Муҳаммад Солиҳга қарши 'суиқасд уриниши'

Image caption Муҳаммад Солиҳ 1993 йилда Ўзбекистонни тарк этган

Туркия полицияси муҳожиротдаги ўзбек мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳ ва ўғлига қарши суиқасд уринишида гумон қилинаётган бир шахсни ҳибсга олган.

Бу ҳақда Туркия матбуоти хабар бермоқда.

Yenisafak нашрининг ёзишича, Истанбул полициясининг Терроризмга қарши кураш бўлими чоршанба куни Муҳаммад Солиҳнинг ўғли Темур Солиҳ яшайдиган вилла яқинида шубҳали бир автоуловни таъқиб этган.

Ижарага олинган автоуловдаги шахс қочишга уринган пайт полиция уни ҳибсга олган.

Дастлабки суриштирувлар натижасида унинг Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган.

Хабарда айтилишича, полиция айни амалиёт доирасида Истанбулнинг Пендик мавзеъсидаги бир уйга рейд уюштирган.

Рейд чоғида ўзбек фуқароси билан алоқаси бўлган доғистонлик бир шахс дохил яна 5 киши ҳибсга олингани айтилади.

Гумондорлардан 4 нафари кейинроқ қўйиб юборилган, прокурор Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олишга санкция бергани хабар қилинади.

"Муҳаммад Солиҳ ва ўғлига нисбатан суиқасд уриниши"да гумон қилинаётган шахснинг маҳкамага тортилиши кутилмоқда.

Қотилликлар рўйхати

Истанбул полицияси Би-би-сига аксилтеррор амалиёти ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Муҳаммад Солиҳнинг Би-би-сига айтишича, унинг ўзи суиқасд уриниши ҳақида турк матбуоти орқали хабар топган.

У полиция ўзи билан мулоқот қилмагани, аммо ҳибсга олишлар юзасидан унинг уйи атрофида жойлаштирилган хавфсизлик ходимларига боғланганини билдирди.

Ўзбек мухолифат раҳбарига суиқасд уриниши ҳақидаги хабар Швецияда таниқли имом Обидхон қори Назаровга суиқасд юзасидан маҳкама ҳукми кутилаётган пайтга тўғри келган.

Швед прокурори қотиллик уриниши ортида ўзбек махсус хизматлари турганини айтган.

Туркияда Муҳаммад Солиҳга суиқасд уриниши билан боғлиқ илк маълумотлар ўтган йил декабрида Истанбулда ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорийнинг ўлдирилиб кетиши билан боғлиқ тергов жараёнида матбуотга сизган эди.

Туркия рўзномалари ўзбек мухолифати раҳбари ва ўғлининг исм-шарифи Бухорийни ўлдиришда гумон қилиниб, ҳибсга олинган шахсларнинг ёнидаги рўйхатдан топилгани ҳақида ёзган.

"Эрк" демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари бўлган Муҳаммад Солиҳ 1993 йилдан буён муҳожиротда яшайди.

У 1991 йил декабридаги илк президентлик сайловларида Ислом Каримовнинг рақиби бўлган эди.

Ўзбекистон маҳкамаси Муҳаммад Солиҳни террорчиликда айблаб, сиртдан 16 ярим йилга маҳкум этган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Муҳаммад Солиҳга қарши айбларнинг сиёсий эканини айтишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio