Ўзбекистон: иқтисодий ўсиш секинлашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Аввалроқ Президент Каримов 2016 йилда ҳам ўсиш 8 фоиздан кам бўлмаслигини айтган эди

2016 йил учун давлат бюджетида ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 7.8 фоизга ўсиши кўзда тутилган.

Бу мамлакатда иқтисодий ўсиш суръатининг ўтган йилгидан 0.3 фоизга пасайишини англатади.

Пайшанба куни сенаторлар давлат бюджети, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгаришларни маъқуллашган.

Унга мувофиқ, 2016 йилда мамлакатда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8.2, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 6.1 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Охирги рақамлар Ўзбекистон иқтисодининг сўнгги бир неча йил мобайнида илк бор 8 фоиздан кам ўсиши кутилаётганини англатади.

Аввалроқ Президент Каримов 2016 йилда ҳам 8 фоиздан кам бўлмаган ўсиш суръатининг сақланиб қолишини башорат қилган эди.

Сўмнинг қадрсизланиши

Иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиши ҳақидаги башорат ўзбек сўми қийматининг кескин тушиб кетиши манзарасида янграмоқда.

Ўзбек сўми жорий йил бошидан буён 11 фоиздан кўпроққа қадрсизланган.

Таҳлилчиларга кўра, Россиядаги инқироз ва жаҳон бозорида хомашё нархларининг тушиб кетиши манзарасида Ўзбекистон иқтисодиётида тизимга оид муаммолар бўй кўрсатмоқда.

Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банкига кўра, Россия рублининг заифлашиши ва иқтисодий рецессиянинг давом этаётгани Марказий Осиё миллий валюталари, жумладан, ўзбек сўмига ҳам босимни кучайтирган.

Банк ўтган ой чиқарган ҳисоботида Ўзбекистонда 2016 йилдаги иқтисодий ўсиш суръати 7.5% фоизни ташкил этишини башоарт қилган.

Таҳлилчилар охирги 10 йилда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари уйларига юборган пул-маблағлар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолганини айтишади.

Ўзбекистон собиқ совет ҳудудида миллий валютанинг қора бозори амал қилаётган ягона давлатдир.

Аввалроқ Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банки ўзбек сўмининг эркин конвертация қилинмаслигини хорижий сармоялар йўлидаги асосий тўсиқ, деб атаганди.

Ўтган ўй Тошкентдаги инвестициявий форумда чиқиш қилган Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов хорижий сармоядорларни ўйлантираётган конвертация муаммосини тилга олмаган.

Жаҳон Банки Ўзбекистон ҳукуматини эркин конвертация томон қадамлар қўйишга чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio