'Муҳаммад Бекжонни озод қилинг'

Image caption Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналистдир

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилоти қамоқдаги журналист Муҳаммад Бекжонни озод этишга қаратилган глобал кампанияни бошлаган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича дунёдаги энг йирик деб таърифланган кампания чоғида Муҳаммад Бекжон билан бирга дунё бўйлаб қамоқдаги яна 11 нафар фаолнинг озод этилиши талаб этилади.

Amnesty International энг узоқ вақт қамоқда қолаётган журналист Муҳаммад Бекжонни 4 декабрдан 17 декабрга қадар давом этадиган кампаниянинг бошига қўйган.

Кампания давомида Халқаро Амнистиянинг юз минглаб тарафдор ва фаоллари Президент Ислом Каримов номига Муҳаммад Бекжонни озод этиш талаби билан хат, электрон мактуб ва факслар юборишади, шунингдек, Твиттердаги саҳифаларида чақириқлар қолдирадилар.

Ташкилотнинг айтишича, ўтган йили дунёнинг 200 давлати ва ҳудудларида яшовчи юз минглаб одамлар қамоқдаги 12 нафар фаолни дастаклаб 3 миллиондан ортиқ мактуб ва матнлар йўллашган.

Хусусан, саудиялик блоггер Рауф Бадавийнинг ҳимоясига 1 миллиондан ортиқ мактуб ва СМСлар йўлланган.

Amnesty International Бош котиби Салил Шеттининг айтишича, юз минглаб одамлар мужда йўллашган пайт "таъсир улкан бўлади".

Бу Халқаро Амнистиянинг Муҳаммад Бекжонни озод этишга қаратилган биринчи чақириғи эмас.

Ўзбекистон ҳукумати бу борадаги халқаро чақириқларни жавобсиз қолдириб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи amnesty.org
Image caption "Умид билан яшаш жуда оғир..."

61 ёшли Муҳаммад Бекжон мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва "Эрк" рўзномасининг собиқ бош муҳарриридир.

У 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилган ва портлашларга алоқадорликда айбдор, деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Муҳаммад Бекжон 2012 йил февралида озодликка чиқарилиши керак эди, аммо муддати тугашига бир ой қолганида қамоқхона маъмуриятига бўйсунмаслик айби билан яна 4 йилу 8 ойга маҳкум этилган.

Шафқатсиз қийноқлар

Халқаро Амнистия Президент Каримовни Муҳаммад Бекжонни дарҳол ва шартсиз озодликка чиқариш билан бирга, унга нисбатан қийноқ қўллангани ҳақидаги иддаолар юзасидан холис ва самарали текширув ўтказишга чақирмоқда.

1999 йил августида Тошкентда ўтган маҳкамада Муҳаммад Бекжон айбларга иқрор бўлиш учун қийноққа солинганини айтган.

"Мен бир неча кун давомида қонга ботган алфозда ётдим, сувсиз ва овқатсиз. Ҳаётимдаги барча яхши нарсалар-болаларим, аёлимни эслашга тиришардим. Руҳан ўзимни ўлимга тайёрлардим", дея Муҳаммад Бекжоннинг сўзларидан иқтибос келтиради Халқаро Амнистия.

Ташкилотнинг айтишича, махсус хизматлар Муҳаммад Бекжонни "давлатга қарши" жиноятларга иқрор бўлиши учун резина таёқлар билан дўппослаган, бўғган ва электрик шок қўллаган.

"Гарчи Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши Конвенциясини имзолаган эса-да, ўзбек маҳкамалари тасаввур қилиб бўлмайдиган даражадаги шафқатсиз қийноқлар натижасида олинган "иқрорлик" кўрсатмаларига таянади. Маҳкамада ҳакам Муҳаммад Бекжоннинг қийноққа солингани ҳақидаги кўрсатмасини рад этган", дейилади Халқаро Амнистия баёнотида.

'Умид сўнган'

Ўтган йили Муҳаммад Бекжонни қамоқда кўрган аёли уни таний олмаганини айтган.

"Уни таниб бўлмас эди. Кўзларида умид бутунлай сўнган. Ҳаёт-мамот учун курашаяпти", - деб айтган Нина Бекжонова.

АҚШда яшаётган қизи Ойгулнинг Би-би-сига айтишича, ҳозирда отасининг соғлиги жуда оғир.

"Отам 61 ёшга тўлди. Соғлиги ёмон, тишлари йўқ, қулоғи эшитмайди... Ҳаммаси ўтган 16 йилдаги қийноқлар туфайли", -дейди Ойгул Бекжон.

Унинг айтишича, АҚШ фуқароси бўлган қизлари отасини кўриш учун виза сўраб, бир неча марта ўзбек расмийларига мурожаат этишган, аммо уларга виза берилмаган.

"Биз дадамнинг туғилган кунида албатта йиғиламиз, ҳамма жойда унинг расмлари... Умид билан яшаш жуда оғир", - дейди Ойгул.

Халқаро Амнистия ўз кампанияси доирасида Муҳаммад Бекжонинг АҚШдаги оиласи ҳақида махсус видеолавҳа тайёрлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio