазир Шавкат Мирзиёев сафар қилади.

Наманган вилоятининг собиқ ҳокими Юсупов ҳам 7 йил аввал Мирзиёев иштирок этган вилоят кенгаши сессиясида тасдиқланган ва Бош вазирга яқин шахс сифатида кўрилган.

Маҳаллий фермерлар Юсуповнинг ўзларига нисбатан қўпол муомаласидан шикоят қилишган.

Собиқ ҳокимнинг ўринбосарларидан бири 2013 йил июлида Косонсой туманидаги фермерни дўппослаши ортидан вазифасидан четлатилганди.

"Зафар Муҳаммаджон чорваси" фермерлик хўжалиги раҳбари Муҳаммаджон Раҳимов ҳоким ўринбосари Ўктам Эргашевнинг зўравонлигидан прокуратурага шикоят қилган.

Тизимга оид муаммолар

Таҳлилчиларга кўра, Президент Ислом Каримов Намангандаги чиқишида тилга олган муаммолар биргина вилоят эмас, балки тизимга оид муаммолардир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги, аҳоли даромадларининг кескин тушиб кетиши ва ишсизлик даражасининг ортиши кузатилмоқда.

Мутахассисларга кўра, бунга ҳукуматнинг айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотларни амалга оширмаётгани сабаб қилиб кўрсатилади.

Ҳозирда Россиядаги иқтисодий инқироз сабаб кўплаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг қайтиши кузатилмоқда.

Ҳукумат Россиядан қайтаётганлар учун махсус иш ўринлари яратилаётганини айтган, аммо маошларнинг пастлиги боис бу иш ўринларига даъвогарлик қилаётганлар кўп эмас.

Таҳлилчиларга кўра, Россиядаги иш жойлари охирги ўн йилда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидаги ижтимоий тангликни бир қадар аритиб келаётган эди.

Британияда чоп этиладиган The Economist нашрининг ёзишича, айрим давлатларда Россиядаги муҳожирларнинг чорак қисми уйларига қайтиши кутилмоқда.

"Юз минглаб ишсиз ёшларнинг оқиб келиши Марказий Осиёнинг заиф давлатларини қўрқувга солиш керак", - деб ёзган The Economist.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio