Ўзбекистонда мисли кўрилмаган текширувлар ўтказилмоқда

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари қатори давлат ташкилотларининг бир неча соҳаси, жумладан, таълим соҳасида ишлаётганлар аҳолини текшириш ишларига жалб қилинмоқда.

Мамлакатдаги айрим интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда текширувлар уйма-уй кечаётгани ҳақида хабар тарқатишган.

Бу текширувларга ўқитувчилар ҳам жалб қилинаётгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди.

Исми ошкор этилишини истамаган ўзбекистонлик ўқитувчига кўра, улар маҳалладаги уйларга боришиб, тушунтириш ишлари билан бирга ҳар бир оиланинг аъзолари қаердалиги бўйича суриштириш олиб боришмоқда.

"Тепадан буйруқ келган", дейишди. Мелисадагиларга ёрдам қилаяпмиз, ҳар хил оқимларга қўшилиб кетганларни аниқлашга ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Тинчликни таъминлаш ҳаммамизнинг ишимиз", дейди у.

Ўзбекистон интернет нашрларида ҳуқуқ-тартибот кучлари юқори тайёргарлик ҳолатида ишлаётгани хабар қилинган.

Кун.уз нашрининг бошқа бир нашрга иқтибосан ёзишича, мақсад аҳоли орасида экстремистик кайфиятдаги шахсларни аниқлашдир.

Барча вилоятларда террорга қарши турфа ўқув амалиётлари ўтказилаётгани хабар қилинган.

Биргина ноябр ойида инсон ҳуқуқлари вакилларига кўра, юзлаб инсонлар ҳибсга олинган.

Тошкентлик ҳуқуқбон Сурат Икромов ҳибсга олинганларнинг аксарияти Россия, Туркия, АҚШ ва Оврўпода ишлаб келган меҳнат муҳожирлари эканини айтган эди.

Image caption Сурат Икромовга кўра, ҳибсга олинганларнинг аксарияти Россия, Туркия, АҚШ ва Оврўпода ишлаб келган меҳнат муҳожирларидир

"Жами 200 нафар атрофидаги кишининг ҳибсга олингани маълум бўлса, шуларнинг 70-80 нафари Зангиота туманидан. Қолганлари Тошкент шаҳри, Хоразм, Фарғона, Наманган ва Қашқадарё вилоятларидан эканлигини аниқладик", деб айтганди тошкентлик ҳуқуқбон.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда "Исломий давлат" деб аталмиш жангари гуруҳнинг таъсири ёйилишидан жиддий хавотирга тушган.

Минтақа ва Ўзбекистондаги оғир иқтисодий вазият билан бирга, мутахасисларга кўра, коррупциянинг чуқур илдиз отгани, Россиядаги меҳнат муҳожирларининг даромади кескин камайиб кетгани Тошкент расмийларини саросимага солган.

Турфа экстремистик гуруҳлар айнан ҳозирги абгор вазиятда қолган аҳоли орасидан асосан ёшлар ўз сафларига ёллаётгани ҳақида хабарлар бор.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, расмий Тошкентнинг саросимада қама-қамаларни авж олдиргани, авваллари бўлгани каби кўплаб бегуноҳ ўзбекистонликларнинг қамоққа ташланишига замин яратади.

Бу эса, аҳоли орасида норозиликларни яна ҳам кучайтириши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio